Кириш Регистрация

Луис Гарсия: «Футболчи истеъфога чиқмайди»

Баҳо:
+ | -

Бу ном «Ливерпуль» клубининг шонли тарихига зархал ҳарфлар билан битилган. Ушбу футболчининг «Челси» дарвозасига урган голи «қизиллар»нинг Чемпионлар Лигасида муваффақиятли одимлашларига замин яратган. 37 ёшли Луис Гарсия ёрқин хотираларга мурожаат этиш чоғида Брендан Рожерс томонидан янгиланган жамоанинг келажаги борасида фикр билдирди: «Ливерпуль» мухлисларини Роберто Фирмино премьер-лигага мослашгунича сабр қилишга чақирди.

Испаниялик собиқ футболчи янги клуб, янги мамлакатга кўчиб ўтган ўйин­чиларнинг қандай машаққатларга дуч келишларидан яхши хабардор. У фаолияти давомида нафақат Англия, балки Греция, Мексика ва ҳаттоки, Ҳиндис­тонда ҳам ўйнашга улгурган. Луис Гарсия 29 миллион эвазига «Хоффенхайм»-дан «мерсисайдликлар» сафига қўшилган Фирминонинг «Энфилд»да муваффақият қозонишига ишонади.

«Премьер-лигага мослашиш осон эмас, - деди Гарсия бу борадаги фикр­лари билан ўртоқлашаркан. - Ўйлашимча, Роберто маҳоратли футболчи. Унинг ўйин тезлиги, янги жамоадошлари, турли вазиятларга кўникиши учун вақт керак. Фирмино ўз хатти-ҳаракатлари билан баҳс жараёнини ўзгартиришга қодир. Ҳозирча «Ливерпул»да бу вазифани Коутиньо уддалаяпти».

Гарчи «қизиллар» уй учрашувида «Вест Хэм»га 0:3 ҳисобида ютқазишган бўлсада, Гарсия мавсум бошланишидан мамнун. У Брендан Рожерс шогирдларининг «Олд Траффорд»дан ижобий натижа билан қайтишларидан умидвор.

«Бу - мавсумнинг энг йирик ўйинларидан бири. «Манчестер Юнайтед» ҳозирча нималарга қодирлигини 100 фоиз кўрсатганича йўқ. Сўнгги паллаларда клубда рўй бераётган воқеалар (жумладан, Де Хеа билан боғлиқ можаролар) «қизил иблислар»га салбий таъсир ўтказса, ажабмас. «Ливерпуль» мазкур баҳсда уч очкони қўлга киритиб, ишқибозларини хурсанд қилади».

 

Янгича услуб, янги

ўйинчилар...

«Ливерпуль» мақсад сари олға интилиши керак. Албатта, баъзан омадсиз ўйинлар ҳам бўлиб туради. «Вест Хэм»га қарши баҳс бунга яққол мисол. Аммо бу каби чиғириқлардан мавсум бошида ўтиб олган маъқул. «Мерсисайдликлар»­да зарур қарорни қабул қилиш, тегишли ислоҳотларни амалга ошириш учун вақт етарли. Бу йилги асосий мақсадлардан бири  - Чемпионлар Лигаси. «Ливерпуль» кучли клубларга қарши курашадиган жамоа. Бентеке сингари турли услубда ўйнайдиган янги футболчилар билан юқори мақсадларга эришиш осон кечмаслиги аниқ».

Луис Гарсия «МЮ»га қарши ўйинлардаги натижалари билан мақтана олмайди: Рафаэль Бенитес устозлигида «қизил иблислар» билан баҳсларда учта мағлубият ва битта дурангга имзо чекишган. 2006 йилги Англия кубоги мусобақасида Питер Краучнинг голи манчестерлик рақибларини таслим этишларига замин яратганди. Ўша ўйин­да Гарсия майдонда 30 дақиқа ҳаракат қилганди.

У азалий рақибга қарши ўйнаш имконига эга. Стокгольмда ташкиллаштириладиган учрашувда «Ливерпуль» афсоналари «Манчестер Юнайтед» юлдузларига қарши баҳс юритишади. Гарсия мазкур ўйинда иштирок этишидан фахр туйишини яширмади.

 

«Бир-биримизга айтадиган гапларимиз бор...»

Эътиборлиси, Иан Раш мураббийлигидаги жамоа ҳали бирор марта биргаликда машғулот ўтказмади. Дарвоқе, афсоналарга сардорлик қилиш вазифаси Робби Фаулерга ишониб топширилган.

