Мюнхенликлар бундеслига стартидаги 8та ўйинни ҳам ўз фойдаларига ҳал қилишди. Боз устига, ўта ишончи тарзда. Эътибор беринг, Хосеп Гвардиола жамоаси жами 28та гол урган ҳолда, ўз дарвозасидан бор-йўғи 4 марта тўп олиб чиқди. Хуллас, ўртача айтганда, ҳар бир ўйинни 3,5:0,5 ҳисобида тугатяпти. «Бавария» ҳаттоки, турнир жадвалидаги энг яқин таъқибчиси - «Боруссия»ни ҳам 5:1 кўринишида «калтакладики», бу кўп нарсадан далолат. Муваффақиятга сезиларли улуш қўшаётган тиниб-тинчимас Филипп Лам Sport1 учун берган интервьюсида турли масалалар хусусида фикр билдирди.
Матс Хуммельснинг танқидига муносабат. «Эҳтирос - бу футболнинг ажралмас қисми. Лекин баъзан эҳтиросни юзага чиқармаган маъқул. Хуммельснинг гапларига қандайдир изоҳ беролмайман. Кўпчилик билади, одатда бундай нарсаларга эътибор қаратмайман. Қолаверса, Матсни муҳокама этишга ҳаққим йўқ. Фақат шуни айтишим мумкин, у ажойиб футболчи ва қойилмақом шерик. Ҳарқалай, биз терма жамоада биргаликда кўп ютуқларга эришганмиз, хусусан, жаҳон чемпиони бўлганмиз».
Марио Гётце шаънига бўлаётган танқидлар ҳақида. «Марио худди ўтган мавсумда бўлганидек кўплаб ўйинларда майдонга тушмоқда. Шахсан мен унинг машғулотларда дангасалик қилиши хусусидаги айблов-танқидларга сира қўшилмайман. Марио билан ҳар куни кўришаман ва машғулотларда ҳам энг яхшилардан бири эканлигини бемалол таъкидлай оламан. У ҳали анча ёш, аммо етарли тажрибага эга. Ёш футболчининг кучли танқидлар бўронига дош бериши анча мушкул. Хайриятки, Марио сабрли йигит. Қолаверса, биз бутун жамоа бўлиб, уни қўллаб-қувватламоқдамиз. Чунончи, унинг «Бавария» учун нақадар муҳим ўйинчи эканлигини жуда яхши тушунамиз».
Роберт Левандовскининг голли серияси ҳақида. «Роберт «пента-трик»ка эришган ўйиндан сўнг у билан жиддий оҳангда гаплашиб олдим. Яъни нега 7та гол урмаганини тушунтириб беришини сўрадим (кулади). Жиддий айтсак, ҳафта давомида 10та гол урдики, бундан ақлни йўқотиш ҳеч гап эмас. Ҳозир Левандовскининг голли серияси қанча давом этишини билмайман. Аммо биз унинг гол уришдан тўхтамаслиги учун қўлдан келганича ёрдам беришга тайёрмиз».
Бастиан Швайнштайгернинг йўқлиги ҳақида. «Октоберфестга йўл олган пайтимиз энди Швайни биз билан бирга эмаслигини яна бир бора англадик. Зеро, у доимо бежирим кийинарди, худди ҳақиқий бавариялик каби. Бастини роса қўмсаяпман, айни пайт клубда менга айнан у етишмаяпти».
Фаолияти якунлангач, терма жамоада ишлаши хусусида. «Бундай вариантни инкор этмайман. Лекин ҳали камида яна 3 йил юқори савияда ўйнамоқчиман. Умуман, бутсаларимни михга илганимдан сўнг нима билан шуғулланишимни тахминан биламан. Катта эҳтимолки, футболда қоламан. Агар терма жамоада ишлаш имконияти туғилса, нур устига аъло нур бўлади».
Қачондир «Бавария»ни бошқариш орзуси ҳақида. «Клуб тизимида қолишим имконияти катта. Лекин терма жамоада ишлаш хоҳиши кучлироқ эканлигини яширмайман. «Бавария»да унутилмас йилларни ўтказдим ва барчаси учун клубдан ғоят миннатдорман. Ҳеч қачон бошқа клубга ўтмасам керак. Ҳар ҳолда, ўзимни янги жамоада тасаввур ҳам қилолмайман.
Филипп Лам - бош мураббий, Бастиан Швайнштайгер - спорт директори, Томас Мюллер - матбуот котиби... «Шубҳасиз, барчаси қизиқарли туюлмоқда. Лекин бундай бўлишига анча бор (кулади).