Виктор Жалилов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси айни дамда Тошкентда йиғин ўтказмоқда.
Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган олимпиячиларимиз 9 октябрдан машғулотларга киришишди ва бугун Наманганнинг “Навбаҳор” клубига қарши ўртоқлик ўйини ташкил этилди. Мазкур матч U-23 терма жамоамизнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.
Олимпия терма жамоамизнинг етакчи ҳимоячиларидан бири Бобурбек Йўлдошев SPORTS.uz интернет-портали мухбирига ўзининг мазкур йиғин ва умуман олимпиячиларимиз олдига қўйилган вазифалар борасидаги фикрларини билдириб ўтди.
- Йиғин ҳақида гапирадиган бўлсам, бу галги йиғинимиз ҳам яхши ўтяпти. Йигитлар машғулотларда қаттиқ ишлашмоқда. Мана бугунгидек ўйинларда ҳам улар борларини беришга интилишяпти. Асосий тайёргарлигимиз декабрда бўлади. Аммо мана шундай тез-тез йиғилиб туришимиз фойда бериши аниқ. Олдимизга улкан вазифалар қўйилган. Насиб қилса Осиё чемпионатида ўзимзини ҳар томондан кўрсата оламиз ва олимпиада йўлланмасини қўлга киритамиз, - дейди маҳоратли ҳимоячи.
Таъкидлаб ўтамиз, мазкур йиғин 13 октябр кунига қадар қавом этади. Олимпия терма жамоамиз Осиё чемпионати олдидан декабр ойида БААда иккита йиғин ўтказиши кўзда тутилган.
Дубайдаги дастлабки йиғин 2-14 декабрь кунларида бўлиб ўтса, иккинчи йиғин 17-28 декабрда ўтказилиши режалаштириляпти.