Ўзбекистон Футбол Федерацияси сўнгги йилларда Ўзбекистонда футболни ривожи учун катта ишлар олиб бориляпти. Шу қаторда, юртимиз футболида ҳалоллик устувор бўлиши йўлида ҳам сай-ҳаракатлар амалга оширилди. Хусусан, 2014 йилда Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан “Келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси раиси” лавозими ташкил этилиб, бу вазифа Аҳрол Иноятовга топширилди. Футбол қонун-қоидаларига тегишли амалдаги барча хужжатлар билан танишиб, шунингдек, футбол клубларининг тузилмаси ўрганилиб чиқилгач, футболда ҳалолликни таъминлаш бўйича клублар раҳбарияти ва бош мураббийларига аниқ масъулиятлар юклайдиган бир қатор хужжатлар ишлаб чиқилди. Жорий мавсум олдидан Ўзбекистон Профессионда Футбол Лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этаётган клублар вакиллари “Футболнинг яхлитлиги ҳақида декларация”ни тўлдиришди.
Ўзбекистон Чемпионатининг дастлабки туридан бошлаб барча ўйинларнинг видео тасвирлари синчковлик билан кўриб, кузатиб борилмоқда.
Натижада, бундай чоралар ўз мевасини берди. Шубҳали ва спорт принципларига мос келмайдиган ўйинлар сони сезиларли даражада камайди. Чемпионат савияси кўтарилди. Футболчилар ўз маҳоратларини тўлалигича намойиш этишига имконият кўпайди. Бу эса футболчиларни терма жамоаларга жалб қилишда танлов имкониятини оширди.
Ўзбекистон Футбол Федерациясининг футбол сифатини ошириш, стадионларга мухлисларни жалб этиш борасида амалга ошираётган бундай ишларига қарамай, спорт прициплари ва спорт этикасига зид бўлган ўйинлар ҳам кўзга ташланяпти.
Хусусан, Келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон чемпионати 23-тури доирасида, 2015 йилнинг 25 сентябрида “Пахтакор” марказий стадионида ўтказилган Тошкентнинг “Пахтакор” ва Бекободнинг “Металлург” жамоалари ўртасидаги 3:2 ҳисобида “Пахтакор” ғалабаси билан тугаган ўйиннинг видео тасвирини ўрганиб чиқиб, “Металлург” ПФК учрашувнинг 83-дақиқасидан кейин намойиш қилган ўйини шубҳали ва спорт приципларига зид тус олганини аниқлади.
Ўйин давомида “Металлург” ПФК “Пахтакор” устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонаётган эди. Бироқ “Металлург” ҳимоячиларининг ўйин сўнггидаги ҳаракатлари икки бора дарвозалари томон ўн бир метрлик жарима тўпи белгиланишига олиб келди. Ўйин эса 3:2 ҳисоби билан “Пахтакор” фойдасига якунланди.
Шу ўринда савол пайдо бўлади: бундай шубҳали ғалаба “Пахтакор” раҳбарияти ва унинг мухлисларига керакми?
Таъкидлаш керакки,”Металлург” бош мураббийи Рустам Мирсодиқов Ўзбекистон миллий терма жамоасида фаолият олиб борган, Ўзбекистон чемпионати олтин медаллари соҳиби бўлган мамлакатимизнинг энг тажрибали ва малакали мутахассисларидан бири ҳисобланади. Мана бир неча йиллардан буён у “Металлург” футбол клубини бошқариб келмоқда. Шуни ҳам қайд этиш керакки, “Металлург” 2015 йилги Ўзбекистон чемпионатида яхши натижалар қайд этиб келмоқда ва етакчи жамоалар учун энг ноқулай рақиблардан ҳисобланади.
Бироқ Мирсодиқовнинг мураббий сифатида эришган бу ютуқларига қарамай,
Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроқўми
Қарор қилади:
1. 2015 йилнинг 24 сентябрб кунида ўтказилган “Пахтакор” (Тошкент) – “Металлург” (“Бекобод”) учрашувининг 83-дақиқасидан бошлаб, спорт приципларига ва этикасига зид бўлган, деб ҳисоблансин.
2. ЎФФ тартиб-интизом кодексининг 2 бўлим, (г) пунктига асосан, Бекободнинг “Металлург” футбол клуби бош мураббийи Рустам Мирсодиқовнинг лицензияси 2015 йилни мавсум сўнгига қадар қайтариб олинсин.
3. Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси (Ф.Магаметов) томонидан ЎФФ ижроқўмининг ушбу қарорини амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилсин.