Сергей Игнашевичнинг айтишича, ўйин охирига келиб, жамоа аъзолари анча куч йўқотишган. Ўз навбатида, «армиячилар» ҳимоячиси бир жиҳатни яшириб ўтирмади: у ва ЦСКАнинг бошқа ўйинчиларига Леонид Слуцкий бошчилигида ўйнаш анча қулайлик яратган.
- Сиз ҳимояда ажойиб ўйин намойиш этдингиз. Натижада шведлар ўзларининг дастлабки ҳужумларини 60-дақиқага келибгина уюштиришди.
- Ҳа, афсуски, ўйиннинг учдан икки қисми ўтгач, рақиб ҳужумдаги фаолликни оширди. Биз ўйин тизгинини ушлаб туриш имконини йўқотдик. Айниқса, баҳсни хотиржам тарзда якунлашимиз учун сўнгги паллаларда тўпни ўзимизда кўпроқ ушлаб туришимиз талаб этиларди.
- Аммо учрашув охирида сизларда чарчоқ сезилди...
- Буни пайқаш қийин эмасди. Ташаббусни қўлга олиш қийин кечди.
- Ҳойнаҳой, узоқ йиллар ЦСКАни бошқарган Слуцкий қўл остида ўйнаш қулайлик туғдиргандир?
- «Армиячилар» унинг қандай талаблар қўйишидан яхши хабардор. Шундай экан, Швецияга қарши ўйин биз учун нисбатан осонроқ ўтди. Бошқа жамоадошларимизга ҳимояланиш ва ҳужумга ўтиш борасида маслаҳатлар бердик. Нимадир ўхшади, айрим жиҳатлар ўйлаган натижани бермади. Асосийси - ғалаба қозондик.
- Ўйиндан аввал терма жамоа сафидаги 100-ўйинингиз учун УЕФА сизни махсус мукофот билан тақдирлади.
- Шундай натижа қайд этганимдан беҳад хурсандман, кўнглимни фахр туйғуси қамраб олди. Жамоадошларим ва шведларнинг ҳам бу каби ютуқларга эришишларига тилакдошман.