Кириш Регистрация

Бу сафар “Локомотив” чемпион бўладими?

Баҳо:
+ | -

Футбол бўйича Ўзбекистон XXIV миллий чемпионати секин-аста ўзининг авж палласига кириб бормоқда.

Олий Лигада чемпионлик учун кураш олиб борадиган ва элитада жон сақлаб қолишга уринадиган жамоалар номи аллақачон маълум бўлиб улгурди. Фақат ўша чемпион қайси жамоа бўлиши-ю Олий Лигани қайси клуб тарк этишини аниқлаб олиш қолмоқда, холос. Мана клублар 26-тур ўйинларини ҳам ўтказиб олишди. Мазкур тур доирасидан ўрин олган баҳсларда қайд этилган натижалар кўп жиҳатларга ойдинлик киритиб берди, десак хато бўлмаса керак. Зеро, “Бухоро” жамоасининг элитани тарк этиш масаласи турдан-турга аён бўлиб бормоқда. Мазкур турда сафарда “Нефтчи”ни мағлуб этишни уддалаган “Андижон” эса хавфли зонадан бироз бўлсада узоқлашишни уддалади.

Шунингдек, мусобақа жадвалида 4-ўрин учун курашадиган икки жамоа ҳам маълум. “Бунёдкор” ва “Нефтчи” келаси йили Осиё Чемпионлар Лигаси саралаш раундида иштирок этиш имконини тақдим этувчи мазкур ўрин учун жиддий кураш бошлашган. Мазкур курашда айниқса, 26-турда мусобоқа жадвали пешқадами “Пахтакор”ни мағлуб эта олган “Бунёдкор”нинг имкониятлари бироз юқорироқ баҳоланаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиздир.

Барчамизни қизиқтираётган асосий масала эса чемпионат олтин медалларининг қайси жамоага насиб этишидир. Хўш, 2015 йилги мавсумда Ўзбекистон чемпиони қайси жамоа бўлар экан?! Қуйида шу саволга жавоб излашга ҳаракат қилиб кўрсак…

“Пахтакор”
“Пахтакор” мавсумни бир текисда ўтказиб келмоқда. Жамоа деярли ҳар бир турда ғалабага эришиб, ўз мухлисларини хушнуд этмоқда. Аммо сўнгги турда дербида “Бунёдкор”га имкониятнинг бой берилиши “шерлар”нинг ашаддий ишқибозларини ҳам бироз хавотирга солиб қўйди. Зеро “Пахтакор”ни изма-из таъқиб қилиб келаётган “Локомотив” яна “шерлар”га яқинлашиб олиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, “Пахтакор”ни олдинда “Насаф”га қарши ўйин кутиб турганини инобатга оладиган бўлсак, бу клубга мусобақа жадвалида 1-ўринни ўзида сақлаб қолиш осон бўлмаслигига амин бўламиз. Кўрамиз, Нўъмон Ҳасанов пахтакорчиларни олтин медаллар томон етаклай олармикан…

“Пахтакор”нинг кейинги учрашувлардаги рақиблари:
Пахтакор – Динамо
Машъал – Пахтакор
Насаф – Пахтакор
Пахтакор – Андижон

“Локомотив”
Чемпионликни чиндан истаётган клуб – бу “Локомотив” десак, хато бўлмаса керак. Зеро “темирйўлчилар” мана неча мавсумдирки олтин медалларга ҳаракат қилиб келишади. Аммо якунда бу масала ортга сурилаверади. Шуни ҳисобга олиб клуб раҳбарияти бу мавсумда жамоа олдига фақат ва фақат чемпионлик вазифасини қўйганди. Бу йўлда хатто жамоа ўзининг узоқ йиллик устози Вадим Абрамовдан ҳам воз кечди. “Қўқон-1912” билан дуранг ўйналиши жамоа раҳбариятига хуш келмади ва Абрамов истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини эса энди Мирко Йеличич ва Андрей Микляевлар босишга ҳаракат қилишади. Хўш, улар буни уддалай олишадими? Бизнингча, ҳа! Зеро “Локо” таркиби анча шаклланган футболчилардан иборат. Бу айни вазиятда “темирйўлчилар”га анча қўл келиши тайин. Фақат ўйинга мос тактика танланса бас. Қолаверса, олдинда турган 4 та турда “Локомотив”га рақиблик қиладиган жамоалар мусобақа жадвалида етакчилар қаторида эмас ва клубнинг салоҳиятидан келиб чиқадиган бўлсак, “Локо”нинг бу ўйинларда максимал очко жамғара олишига ишониш мумкин.

“Локомотив”нинг кейинги учрашувлардаги рақиблари:
Қизилқум – Локомотив
Локомотив – Шўртан
Локомотив – Машъал
Навбаҳор – Локомотив

“Насаф”
26-турдан кейинги мусобақа жадвалига эътибор қаратадиган бўлсак, Қаршининг “Насаф” жамоасида ҳам мамлакат чемпионлигини қўлга киритиш учун яхшигина имконият бор. Зеро 3-поғонада бораётган “Насаф” ва мусобақа жадвали карвонбошиси “Пахтакор” ўртасида атиги 3 очко фарқ бор, холос. Олдинда ҳали 4 та бор эканини инобатга олсак, бу фарқни йўққа чиқаришнинг имкони бор. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, “Насаф”ни олдинда оддий ўйинлар кутаётгани йўқ. “Аждарлар” дастлаб “Бунёдкор”, сўнгра “Пахтакор” ва якунда “Машъал” қаршилигини енгишлари лозим бўлади. “Насаф” футболчилари ҳозирда оптимал формада. Буни Кубок финалида кўрдик. Аммо кетма-кет кучли рақибларни мағлуб этиш учун “Насаф”нинг кучи етармикан…

“Насаф”нинг кейинги учрашувлардаги рақиблари:
Насаф – Бунёдкор
Динамо – Насаф
Насаф – Пахтакор
Машъал – Насаф

Мусобақа жадвали айни дамга келиб қуйидагича кўриниш олди:

ЖамоаЎйинҒалабаДурангМағлубиятТ-НОчко
1 Пахтакор 26 20 3 3 51-22 63
2 Локомотив 26 19 5 2 56-19 62
3 Насаф 26 19 3 4 45-17 60
4 Бунёдкор 26 16 3 7 34-18 51
5 Нефтчи 26 15 3 8 35-23 48
6 Олмалиқ 26 12 5 9 48-42 41
7 Машъал 26 10 5 11 35-38 35
8 Қизилқум 26 10 3 13 35-42 33
9 Металлург 26 9 5 12 40-33 32
10 Навбаҳор 26 9 4 13 34-44 31
11 Шўртан 26 6 9 11 37-47 27
12 Қўқон-1912 26 7 4 15 27-43 25
13 Андижон 26 7 3 16 23-43 24
14 Динамо 26 6 4 16 25-39 22
15 Сўғдиёна 26 6 2 18 23-53 20
16 Бухоро 26 4 5 17 23-48 17


Гувоҳи бўлаётганингиздек, 26-турдан сўнг чемпионлик пойгасига яна интрига қайтди. Энди чемпионлик учун икки эмас, балки учта жамоа кураш олиб боришмоқда. Кўрамиз, якунда омад қайси клубга кулиб боқар экан…

З.Акрамхонов.

Манба: sports.uz
Киритилди: 15:57, 22.10.2015.
Ўқилди: 5017 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.