Ҳеч ким чемпион бўлиб туғилмаганидек, футболчилар ҳам машҳурликка осонликча эришишмайди. Бунинг замирида улкан ва машаққатли меҳнат ётади. Айримларда эса туғма истеъдод ўз сўзини айтади. Баъзи ўйинчилар устиларида кўпроқ ишлаб, мухлислар эътиборини қозонишади. Бир сўз билан айтганда, жон чекмасанг, жонона қайда?
Россиялик ҳамкасбларимиз жаҳоннинг келажаги порлоқ 10 нафар ёш ҳимоячиларига нигоҳ ташлашга аҳд қилдилар. Шунингдек, уларни 3 йил олдинги рейтинг иштирокчилари билан солиштиришди. Қуйида тез орада юлдуз даражасига етиши тахмин қилинаётган футболчилар билан танишамиз.
10. Жонатан ТА

Мамлакати: Германия
Клуби: «Байер»
Туғилган санаси: 1996 йил 11 февраль
Бўйи: 194 см.
«Гамбург»нинг марказий ҳимоясида ҳаракатланган Жонатан «иккинчи қават»даги якка курашларда рақибларга деярли имконият қолдирмайди. Германия ёшлар терма жамоаси сардори «Фортуна»да бир мавсум етарлича ўйин амалиётига эга бўлиб қайтди. Ўзининг кучли томонлари билан мутахассислар эътиборини жалб этган ёш ҳимоячига «Байер» шу йилнинг ёзида 7,5 миллион евро ажратди. 19 ёшли ҳимоячи леверкузенликлар мураббийи Рожер Шмитнинг ишончини оқламоқда.
№10 (уч йил аввал): Фредерик Соренсен - «Ювентус»дан кетиб, «Болонья»да амалиёт ўтказди, кейинчалик эса «Верона»да. Ёшлар ўртасидаги Евро-2015да ажойиб ўйин намойиш этиб, Германиянинг «Кёльн» клуби билан 4 йиллик шартнома имзолади.
9. Кристиан МАНЯ

Мамлакати: Руминия
Клуби: «Челси»
Туғилган санаси: 1997 йил 9 август
Бўйи: 183 см.
Георге Хаджи академияси тарбияланувчиси ўтган мавсумда Руминия олий лигасида дебютини ўтказди. Орадан бир ой ўтгач, 16 ёшни қаршилади ва Руминия терма жамоаси таркибида ҳам ўзини кўрсата олди. Маня жорий мавсумни «Виторул» жамоасининг асосий ўнг қанот ҳимоячиси сифатида бошлаганди. Кристианнинг совуққонлиги ва ҳужумларга фаол қўшилиши «Челси» скаутларига ёқиб тушди. Лондонликлар вақтни чўзиб ўтирмай, иқтидорли ҳимоячи учун 2,3 миллион фунт беришга рози бўлишди. Кристиан Маня айни пайтда Бельгиянинг «Мускрон-Перювельз» клубида ижара асосида тўп сурмоқда.
№9 (уч йил аввал): Курт Зума - ўтган мавсумда 14,6 миллион евро эвазига «Челси» футболчисига айланди. Франция терма жамоасида дебютини нишонлаб, «Челси» сафида 28та ўйинда 2та гол урди.
8. Кристиан МАММАНА

Россиялик ҳамкасбларимиз жаҳоннинг келажаги порлоқ 10 нафар ёш ҳимоячиларига нигоҳ ташлашга аҳд қилдилар. Шунингдек, уларни 3 йил олдинги рейтинг иштирокчилари билан солиштиришди. Қуйида тез орада юлдуз даражасига етиши тахмин қилинаётган футболчилар билан танишамиз.
Мамлакати: Аргентина
Клуби: «Ривер Плейт»
Туғилган санаси: 1996 йил 10 февраль
Бўйи: 183 см.
18 ёшли марказий (баъзан ўнг қанотда ҳам ўйнайди) ҳимоячи 2013 йили Аргентина ёшлар термаси билан Америка биринчилиги ғолибига айланди. 17 ёшида ўсмирлар терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиқди. Клублар ўртасидаги ёшлар чемпионати финалида Мадриднинг «Атлетико»сини енгиб, олтин медалларни қўлга киритди. Кристиан «Ривер Плейт»нинг асосий таркибидан ўрин олганидан сўнг, мамлакат миллий терма жамоаси устози Алехандро Сабельядан таклиф олди. Маммана Словения термаси билан бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида (2:0) марказий ҳимоячи Маскеранонинг ўрнига майдонга туширилди ва ЖЧнинг кумуш медаллари соҳиблари билан 15 дақиқа бирга тўп сурди.
№8 (уч йил аввал): Марк Муньеса - икки йил муқаддам «Барселона»дан «Сток Сити»га ўтганди. Ҳимоячи яқинда клуб билан тузилган амалдаги шартномасини 2019 йилгача узайтирганини маълум қилди.
7. МАРЛОН

