Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Жасур Абдураимов Бутанга қарши кечадиган саралашнинг 1-тур ўйини олдидан ўтказилган матбуот анжуманида ўз шогирдларидан турнирда яхши натижа кутаётганини таъкидлади.
“Мусобақага бир мақсад – Осиё чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритиш учун ташриф буюрдик”, - дейди Абдураимов. “Гуруҳдаги барча рақибларимизни хурмат қиламиз ва барчасига бирдек муносабатдамиз. Ўйиндан-ўйинга ўз ўйинимизни кучайтириб боришни ва гуруҳда ғолиб бўлишни мақсад қилгамиз”, - дейди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи.
“Турнир бошланмасидан олдин қайсидир жамоани фаворит, қайсидир жамоани бизга асосий рақиб бўлади дейиш нотўғри. Барча рақибга қарши бир хил муносабатда бўламиз ва барча ўйинларга жиддий тайёргарлик кўрамиз”.
“Мусобақага яхши тайёргарлик кўрдик деб ўйлайман. Жамоамиз жуда ёш ва энди ташкил этилди, аммо мусобақага тайёргарлик жараёнида биз яхши жамоа туза олдик. Сўнгги икки ой давомида бир қатор турнирларда иштирок этдик ва бир нечта ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Аммо, ўртоқлик учрашувлари билан расмий ўйинлар ўртасида фарқ бор. Тайёргарлигимиз ўз самарасини беришига ишонаман”, - дейди Абдураимов.
Матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон U-19 терма жамоаси сардори Ислом Қобилов ҳам турнирда терма жамоа яхши натижа кўрсатишига ишонишини айтиб ўтди.
“Турнирга тайёграрчилик аъло даражада кечди. Яхши тайёргарлик ва меҳнат эвазига ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Мураббий фикрларига қўшиламан. Мақсадимиз ўйиндан ўйинга ўз ўйинимизни кучайтириш ва Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш”, - деди Қобилов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш "A" гуруҳи 1-тури доирасида 2 октябрь куни Бутан ёшлар терма жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 14:00да бошланади.