Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мухлис мақоласи: «Жавобсиз саволлар»

Баҳо:
+ | -

Эътибор бердингизми? Яқиндагина футболимиз тарихига кира олган бир воқеълик содир бўлди. Ўзбекистон футбол жамоатчилиги, хусусан, шахсан ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг узлари бизнинг футболимизда шубҳали ўйинлар борлигини тан олишди! Ҳа, айнан шундай. Мен "Пахтакор" ва "Металлург" ўртасидаги баҳс келишилган ўйин деб топилганидан хурсанд бўлганим йўқ. Бу мудҳиш воқеа шусиз ҳам жуда кўплаб изтироблар гирдобида қолиб кетган футболимизга яна битта зарба бўлгани бор гап. Мен бошқа тарафлама суюндим. Яъни, ниҳоят келишилган ўйинларнинг борлигини "юқори»дагиларнинг барчаси тан олишди. Биз-ку буни аввалдан билардик, эндиликда улар ҳам бизнинг гумонларимиз ёлғон эмаслигини инкор этмайдилар.

Ўша куни Мираброр Зуфаровичнинг сўзлаган нутқини ўқиб туриб, чуқур ўйга ботдим... Футбол федерациямиз президентининг ўзи келишилган ўйинларнинг мавжудлиги ва бугунги кунда ўзбек футболида «гуллаб-яшнаётганини» тан олиб, матбуот олдида, яъни бутун халқ олдида сўзлаб берар экан, "Пахтакор"ни ҳам ҳамманинг олдида ер билан яксон килиб, албатта уларни ҳам бир кун келиб жазолаб қўйишини таъкидлади. Демак, бизнинг футболимиз энг юқори шоҳсупасини эгаллаб турган киши ҳам бу каби келишилган ўйинлар футболимизда борлигини тан олмоқда. Афсуски, унинг ушбу айтган гаплари қанчалик баландпарвоз кўринмасин, барибир ҳақиқат ўзгармай қолмоқда – «Пахтакор»га қарши ҳеч қандай чора кўрилмади ва... менимча, кўрилмайди ҳам!

Мендек оддий футболимиз мухлисининг хаёлини банд этган бир неча саволларни қуйидаги аламзада мақолага жойлаб қўймоқчи эдим.

1. Бугунги кунда футболимиз ичида "олди-бердичилик", келишилган ўйинлар ва бошқа бир неча жирканч ишларнинг оммалашиб бораётганини кўриб ва билиб туриб, жим юрган футболимиз раҳбарларига савол йўлламоқчи эдим: "Нима сабабдан жамоаларимиз Осиё чемпионлар лигаси мусобақасида ўз гуруҳдан чиқолмаяпти ҳамда нима сабабдан ўз мақсадига эришиш учун терма жамоамизга ҳар доим "озгина омад ва ҳакамларнинг хатоси етишмаяпти" деб, ўйлаб сиқилгандан кўра, фикр юритинг: ўз ичимизда болалаб ётган ушбу чиркин ишларнинг охири йўқ экан, бизнинг ҲАЛОЛ ЮТУКЛАРга эришишга ҳақимиз борми?

2. Мана бир неча йилдирки, Россия чемпионатида жуда ишончли ва жозибали ўйин кўрсатиб келаётган Одил Аҳмедов ҳам мана 28 ёшга кирди! Бу футболчимиздан ташқари яна бирор-бир футболчи шу каби ютуқлари билан мақтана оляптими? Сардор Рашидов ва Жамшид Искандаровни барчамиз мақтаган пайтда, улар қаерга йўқ бўлиб кетишди? Майли, Искандаровда жароҳат бор, дейлик. Сардор-чи? Ўзининг ўйини жозибаси ила кўплаб мухлисларни стадионга чорлаган ушбу футболчимизнинг энг юқори шоҳсупаси - Қатар Юлдузлар лигаси эканми? Қачонгача футболчиларимизнинг энг максимал даражаси, дея БАА, Эрон, Хитой, Жанубий Корея ва мана Қатар чемпионатини тилга оламиз? Шуми бизнинг легионерларимиз? Хуш, яна битта Одил, Виталий ва Миржалол Қосимов етишиб чикиши учун биз яна қанча вақт кутишимизга тўғри келади? Келажак борми бизда?

3. Ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларга тўхталсам... Фикрим бўйича, бу мусобақага жуда катта эътибор беришимиз нотўғри аслида. Бу ерда ҳам хатога йўл қўймоқдамиз. Айтмоқчи бўлганим, ёш болалардан ҳадеб натижа талаб қилишимиз хато. Уларга эркинлик бериш керак аслида. Эркинликни ҳис қилган бола ўзининг энг яхши қирраларини намойиш этишга шошилади. Ўшанда унинг техникаси-ю, пас бериш ва голни сезиш қобилияти ошади. Ўйинига жозиба қўшилади. Ана ўшанда бизда ҳам юқори техникага эга бўлган футболчилар вояга етади. Биз юқори талабларни қўйиб, катта масъулият юклаган ёш футболчиларимиз биз кутган натижа кўрсатишгандир, жаҳон чемпионатида чорак финалгача етиб боришгандир, аммо улар ҳозирда қаерда? Жаҳон чемпионатида ёш терма жамоамиз футболчилари билан бир гуруҳдан ўрин олган Хорватия ёшлари футболчиси бугун «Барселона»да Месси билан биргаликда тўп сурмоқда. Аҳмад Убайдуллаев бошчилик қилган 1989 йилги футболчиларимиз Осиё чемпионатида финалгача етиб боришганди, ҳозир улар қаердаю, ўша йили ёшлар ўртасида Европа чемпиони бўлган Нойер, Ўзил, Боатенг, Хуммелс ва Хедира қаерда?

4. Давлатимиз раҳбари томонидан футболга берилаётган эътибор жуда юқори ҳамда футболимизни ривожлантириш бўйича охирги йилларда қилинаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган салмоқли ишлар оқибатида футболимиз жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Буни ЎФФ баланд ўринларини банд этиб келаётган раҳбарларимиз ҳам жуда яхши билишади. Улар ҳар доим бизга турли хил ваъдалаларни бериб келишган. Шу ўринда бир савол туғилиши табиий: давлатимиз томонидан берилаётган юксак эътибор мавжуд экан ҳамда биз жадаллик билан ривожланиш йўлида эканмиз, унда нима сабабдан терма жамоа ва клубларимиз бирор-бир мақтанишга арзигулик ютуқларга эришгани йўқ ҳанузгача?! Бунга ким айбдор? Сизларга барча шарт-шароит муҳайё экан, унда натижалар ҳам ўзини кўп куттирмаслиги керак-ку ахир, тўғрими? Натижа учун ким жавобгар? Мана неча йилдирки жаҳон чемпионатидан қуруқ қолмоқдамиз, демак, биз қаердадир хатога йўл қўймоқдамиз, қаердадир ўзгартириш киритишимиз даркор... Қаерда? Балки ўша юқори лавозимлардан бошлармиз?

Саволларимиз жавобсиз қолиши табиий ҳол, албатта. Дарҳақиқат, биз бунга аллақачон ўрганиб ҳам бўлган эканмиз. Ўргатиб бўлишган экан. Сўзим охирида бир гап айтиб ўтмоқчиман: "биз қачон жаҳон чемпионатига чиқар эканмиз?" деб, ўзингизни қийнаманг ва ундан кўра ҳаётда бундан-да муҳимроқ бўлган ишлар билан овора бўлинг. Мабодо, Мундиал йўлланмасини қўлга киритиб қолсак, биз сизга бу ҳақда хабар берамиз.

Темурмалик Тожиддинзода

Манба: stadion.uz
Киритилди: 11:25, 11.10.2015.
Ўқилди: 5033 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.