Мамлакати: Бразилия
Клуби: «Флуминенсе»
Туғилган санаси: 1995 йил 7 сентябрь
Бўйи: 185 см.
Бразилия ёшлар терма жамоасининг марказий ҳимоячиси Марлон «Флуминенсе»даги ўйинлари орқали барчани ҳайратда қолдирди. Айниқса, ўтган мавсумнинг ёзида ўз клуби етакчисига айланди. Рақиб ҳужумларини бартараф этиб, жамоадошларини руҳлантириш Марлоннинг асосий вазифасига айланди. 20 ёшли футболчи тўпни рақибларидан қоида бузмасдан олиб қўйишда ҳам бошқалардан ажралиб туради. Марлон 2013 йилга қадар таянч ярим ҳимоячиси позициясида тўп сурди.
«Барселона» келаси мавсумда Марлоннинг трансферини амалга ошириш йўлида асосий харидор бўлиб турибди.
№7 (уч йил аввал): Томаш Калаш - «Челси» либосида 4 марта майдонга тушиш билан чекланди. Бироқ «Мидлсбро»га ижарага берилганидан кейин деярли ҳар бир учрашувда жамоасининг асосий таркибидан жой оляпти.
6. Марк-Оливер КЕМПФ

Мамлакати: Германия
Клуби: «Фрайбург»
Туғилган санаси: 1995 йил 28 январь
Бўйи: 185 см.
Франкфуртнинг «Айнтрахт» клуби тарбияланувчиси Германия ёшлар терма жамоасида ўзининг ижобий хислатларини намойиш эта олди. Кемпф ҳатто 1,5 йил аввал «Ювентус»га ўтиши ҳам мумкин эди. Лекин бундеслигада доимий ўйин амалиётига эга бўлишни истади. Марк-Оливер ўтган мавсумда «Фрайбург»даги жамоадоши Матиас Гинтернинг ўрнига майдонга туширилди. Ёрқин истеъдод соҳиби дебютни юқори савияда ўтказди. «Фрайбург» учун ўтган мавсум муваффақиятсиз кечди: Оливер жароҳат олди. Шунга қарамай, 20 ёшли ҳимоячи ўзи қатнашган баҳсларда 2та тўп киритишга муваффақ бўлди. Кемпф ҳаводан келадиган тўплар учун фаол кураш олиб боради ва яккакурашларда рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмайди.
№6 (уч йил аввал): Рикардо Родригес - Европанинг энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан бири.
5. Хесус ВАЛЬЕХО

Мамлакати: Испания
Клуби: «Сарагоса»
Туғилган санаси: 1997 йил 5 январь
Бўйи: 183 см.
Испаниянинг U-19 терма жамоасининг марказий ҳимоячиси ўтган мавсумда «Сарагоса» таркибида пайдо бўлганди. Ажабланарлиси, мазкур клуб устози Ранко Попович Вальехони доимо сардор сифатида майдонга туширди. Вальехо - тезкор, жисмонан бақувват ҳамда жамоадоши (Хесуснинг трансфер ҳуқуқи «Реал»га тегишли) Пепе каби қўпол ҳимоячи. «Реал» уни шу йилнинг ёзида 6 миллион евро эвазига сотиб олди, лекин кўп ўтмай Вальехо кейинги икки йилни «Сарагоса» сафида ўтказиши аёнлашди.
№5 (уч йил аввал): Стефан де Врей - Голландия терма жамоаси билан ЖЧ-2014 мусобақасининг ярим финалига қадар етиб борди. Жаҳон чемпионати якунига етгач, «Лацио» билан 4 йиллик шартномага имзо чекди.
4. Хосе ХИМЕНЕС

Мамлакати: Уругвай
Клуби: «Атлетико»
Туғилган санаси: 1995 йил 20 январь
Бўйи: 185 см.
Хосе Хименес 2013 йилги ёшлар ўртасидаги Америка чемпионатида «Данубио» билан кумуш медалларни қўлга киритиб, «Атлетико» мураббийларида ёрқин таассурот қолдирганди. Орадан бир ярим йил ўтиб, ҳимоячи Испанияга йўл олди. «Данубио» эса мазкур трансфер эвазига 1 миллион евро ишлади. Аммо Хименес Диего Симеоне қўл остидаги клубнинг асосий таркибига кириб улгурмай, Бразилияда ўтказилган ЖЧда қатнашиш учун жўнаб кетди. У Уругвай терма жамоаси таркибида маҳоратли Диего Луганонинг ўрнига майдонга тушди. Испания Ла-лигасида ҳам ўйин амалиётига эга бўлиб, «Қирол кубоги» финалида «Реал» дарвозасига тўп киритди. «Атлетико» жорий мавсумда Мирандани «Интер»га сотиб юборди. Шу сабабли, «матрасчилар» айни пайтда Хосе Хименеснинг хизматларига таянишмоқда.
№4 (уч йил аввал): Кирьякос Пападопулос - кўп вақтини жароҳат туфайли ўтказиб юборди. «Шальке»дан «Байер»га ўтганидан кейин яна аввалги ҳолатига қайтди.
3. Люк ШОУ

Мамлакати: Англия
Клуби: «Манчестер Юнайтед»
Туғилган cанаси: 1995 йил 12 июль
Бўйи: 181 см.
Люк ёшлигидан «Челси» мухлиси бўлган. Шу сабабли, 8 ёшигача лондонликларнинг машғулотлар марказида шуғулланди. Аммо «аристократлар» академияси таклифини кутмай, «Саутгемптон»да ўйнашни ихтиёр этди. Люк 16 ёшидаёқ ўзидаги истеъдодни юзага чиқара олди. Тўпни назорат қилиш билан бирга ҳужумлардаги фаоллиги уни келажакда юқори савияли футболчи бўлиб етишишида асосий омил бўлмоқда. Люк премьер-лигадаги дебютини бир маромда ўтказди. Жуда кам қоида бузувчи ҳимоячи Англиянинг гранд клубларидан бири - «МЮ» футболчисига айланди. Лекин «қизил иблислар»нинг асосий таркибидан ўрин олиш учун бироз сабр қилишига тўғри келди.
Айни пайтда Шоу «Манчестер Юнайтед»нинг чап қанот ҳимоячиси сифатида деярли ҳар бир учрашувда майдонга тушяпти.
№3 (уч йил аввал): Матия Настасич - 19 ёшида «Манчестер Сити»га ўтди (15 миллион евро } Стефан Савич), қишки трансфер бозорида «Шальке» таркибига қўшилди.
2. Хосе ЛУИС ГАЙЯ

Мамлакати: Испания
Клуби: «Валенсия»
Туғилган санаси: 1995 йил 25 май
Бўйи: 172 см.
Яна бир истеъдодли чап қанот ҳимоячиси «Валенсия»да кўзга кўринди (дебют мавсумидаёқ 6та голга ассистентлик қилди). Клуб менежери Франсиско Руфете (Гайя болалик пайтида «Месталья» стадионида кечган учрашувларда Руфетега тўп узатиб турган) 19 ёшли Хосенинг ўйинларини кузатиб, уни келажакда «Валенсия»нинг асосий футболчиларидан бири бўлишини тахмин қилди. Январдаги трансферлар мавсумида техникаси юқори бўлган ҳимоячига «Реал» ва Англиянинг бир қатор етакчи жамоалари таклифлар билан чиқишди. Аммо Руфете Гайяни «Валенсия»нинг бўлажак сардори бўлишини эълон қилиб, 20 ёшли ҳимоячининг шартномасини 2020 йилгача узайтиришга ундади.
№2 (уч йил аввал): Рафаэль Варан - «Реал» билан 6та совринни қўлга киритди, бир йил муқаддам эса «Қироллик клуби» билан 6 йиллик шартномага имзо чекди.
1. Алессио РОМАНЬОЛИ

Мамлакати: Италия
Клуби: «Милан»
Туғилган санаси: 1995 йил 12 январь
Бўйи: 181 см.
Италия трансфер бозорининг шов-шувли харидларидан бири. 17 ёшида «Рома»нинг марказий ҳимоячиси сифатида «А» серияда дебютини ўтказди. 18 ёшга тўлишидан бир ой аввал ўйин амалиётини бойитиш учун «Сампдория»га юборилди. Синиша Михайловичнинг собиқ клубига бу ёз омадли келиб, римликлар ҳимоячисини таркибга қўшиб олганини расман маълум қилди. Алессионинг трансфер нархи 18 миллион евродан бошланиб, 25 млн. еврода тўхтади. 20 ёшли маҳоратли ҳимоячининг трансфер суммаси барчани ҳайратда қолдиргани билан аҳамиятли («Рома» Романьолининг трансферидан яна 30 фоиз маблағ ишлаб олиши мумкин).
№1 (уч йил аввал): Фил Жонс - ўтган мавсумда Луи ван Гал уни марказий ҳимоя чизиғида синаб кўриб, ушбу футболчига бошқалардан кўра, кўпроқ ишонч билдирганди.
Манба: Sports.ru,
Акмал Эшонхонов тайёрлади













