Бразилияда ҳаттоки, терма жамоа таркибининг эълон қилиниши ҳам шоу даражасига кўтарилмоқда. Мухлислар бу жараёнга баъзи ўйинларга нисбатан ҳам кўпроқ қизиқишади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Умуман, Бразилия термасининг хоҳ ўртоқлик ўйини, хоҳ йирик турнирга чақирилган таркиби эълон қилиниши анчадан буён илҳақлик билан кутилади. Бунда ушбу воқелик моҳирона ёритилиши ва реклама қилиниши катта роль ўйнайди. Таркибни тўғридан-тўғри эфирда эълон қилиш ғояси Бразилия футбол конфедерациясига тегишли. Трансляцияни айнан шу ташкилот уюштиради ва тадбирга барча журналистларни таклиф этади. Тўғри, ғоя оригинал эмас. Аммо маҳаллий телеканаллар бундай трансляцияларга катта аудитория йиғиш ҳадисини ўзлаштириб улгурган. Айтайлик, таниқли экспертлар ва шарҳловчилар студиянинг ўзида таркиб эълон қилинишидан олдин ҳам, кейин ҳам терма жамоа бош мураббийининг ҳар бир қадамини қизғин муҳокама этишади.
1-қисм. Муҳокама
Мамлакат теледунёсидаги барча спорт кўрсатувлари (ESPN, Sportv, Band ва бошқа каналларда) бошловчилари куннинг асосий воқеасига чамаси 1-1,5 соат қолганида ўзаро муҳокамани бошлашади. Мисол учун, қайси футболчилар чақирилиши ва кимлар четда қолишини тахмин қилишади, сўнгги гап-сўзлар ҳақида фикр юритишади. Шунингдек, охирги икки ойда кимлар яхши ўйнашганига эътибор қаратишади. Бу вақтда мухлислар интерактив сўровларда иштирок этиб, ўз вариантларини баён қилишади. Яъни ҳар ким муайян таркиб тузиб чиқади.
2-қисм. Матбуот анжумани
Мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи билан ҳар қандай учрашув чоғи зал тўлиб-тошиб кетади. Яъни хоҳловчи журналистларга жой етмай қолиши ҳеч гап эмас. Айниқса, йирик турнирлар арафасидаги учрашувда мисли кўрилмаган аудитория йиғилади. Мисол учун, Америка кубогига борувчи таркиб эълон қилиниши муносабати билан ташкил этилган анжуманни ёритиш учун ҳаттоки, Хитойдан ҳам журналистлар ташриф буюришди. Матбуот вакиллари вақти-вақти билан саволлар сони ва уларнинг ўткирлиги бўйича сира мулойимлик қилишмайди. Жараённинг ўзи режа бўйича бошланади. Аввалига Дунга минбарга чиқиб, таклиф этилган футболчилар фамилиясини бирма-бир ўқиб эшиттиради. Ҳар бир фамилия янграган пайт залдаги улкан экранда футболчининг сурати пайдо бўлади. Табиийки, бу жараён телевизион трансляциялар нигоҳидан ҳам четда қолмайди. Кейин журналистлар саволлар билан мурожаат этишади. Юқорида айтилди, бунда улар баъзан рўйхотирликни умуман йиғиштириб қўйишади. Дейлик, Дунга иштирокидаги охирги матбуот анжуманида уни танг аҳволга солиб қўйишди: «Яқинда интернетда қандайдир руҳоний билан бирга тушган суратингизга кўзимиз тушди. Бу нимани англатади? Наҳотки, у жамоа билан доимо бирга юрса?» Мураббий эса қизишгани йўқ ёки «Футболга дахли йўқ саволлар билан жонимга тегдинглар» қабилида жавоб бермади. Аксинча, барчасини ётиғи билан тушунтирди. Маълум бўлишича, ўша руҳоний Дунгадан бирга суратга тушишни илтимос қилган ва кейин уни ижтимоий тармоққа жойлаштирган экан. Қўшимчасига, сурат остига жамоага жуда яқинлигини ёзиб қўйган. Бунинг натижасида тармоқда минглаб дўстлар орттиргандир, эҳтимол. Аслини олганда, пастор Гильерме Батиста чиндан ҳам, миллий жамоанинг баъзи футболчилари билан таниш, чоғи. Ҳарқалай, у тармоққа бир қатор футболчиларнинг ибодат қилишаётгани видеоёзувини ҳам киритган.
3-қисм. Яна муҳокама
Одатга кўра, айнан шундай муҳокамаларда футбол юлдузлари ҳам тез-тез иштирок этишади. Асосан собиқ футболчилар чиқиш қилишади, яна мамлакатдаги машҳур шарҳловчи ва журналистлар фаоллик кўрсатишади. Улар таркибга киритилган ҳар бир футболчининг кучли ва заиф томонларини таҳлил қилишади, яна кимларни жалб этиш мумкин бўлганини тилга олишади. Табиийки, таркибга киритилган баъзи ўйинчиларга салбий баҳо бериб, улардан наф йўқлигини рўй-рост таъкидлашади. Шунинг баробарида футболчиларнинг майдондаги жойлашувлари вариантларини, тактик схемаларни чизиб кўрсатишади. Айтайлик, охирги марта Халкнинг таклиф этилганига кўп эътибор қаратишди. Мураббий Неймарнинг йўқлиги сабаб, «Зенит» вакилини марказий ҳужум позициясига мўлжаллаганди. «У клубида шу позицияда тўп суради. Яъни жарима майдонига яқин ҳудудда ҳаракатланади. Биз Халкнинг жисмоний қувватидан тўлақонли фойдаланмоқчимиз. Умид қиламанки, у ўз имкониятини қўлдан чиқармайди»,-деганди Дунга матбуот анжуманида. Шунга қарамай, журналистлар ва экспертлар бу танловни етарлича муҳокама қилишди.