«Барселона»нинг собиқ футболчиси Кристиан Тельо каталонияликлар вингери Ламин Ямалнинг клуб тарихидаги аввалги юлдузли таркибларда асосий жамоадан жой олиш имкониятлари ҳақида фикр билдирди.
Яқинда профессионал футболчилик фаолиятини якунлаган Тельонинг таъкидлашича, Ямал ҳозирги юқори савиясига қарамай, 2012 йиллардаги «Барселона»нинг асосий таркибига киришда жиддий рақобатга дуч келган бўларди.
Собиқ футболчининг фикрича, ўша даврда каталонияликлар ҳужум чизиғида жаҳон даражасидаги юлдузлар тўп тепгани сабабли академиядан чиққан ёш футболчилар учун асосий таркибда мустаҳкам ўрин эгаллаш ниҳоятда қийин эди.
«Менимча, Ямал асосий таркиб футболчиси бўлолмасди. Унинг бу даражага етиши жуда қийин кечарди.
Албатта, унинг иқтидори ва ҳозир намойиш этаётган ўйинларини ҳисобга олсак, асосий жамоага қўшила олган бўларди. Аммо бу осон кечмасди.
Ахир биз Алексис Санчес, Педро, Давид Вилья, Лео Месси, Неймар каби футболчилар ҳақида гапиряпмиз.
Бундай ўйинчилар бор жамоада академиядан етишиб чиқаётган ҳар қандай футболчи учун асосий таркибдан жой олиш жуда мушкул», — деди Тельо.
Шу тариқа, «Барселона»нинг собиқ вингери Ямалнинг иқтидорини эътироф этган ҳолда, клубнинг аввалги юлдузли таркибида рақобат ҳозиргидан анча мураккаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.













