Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Нима учун айнан "Аяччо"?

Баҳо:
+ | -

Россиялик иқтидорли ҳужумчи Андрей Панюков ёзда кутилмаганда, Франция қуйи дивизиони иштирокчиси - «Аяччо» клуби билан шартнома тузди. Ваҳоланки, унга ўз мамлакатининг етакчи жамоалари кўз тикиб туришганди. Хўш, Панюков нега Россияга қайтишни хоҳламади, «Аяччо»га ўтиши қандай амалга ошди? Футболчи Sovsport.ru сайтига берган интервьюсида шулар ҳақида гапириш баробарида уни янги клубда қандай қабул қилишганига ҳам тўхталди.

«Сарсанияга ишонаман, у катта тажрибага эга амаки

- Трансферингиз қандай амалга ошди? Айтишларича, ҳаммаси махсус операцияга ўхшаб кетибди...

- Ҳа, ўта мураккаб жараён. Трансфер ойнаси ёпилишига 2 кун қолган, мен эса 31 августда терма жамоа ихтиёрига етиб боришим керак эди. 30- санада мураббийим Константин Сергеевич (Сарсания, Литванинг «Атлантас» клуби устози, Панюков шу жамоада ўйнаётганди) ўз ҳузурига чақириб, тезда Ригага йўл олишим, 31 август куни эрта азонда Парижга рейс борлигини айтди. Яна Францияда мени кимдир кутиб олиши ва кечқурун Корсикада тиббий кўрикдан ўтишим лозимлигини қўшимча қилди. Хуллас, бир сутка учдим, кейин кун бўйи ҳужжатлар расмийлаштирилди. Кечқурун эса ортга қайтиб, терма жамоа йиғинига қўшилишим лозим эди.

- Бироқ сиз қайтмадингиз...

- Ҳа, ахир Корсика - орол. У ердан аввал Париж, сўнг Москвага учиш катта муаммо. Барчасини обдон ўйлаб кўргач, Корсикада қолишни маъқул билдим.

Мазкур трансфердаги ролингиз қандай бўлди - ўзингиз «Аяччо»га ўтишни хоҳладингизми ёки кимнингдир тавсиясига кўра, иш тутдингиз? Эҳтимол, бошқа клубда ўйнашни мўлжаллагандирсиз...

- Мен учун муҳими - ўйнаш. Трансферга боғлиқ барча масалаларни Константин Сергеевичга қўйиб бердим. Унга тўлиқ ишонаман. Ахир Сарсания трансферлар бобида катта тажрибага эга амаки ҳисобланади. Қисқаси, ўзаро маслаҳатлашиб, «Аяччо»да ўйнашни маъқул кўрдик. Умуман, агарда ҳаммаси кўнгилдагидек кечса, қишдаёқ Франция юқори лигасига ўтишим мумкин.

- Лекин тўғридан-тўғри «Сент-Этьен» сафига қўшилишингиз имкони ҳам бор эди-ку...

- Аммо бу клубда ҳужумчи сотиш масаласи чўзилиб кетди ва бу иш энг сўнгги лаҳзаларда амалга ошди. Қўшимчасига, «Сент-Этьен»да мураббийга боғлиқ ҳолат ҳам мавҳум эди. Шунинг учун «Аяччо»ни танладик.

- Ўзи трансферингиз билан ким шуғулланди, яъни воситачилик қилди?

- Франциялик Кристоф Ютто. У билан бир неча марта гаплашдик.

- Россия 1-дивизиони даражасидаги чемпионатга бориб қолганингиздан хафа эмасмисиз?

- Ҳа, «Панюков аутсайдер клуб,  боз устига, қуйи лига қатнашчисига ўтиб кетди» қабилидаги гап-сўзларни эшитдим. Аммо бу ердаги машғулотлардан кейин шундай хулосага келдимки, «Аяччо» Россия олий лигасидаги аксарият жамоалар билан бемалол рақобатлаша олади. Шундай экан, жамоам талаб даражасида. Шартнома бандларига кўра эса, қишки трансферлар ойнаси давомида Франция олий лигаси клубларидан таклиф олсам, «Аяччо» мени ҳеч қандай эътирозсиз қўйиб юборади.

- Энди 20 ёшга тўлдингиз ва ота-онангиз учун ҳамон болакайсиз. Улар Францияга йўл олиш қарорингизни қандай қабул қилишди?

- Нима десам экан..? Улар хурсандлар. Дейлик, отам августнинг сўнгги ҳафтаси ҳар куни қўнғироқ қилиб, қачон ва қаерга кетишим билан қизиқди. Умуман олганда, қувонишга асослар йўқ эмас. Ахир Корсика - курорт ҳудуд, ҳаво иссиқ....

- ... Ҳозир айнан неча даража?

- Плюс 36 атрофида.

