Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Виктор Жалилов: "Эндиги рақибларимиз - Япония, Австралия, Қатар. . . "

Баҳо:
+ | -

Бугун Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Тошкентда ташкил этилган қисқа муддатли ўқув-машғулотлар йиғинини якунлади. ФИФА кунларидан унумли фойдаланиш мақсадида ташкил этилган йиғин «Жар» стадионида олиб борилди. Виктор Жалилов шогирдлари 5 кун мобайнида битта ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушишди. 11 октябрь куни соат 11:00да айнан «Жар» стадионида бошланган баҳсда олимпиячиларимиз «Навбаҳор» клубига қарши ўйнашди. Бахтиёр Ашурматов мураббийлигидаги наманганликлар ҳам танаффусдан шу тариқа унумли фойдаланишди. Хуллас, ўртоқлик учрашуви ҳар икки жамоа учун фойдали бўлди, дейиш мумкин.

Пойтахтда ташкил этилган йиғин келаси йилнинг январь ойида Қатар яшил майдонларида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарликнинг бир босқичи вазифасини ўтаб берди. Режага кўра, Ўзбекистон олимпия жамоаси қитъа чемпионати олдидан, яъни декабрь ойида БААда 2та йиғин ташкиллаштиради. Дубайдаги дастлабки машғулотлар 2-14 декабрь кунларида бўлиб ўтса, иккинчиси 17-28 декабрга белгиланган. Шу икки йиғин муҳим мусобақа олдидан асосий ва сўнгги тайёргарлик бўлади. Виктор Жалиловнинг айтишича, Дубайда деярли бир ой давом этадиган машғулотлар доирасида жами 7та ўртоқлик учрашуви ташкил этилади. Айни пайт бўлажак рақиблардан 3тасининг номи маълум - Япония, Австралия ва Қатар.

Энди «Навбаҳор» билан ўтказилган ўйин ҳақида икки оғиз мулоҳаза. Виктор Жалилов шу куни «Бунёдкор», «Насаф» ва «Нефтчи» жамоаларининг термага номзод футболчилари хизматидан фойдаланолмади. Сабаб оддий - бу клуб футболчилари кеча ўз жамоалари сафида тур ўйинида майдонга тушишди. Ўзбекистон кубоги-2015 финали сабаб, 25-тур доирасидаги «Динамо»-«Бунёдкор» ҳамда «Насаф»-«Нефт­чи» учрашувлари аввал белгиланган вақтдан олдинроқ ўтказилди. Натижада бу ўйинчилар ўрнини тўлдириш мақсадида кенгайтирилган таркибга киритилган футболчилардан бир гуруҳи терма жамоа йиғинига чақирилди. Улардан бири 1-лига вакили «NBU-Осиё» футболчиси - Миршоҳид Олимов.

Ўйиннинг биринчи бўлимида олимпиячиларимиз устунлиги салгина бўлсада, сезилиб турди. Ҳужумлар ва табиийки, хавфли вазиятлар Акмал Ортиқов қўриқлаган дарвоза олдида кўпроқ бўлди. Лекин вазиятлардан фойдаланолмаслик натижасида «Навбаҳор» дарвозаси дахлсиз қолди. Танаффус чоғи Виктор Жалилов ўз ёрдамчиси Дилшод Нуралиев билан таркибни тўлалигича ўзгартирди. Айнан захирадан майдонга туширилган Қувондиқ Рўзиев, Шоҳназар Норбеков, Темур Ҳакимов, Ҳасан Асқаров каби футболчилар жамоа ўйинини кучайтиришди. Дарвоқе, узоқ муддат жароҳати сабаб, яшил майдондан узоқда юрган «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров ҳам иккинчи бўлим ўрталарида сафга қайтди. Тўғри, Жамшиднинг жисмоний ҳолати ҳали талаб даражасида эмас. Лекин у заргарона тўп узатишлари билан жамоадошларини бир неча бор қулай вазиятларга чиқарди.

Бўлимдаги голга тортадиган дастлабки вазиятни Дониёр Усмонов кўкка совурди. Темур Ҳакимов чап қанотдан жарима майдончасига яқинлашиб келиб, тўпни қулай тарзда Усмоновга ташлаб берди. Аммо «Қўқон-1912» ҳужумкор ярим ҳимоячиси чамаси 10 метрлар узоқликдан дарвоза эмас, осмонга қарата зарба йўллади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Шоҳназар Норбеков ҳам хавфли ҳужумдан самара чиқаролмади. «Металлург» вакили очиқ дарвозани нишонга олиш ўрнига жамоадошларининг жарима майдончасига етиб келишларини кутди. Натижада унинг бу антиқа қарори жамоамиз зиё­нига ишлади. Бундай голга тортадиган вазиятлар Осиё чемпионати доирасида Жанубий Корея термсига қарши кечадиган илк учрашувда кўп юзага келиши қийин. Шундай экан, вазиятлардан максимал даражада самара чиқариш, яъни гол уришни ўрганиш керак. 

