Ўткир Ҳолиқов бошчилигидаги Қаршининг ”Олимпия”жамоаси сафида бир қатор келажаги порлоқ ўйинчилар тўп тепишади, жумладан Хоразмлик Шодлик Юсупов, Сурхондарёлик Жамол Қамбаров, Рустам Чориев каби истеъдодли футболчилар фаолият юритишмоқда. Уларнинг ҳаммаси Қарши шаҳридаги “Олимпия” заҳиралари коллежининг талабалари ҳисобланишади. Ушбу ёш футболчилар қаршиликлар таркибини сезиларли даражада кучайтиришмоқда десак, муболаға бўлмайди. Ҳозиргача бўлиб ўтган 15 турдан сўнг Ҳолиқов шогирдлари юз фоизли натижани қайд этиб , турнир жадвалининг юқори поғоналаридан бирини эгаллаб туришибди. Жамоа сардори Хоразмлик Шодлик Юсупов билан бўлган суҳбатимиз анча самимий кечди.
– Шодлик аввало ўзингиз ҳақингизда гапириб ўтсангиз?
– Мен 1996 йилнинг 17 декабрида Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида таваллуд топганман. Маҳаллада тенгдошларим қатори кўча чангитиб копток тепардик. 14 ёшимдан туманимиздаги 3-сонли Мирзо Улуғбек номли мактабда дарсдан кейин футбол тугарагига мунтазам қатнашардим. Кунларнинг бирида Урганчда хотира турнири ўтказилди, ушбу мусобақада мактабимиз жамоаси чиройли ўйинлар кўрсатиб совриндорлар қаторидан жой олдиишди. Турнирда Урганч футбол интернати мураббийлари энг яхши ўйин намойиш этган болаларни ҳам саралаётган экан. Мусобақа сўнггида устозимиз менга жамоамиздан фақат мени танлашганинин айтдилар. Шунда хурсандчилигим ичимга сиғмай ўйдагиларга хабарни етказишга ошиқдим. Ота-онам футбол интернатида ўқишимга розилик беришди.
– Қаршига келишингиз қандай бўлди?
– Урганч футбол интернатида менга футболнинг сир-асрорларини мураббийим Умрбек Ёқубов катта иштиёқ билан ўргатарди. Устозимиз мен ва етти нафар жамоадошларимни “Насаф” футбол мактабига кўрикка олиб келдилар. Кўрикда 1996 йилларда туғилган тайёрлов гуруҳига фақат икки кишигина муваффақиятли ўтдик. “Насаф” футбол мактабида Евгений Смирнов қўл остида бир йил шуғулландим. Академия сафида тайёрлов гуруҳлари ўртасида мамлакат биринчилигида иштирок этиб, финалда “Пахтакор-96” жамоасига пеналтилар сериясида имкониятни бой берганмиз ва иккинчи ўринни қўлга киритгандик.
– “Олимпия “ жамоаси сафида қандай пайдо бўлдингиз?
– 2011-2012 ўқув йилида Қарши олимпия заҳиралари коллежи футбол бўлимига қабул қилиндим. Ушбу даргоҳга мендан ташқари айрим жамоадошларим ҳам талаба бўлишга муяссар бўлишди. “Олимпия” жамоаси сафида вилоят иккинчи лигасида илк бор иштирок этиб, мавсумда иккинчи лиганинг “Энг ёш футболчиси” номинациясини қўлга киритдим. 2014 йили коллеж талабалари ўртасида Наманган вилоятида “Баркамол авлод” Республика мусобақасида Қашқадарё вилояти терма жамоаси сафида иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритдик.
– Сизни яқинда Тошкентнинг “Локомотив-БФК” жамоаси кўрикдан ўтказганлиги ҳақида хабар тарқалганди?
– Иккинчи лига биринчи давра якунига етгандан сўнг, танаффус пайти бир ҳафта “Локомотив –БФК” жамоасида кўрикда бўлдим, жамоа мураббийларига ўйиним маъқул келди, лекин бир масалада биз келиша олмадик ва ортга қайтдим.
– Қандай масалада келиша олмадингиз?
– Сир бўла қолсин (кулади).
– Шодлик сизни қачон олий лигамиз жамоалари сафида кўрамиз?
– Насиб бўлса, келаси йил бошидан воҳанинг олий лигада иштирок этаётган бирор клуби ўринбосарлари сафида кучимни синаб кўрмоқчиман.
– Бир неча йиллардан буён вилоятимиз иккинчи лигасида “Олимпия” жамоаси таркибида тўп сурасиз, бу жамоа ҳақида нима дея оласиз?
– “Олимпия” жамоаси вилоятда ўз нуфузига эга, ҳар мавсумда жамоа иккинчи лигада муносиб иштирок этиб совриндорлар қаторидан жой олади. Умид қиламанки, бу анъана давом этаверади. Шунингдек жамоамизнинг ёрқин ўйин намойиш этишида бош мураббий Ўткир Ҳолиқовнинг салмоқли меҳнатлари бор. “Олимпия” жамоаси сафида ўйнаб кейин олий ва биринчи лигаларда муносиб тўп сураётган футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Булар “Шўртан” жамоаси асосий таркибидаги Умар Эшмуродов, Олим Каримов. Ўринбосарлар таркибидаги Умрзоқ Эргашов, Темур Комилжонов, Таълат Нуриллаев, “Машъал” жамоаси асосий таркибидаги Хумоюн Муртозаев, ўринбосарлари сафидаги Бекзод Раҳманов каби футболчилардир.
– Бу йил жамоа олдига қандай вазифа қўйилган?
– Жамоа ҳар мавсум чемпионлик учун курашади сўнгги турларда ҳам очко йуқотмасликка ҳаракат қиламиз, мавсум охиригача кураш олиб борамиз. Албатта мақсадимиз совриндор бўлиш.
– Шодлик самимий суҳбат учун раҳмат, voha.uz сайти ўқувчиларига қандай тилакларингиз бор?
– Воҳа футболи ишқибозларининг ва футболчиларининг севимли сайтларидан бирига айланиб бораётган voha.uz сайти ўқувчиларига ҳам, сайт ижодкорларига аввало соғлик тилайман. Вилоят иккинчи лигасига эътиборларингизнинг ўзи таҳсинга сазовор. Сайтнинг ўқувчилари кундан-кунга кўпаяверсин. Воҳа футболининг ривожи ошаверсин.
Фахриддин ЧОРИЕВ суҳбатлашди.