- Бир қарашда ёмон эмас. Аммо отангиз футбол нуқтаи назаридан аллақаерга кетишингизни хоҳламаслигини айтмадими?

- Нега аллақаёқ энди? Сал ошириб юборяпсиз.

- «Аяччо» мураббийи ўйнашингизга кафолат бердими?

- У чиндан ҳам, менга асосий таркиб ўйинчиси сифатида қарамоқда. Энг муҳими, мураббийнинг ҳаракатларимдан кўнглим тўқ. Қолганини  вақт кўрсатади.

 

«Катюша»ни ижро этаман, у қандай жаранглашини билиб қўйишсин»

- Жамоада сизни қандай чақиришяпти?

- Анджей, «р» ҳарфини ҳеч ким тўғри талаффуз қилолмайди.   

- Энди «қизил-оқ»сиз. Жамоа ранги шундай.

- Ҳа.

- Хафа эмасмисиз?

- Нима учун?

- «Спартак»нинг ранги ҳам шундай, сиз эса «динамочи» ҳисобланасиз.

- Аммо мен «Спартак»ка эмас, «Аяччо»га ўтдим-ку.

- Нега айнан 9-рақамни танладингиз?

- Клубда рақамлар ёзилган каттагина табло бор: унда  2, 8, 9 ва 20-рақамдан юқорилари бўш экан. Хуллас, айнан «9» кўнглимга ёқди.

- Жамоа билан танишув қандай кечди?

- Болалар билан гаплашганимда, улар қўшиқ куйлашим кераклигини айтишди. Нима қилардим, одат шундай экан, айтаман-да.

- Хўш, қайси қўшиқни танладингиз?

- «Катюша»ни айтиб бераман, у қандай жаранглашини бир эшитишсин.

- Кучли танлов.

- Нима, эстрада қўшиқларини куйлайми? Миллий мусиқамиз қандай жаранглашини ҳам бир тинглаб кўришсин. Айтганча, «Катюша»ни 6-синфдалигимдаёқ ёд олганман.

- «Аяччо»да олдин қайси рус футболчиси ўйнаганини биласиз-а?

- Тўғриси, йўқ. Ҳеч ким бу ҳақда оғиз ҳам очмади.

- Дмитрий Ананко.

- Оҳ, қизиқ. Клубда Фабрицио Раванеллининг суратини кўрдим, у жамоани маълум вақт шуғуллантирган экан. Яна сафимизда Франция термаси дарвозабонининг укаси ҳам бор. Ҳайратда қолдим, улар эгизаклардай ўхшаш. Ҳаттоки, «Манданда бу ерда нима қиляпти?» - деб сўрадим. Шунда йигитлар роса кулишди. Айтишларича, барча янги футболчилар шу куйга тушишган экан.

 

«Вазифа - олий лигага чиқиш»

Клуб олдидаги вазифа қандай?

- Бу ерда ҳамма французчада гапиради, бироқ мақсад ҳақида ҳеч ким оғиз очмади. Албатта, клубга ўтгунимга қадар унинг олдидаги вазифалар қандайлигига қизиққандим. Ўшанда «Олий дивизионга чиқиш», дея жавоб беришганди.

- Наполеон ҳақида эшитганингиз тайин...

- Албатта. Тўғри, ҳаммасини билмайману, лекин кўплар қатори умумий маълумотга эгаман. Бу ерга келганимда журналистлар биринчи бўлиб, айнан шу ҳақда сўрашди: «Наполеоннинг шу ерда туғилганини биласизми?»

- Яна нималарни сўрашди?

- Унинг Россия душмани бўлгани ва бунга қандай муносабатда эканлигим билан қизиқишди.

- Қандай жавоб бердингиз?

- Душманлик қилган бўлса, қилгандир... Ҳаммамиз 1812 йили Наполеоннинг юриши нима билан тугаганини яхши биламиз-ку.

- Қаерга жойлашдингиз?

- Меҳмонхонага, бир неча кундан кейин квартира ва машина беришади.

«Рено» ажратишса керак-да...

- Бунга алоҳида эътибор қаратдим, клубдаги машиналарнинг барчаси «Рено».

- Россиядаги футболчилар улови билан солиштирганда, унчалик зўр эмас.

- Менга бунинг фарқи йўқ. Шаҳар кичик, қаерга ҳам борардим?

Умуман олганда, Россияга қайтиш варианти ҳам бормиди?

- Ҳа. Аммо истак йўқ эди.

Нега, ахир кўпроқ пул топардингиз...

- Қўрқинчли жойи йўқ, ҳали вақти келади.

Литвада 1,5 минг евро миқдорида маош олган экансиз.

- Тўғрироғи - 1200 евро.

- Ҳозир анча баланддир?

- Ҳа, кўпроқ. Ҳарқалай, Франция биринчи лигасида дейлик, Россия биринчи дивизионидагидан кўпроқ маош беришади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:02, 27.09.2015.
Ўқилди: 2822 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.