Ўйиндаги ягона гол бундан аввал 2та деярли 100 фоизли вазиятдан фойдаланолмаган Норбеков томонидан урилди. Шоҳназар ўнг қанотдан жарима майдонига яқинлашиб келди ва жуда кучли зарба билан дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олди. Қизиғи, оддий ҳолатдан дарвозани ишғол қилолмаган «Металлург» ўйинчиси нисбатан мураккаброқ вазиятда ҳисобни очди. Учрашув якунланиши арафасида «Навбаҳор» ярим ҳимоячиси Роббим Ҳасанов майдондан четлатилди. Ўйинни бошқариб борган Олим Толибжонов тўпсиз қолган рақиби оёғига зарба бергани учун Ҳасановга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатди. Ўзаро келишувга кўра, четлатилган футболчи ўрнини биринчи бўлимда майдонда ҳаракатланган Шаҳбоз Эркинов эгаллади. Умуман, «Навбаҳор» томонидан атиги битта хавфли вазият яратилди. Яъни чамаси 23 метрлар узоқликда белгиланган жарима зарбасини Алишер Маҳмудов ижро этиб, дарвоза устунини зирқиратди. Шу тариқа Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўртоқлик учрашувида рақибини кичик ҳисобда мағлуб этди. Шу ўринда кичик бир маълумот, учрашувни бевосита стадиондан кузатиш учун миллий жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян, Терма жамоалар марказининг халқаро алоқалар бўлимида ишлаётган Шуҳрат Мақсудов, шунингдек, Одил Аҳмедов ва бир қатор таниқли футбол вакиллари ташриф буюришди. Лекин ЎФФ матбуот хизматидан ҳеч кимни кўрмадик. Тўғри, якшанба дам олиш кунидир. Аммо Олимпиадага бориш учун ҳаракат қилаётган терма жамоамиз ўйини бўлаётган бир пайтда... Очиғи, тушуниш қийин. Ишга профессионал ёндашиш бундай эмасдир. 

Биз ўйиндан сўнг олимпиячиларимиз устози Виктор Жалиловнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Осиё чемпионатига тайёргарликни режа асосида давом эттиряпмиз, - дея сўз бошлади В.Жалилов.  Тошкентда ташкиллаштирилган ўқув-машғулотлар йиғини ҳам шу тайёргарликнинг бир бўлагидир. Бу галги қисқа муддатли машғулотларимиз асосан терма жамоага номзод футболчиларнинг бугунги ҳолатини кўздан кечиришга хизмат қилди. Барибир, клубдаги машғулотлар, унга ёндашув ва терма жамоадаги талаб ўртасида катта фарқ бор. Шу боис, футболчиларни яна бир бор тўплаб, умумий ҳолатни кўриб олдик. Назарий маш­ғулотларда ҳар бир футболчига кўпроқ нималар устида ишлаш кераклигини уқтиряпмиз. Кун ўтгани сайин Осиё чемпионати старти яқинлашяпти. Демак, Қатарга борадиган таркибни тезроқ аниқлашимиз керак. Чунки Дубайдаги 2та йиғинда ихчам таркиб билан ишлаймиз. БААга 40 нафар футболчини олиб боролмаймиз-ку. Шунинг учун ҳам, ушбу қисқа муддатли йиғин жуда керак эди. Энди айрим ўйинчиларга жавоб берамиз ва қолганлар билан қитъа чемпионатига тайёргарликни давом эттирамиз.

- «Навбаҳор»га қарши кечган учрашув ҳақида қандай фикрдасиз? Таассуротларингиз...

- Кўрдингиз, икки бўлимда икки хил таркибни майдонга туширдик. Биринчисида «Навбаҳор» футболчиларининг жисмоний ҳолатлари яхшироқ бўлгани учун ўйин деярли тенг курашлар остида кечди. Танаффусдан кейин таркибни бутунлай ўзгартирдик, майдонга 11 нафар янги футболчи тушди. «Навбаҳор» эса деярли биринчи бўлимдаги таркиби билан тушди. Шу боисми, иккинчи бўлимда бизнинг футболчилар рақиб ўйинчиларига қараганда, тетикроқ кўринишди. Рақиблар жисмонан чарчаб қолишди. Лекин бизнинг ўйинчилар бундан фойдалана олишмади.

