"Челси"нинг муваффақиятсиз ўйинлар серияси давом этади. Бу сафар Моуриньо шогирдлари ўз майдонларида "Саутгемптон" қаршисида ожиз қолишди.
Лондонликлар ўйинни жуда яхши бошлашди ва 9-дақиқада ҳисобни очишди. Виллиан томонидан жаримадан йўлланган зарба дарвоза устунининг юқори бурчакка қисмига тегиб, тўрга бориб тушди. Мезбонлар шундан кейин ҳам устунлик қилишда давом этишди, аммо рақиб дарвозасига бошқа йўл топа олишмади.
Бўлим сўнгига келиб кетма-кет ҳужумлар ташкил қилган Куман шогирдлари танаффусгача дуранг натижани таъминлашди. Майдон марказидан етказилган узатмани Пелле жарима майдончаси чизиғи устида кўкраги билан жамоадошига қолдирди. Стивен Дэвиснинг зарбасини Бегович қайтара олмади.
Иккинчи бўлимда "Саутгемптон" анча тажовузкор ўйин намойиш қилди ва ҳақли равишда ғалабани ўз томонига оғдирди. Мане Пелленинг узатмасидан кейин Ивановичдан ўтиб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқди ва дарвозани ишғол қилди. 72-дақиқада "авлиёлар" та тезкор қарши ҳужум ташкил қилишди. Бу сафар Маненинг узатмасидан кейин Пелле кучли зарба билан ҳисобдаги фарқни иккитага оширди.
Учрашув якунланишига ҳали 20 дақиқа вақт қолган бўлса-да, Моуриньо шогирдлари рақиб даврозаси олдида голга тортадиган вазиятларни ярата олишмади.
Мазкур ғалаба "Саутгемптон"ни 9-ўринга олиб чиққан бўлса, мағлубиятдан сўнг "Челси" 16-поғонани янада "мустаҳкамлади".
АПЛ, 7-тур
Челси – Саутгемптон 1:3 (1:1, 0:2)
Голлар: 1:0 – 10 Виллиан, 1:1 – 43 Дэвис, 1:2 – 60 Мане, 1:3 – 72 Пелле.
Челси – Бегович, Кэйхилл, Аспиликуэта, Иванович, Терри, Рамирес (Матич, 46; Реми, 73), Фабрегас, Оскар, Виллиан (Педро, 64), Азар, Фалькао.
Саутгемптон – Стекеленбург, Фонте, Бертран, Соареш, ван Дейк, Дэвис, Ваньяма, Тадич (Родригес, 78), Ромеу (Уорд-Проуз, 46), Мане (Йосида, 90), Пелле.
Огоҳлантиришлар: Ромеу (9), Бертран (26), Мане (34), Рамирес (43), Фалькао (57), Уорд-Проуз (77), Пелле (86).