Олий лига 21-турида “Машьал” жамоаси устидан ғалаба қозонган “Қўқон-1912” жамоаси аъзолари навбатдаги тур ўйинини ўтказиш учун Бухоро шаҳри томон йўлга отланишди.
Қўқонликлар матбуот хизмати жамоа сардори Азиз Тўхтабоевни сафар олдидан суҳбатга тортди.
-Жамоадаги муҳит ҳақида билишни истардик.
- Жамоадаги муҳит аъло даражада десам муболаға бўлмайди. Ҳамма бир-бири билан ахил. Мураббийларимиз барчага бирдек муносабатда. Асосийси бизга раҳбарият яратиб бераётган шароитга муносиб жавоб бериб, мухлисларни хурсанд қилиш.
- Навбатдаги турни сафарда “Бухоро” жамоасига қарши ўтказиш учун сафарга отланяпсизлар. Жамоа олдига Қандай мақсад қўйилган?
- Мақсад битта – ғалаба! Бухородаги ўйин биз учун жуда мухим. Биз албатта мухлисларни хурсанд қилиш учун майдонга чиқамиз.
-Бухороликлар 2-даврада ўз майдонларида “Насаф”дан, сафарда “Олмалиқ” дан очко олишга муваффақ булишди.
- Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. “Бухоро”ни етакчи жамоалардан очко олгани бизни чўчитмайди. Бу футбол ҳар нарса бўлиши мумкин. Айтишадику майдон текис-тўп юмалоқ. Биз ўз ўйинимизни намоийш қилсак, барчаси ўз қўлимизда бўлади. Қўқонлик мухлисларимиз биздан фақат ғалаба кутишаётганларини ҳис қилиб турибмиз.
- Сиз жамоада сардорсиз, лекин баъзи ўйинларда захирадан майдонга тушмоқдасиз.
- Майдонга кимни туширишни мураббийлар ҳал қилишади. Мен мураббийнинг қарорини ҳурмат қиламан. Асосийси натижа. Менга баъзи ўйинларда захирадан тушиб ўйинни кучайтириш вазифаси берилмоқда. Ҳар қандай ҳолатда жамоамга ёрдам бериш учун тайёр тураман.
Таъкидлаб ўтамиз, Олий Лига 22-тур учрашувлари доирасида “Қўқон-1912” 19 сентябр куни “Бухоро” меҳмони бўлади.