- Айнан шу ҳақда сўрамоқчимиз. Шоҳназар Норбековнинг ўзида 2та қулай вазият юзага келди. Қолган футболчилар ҳам бир неча бор деярли очиқ дарвозага тўп кирита олишмади. Бундай хатоларни Жанубий Корея каби жамоаларнинг кечиришлари қийин-ов...

- Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Вазиятлардан максимал даражада фойдаланиш шарт. Нафақат Ж.Корея, балки гуруҳдаги қолган рақибларимиз ҳам буни кечиришмайди. Демак, ҳали ишлашимиз зарур бўлган жиҳатлар бор. Энди Дубайдаги йиғинларда бу камчиликлар устида тўлақонли ишлашимиз мумкин.

- Иккинчи бўлим ўрталарида Жамшид Искандеровни майдонга туширдингиз. Унинг ҳолати қандай?

- Жамшиднинг ҳозирги тайёргарлигини 70-80 фоизга баҳолашим мумкин. Агар ўзини руҳий томонлама тиклай олса, тез орада терма жамоамизга яна катта фойда келтира бошлашига шубҳам йўқ. Ҳарқалай, Искандеровга ўхшаган истеъдодли футболчилар оз. Афсуски, жароҳат унга  панд берди. Ахир узоқ муддат майдон ташқарида қолиб кетди.

- Терма жамоада маслаҳатчи-мураббий лавозимида ишлаётган Деян Журжевичнинг рақибларни ўрганиш бўйича катта ёрдами тегяпти, чоғи. У айни пайт Ж.Кореяда бўлиб турибди. Журжевич билан гаплашдингизми?

- Ҳар куни алоқага чиқамиз. Деян Жанубий Корея -Австралия ўйинини бевосита стадионда томоша қилди. Бу жамоалар ўртасидаги иккинчи ўйиндан сўнг Журжевич Тошкентга қайтади. Кейин биргаликда гуруҳдаги асосий рақибимиз ҳисобланган корейс термасини ўрганиб, барчасини таҳлил қиламиз.

- Навбатдаги йиғин қачон ташкил этилади?

- Менимча, ноябрда футболчиларни йиғолмасак керак. Чунки чемпионат ўйинлари ҳал қилувчи паллага киради. Очко ҳаммага сув ва ҳаводек зарур бир пайтда номзод футболчиларни чақиртириш тўғри эмас. Қолаверса, мавсум охирида футболчиларга бироз ҳордиқ чиқаришлари учун имконият яратишимиз керак. Юқорида айтганимдек, асосий йиғинларимиз декабрь ойида бўлади. 2-14 декабрь кунлари икки ҳафталик илк машғулотимиз Дубайда ташкил этилади. Кейин 2 кунга Тошкентга қайтиб, футболчиларга қисқа фурсат дам берамиз. Иккинчи йиғин 17-28 декабрь кунларига мўлжалланган. Терма жамоалар маркази шу йиғинлар доирасида жами 7та ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишувга эришган. Рақиб жамоалар номи деярли 90 фоиз маълум.

- Масалан, қайси жамоалар билан ўйнаймиз?

- Австралия, Япония, Қатар олимпия жамоаларига қарши ўйинлар аниқ белгиланган. Шу кунларда қолган рақиблар билан ҳам ўйин куни хусусида келишиб оламиз. Шундан сўнг бу ҳақда маълумот беришим мумкин. Осиё чемпионатида иштирок этадиган аксарият терма жамоалар декабрда айнан Дубайда тайёргарликнинг сўнгги босқичини ўтайдилар. Шундай экан, ўртоқлик учрашувлари масаласида қандайдир муаммо туғилмаса керак.      

 

Жамшид Искандеров (терма жамоа ярим ҳимоячиси):

- Секин-аста аввалги спорт формамни тиклаб боряпман. Жароҳат сабаб, анча вақт яшил майдондан ташқарида юрдим. Албатта, бу ўз таъсирини кўрсатди. Мана, муҳим ўйинларда «Пахтакор»га ҳам ёрдам беролмаяпман. Бугун терма жамоа мураббийлари менга 20-25 дақиқа ўйнаш имкониятини тақдим этишди. Ўйлайманки, учрашувдан учрашувга ўйинимни кучайтириб бораман. Олдинда бизни жуда муҳим мусобақа кутиб турибди. Осиё чемпионати Рио-2016 Олимпиадасига йўлланма бериши билан аҳамиятли. Ҳозир бор эътиборимиз қитъа чемпионатида муносиб иштирок этган ҳолда, кучли учликдан жой олиб, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга қаратилган.

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Киритилди: 22:21, 15.10.2015.
Ўқилди: 7252 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.