«Барча ўйинчилар турли вақтларда турли жойлардан етиб келишади. Шундай экан, ҳали шуғулланишга улгурмадик. Қолаверса, бу ер жуда совуқ экан, аёз ҳукм сурмоқда. Аммо Мадридда ўтказилган «Реал» ва «Ливерпуль» афсоналари иштирокидаги ўйин ёрқин таассурот қолдирганди. Бутун дунёни айланиб, шу тариқа «Ливерпуль» ишқибозларига ёқимли онларни улашиш мароқ бахш этади. Ахир клуб бизни расман қўллаб-қувватлаяпти. Чиндан ҳам 2005 йилги Чемпионлар Лигаси финали иштирокчилари билан кўришиш менга ёқади. Айтганча, улар орасида 2001 йилги УЕФА кубоги ғолиблари ҳам бор. Ҳаммамизнинг бир-биримизга айтадиганларимиз бор».

Дитмар Хаманн - ҳар икки жамоани бирлаштирувчилардан. Унинг афсоналар жамоасидаги дебюти ҳали олдинда, у Мадрид сафарини ўтказиб юборганди. Луис Гарсия 43 ёшни қаршилаган Дитмарнинг жисмоний ҳолати ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди:

«Бунинг унчалик аҳамияти йўқ, ахир биз ўйнаётган кезлари Дитмар умуман югурмасди. Муҳими - унинг миясидаги фикрлари, Хаманн жуда ақлли. Кимнингдир техникаси ва даражаси юқори бўлса, унинг ёши аҳамиятини йўқотади: 25 ёшдамисиз ёки 65да, маҳорат йўқолмайди».

 

Кетадими, йўҚми?

«Қизиллар» сафида шунингдек, «Сантьяго Бернабеу»даги ўйин қаҳрамони Жейсон МакАтир (иккита голли пас), Владимир Шмицер, Патрик Бергер, Ежи Дудек, Стефан Аншо, Фил Бабб ва Сандер Вестервельд ҳам ўйнашади. Гарсия «МЮ» либосидаги Энди Коулга қарши ўйнашни сабрсизлик билан кут­япти. ОАВдаги иш жараёнида собиқ ҳужумчи билан ўйин ҳақида гаплашишга ҳам улгурган. Ҳа, Гарсия фаолиятини расман якунлагач, унга ОАВдан иш топилди. Аммо бу қарорини тезда ўзгартириб, Ҳиндистон суперлигаси вакили «Атлетико де Калькутта»дан қўним топди. Унинг жамоаси IPL финалида ишончли ғалабага эришгач, Гарсия мавсумнинг энг яхши ўйинчиси номини қўлга киритди.

 

Ниҳоят, бутсалар михга илиндими?

«Бу борада бир йилча аввал гапиргандим, уни такрорлаш ниятим йўқ! - деди «қизиллар» сафида 121та ўйинда майдонга тушиб, 30та голга муаллифлик қилган Гарсия жилмайган кўйи. - Телевидениеда ишлаяпман, клубнинг айрим тадбирларида иштирок этишдан ҳузур оляпман (у шунингдек, элчи сифатида мавсумолди турида қатнашди). Асосийси, футболчи ҳеч қачон истеъфога чиқмайди».

Унинг айтишича, гарчи жамоа тайёргарликка эга бўлмасада, Friends Arenadaги ўйин шиддатли кечиши аниқ экан.

«Учрашув қизиқарли ўтади, ҳамма ютуқ учун интилади. Бу - ҳамон ўша, юқори интрига ваъда қиладиган «Ливерпуль» ва «МЮ» қарама-қаршилиги. Мазкур баҳсда қандай ўйнашингиз эмас, ғалаба муҳимроқ. Мен эса афсоналар сафидаги дастлабки голимни уришдан умидворман».

«Мен ҳақимда қўшиқ куйлашлари қувонтиради»

Гарсиянинг 2015 йилги Чемпионлар Лигасидаги ғалабага қўшган ҳиссаси «Ливерпуль» тарихида қолиши аниқ. Айниқса, «Энфилд»га «Челси» ташриф буюрса, испаниялик иқтидор эгасига аталган қўшиқ баралла куйланади. Самимий Луис бу билан фахрланади.

« Мени севишлари ва ҳурмат қилишларини билишнинг ўзи завқли. Клубдан кетаркансиз, сиз ҳақингизда фақат яхши хотиралар қолишини хоҳлайсиз. Ишқибозлар менга аталган қўшиқни куйлашаётганда, улар учун арзирли меҳнат қилганимни ҳис қиламан».

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:37, 16.09.2015.
Ўқилди: 2165 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.