Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Вадим Абрамов:«Кетишимни исташган экан, буни ортиқча муҳокама қилмадим»

Баҳо:
+ | -

Олий лиганинг 25-тури доирасидаги «Қўқон-1912» - «Локомотив» учрашуви (2:2)дан сўнг «темирйўлчилар» раҳбарияти жамоа бош мураббийи Вадим Абрамовни истеъфога чиқарди. Чемпионлик учун курашаётган жамоанинг Қўқонда қоқилиши клуб раҳбариятининг сабр косасини тўлдирди. Гарчи, ўйинда 2:0 ҳисобида олдинда боришаётган бўлсада, «Локомотив» футболчилари бу устунликни финал ҳуштаги янграгунига қадар сақлаб қола олмадилар. Натижада, ўйиннинг эртаси куни навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилиб, бош мураббий Вадим Абрамовга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Вадим Карленович билан бирга унинг ёрдамчиси Марат Мифтахутдинов ҳам жамоани тарк этди. ғалвир сувдан кўтариладиган пайтда ҳар бир очконинг қиймати олтиндан ҳам қимматлашади. Шуни инобатга олган «Локомотив» раҳбарияти Қўқондаги дурангни ҳазм қила олмади. Биз Вадим Абрамовдан айни мавзуда интервью олдик.

- Вадим Карленович, Қўқондаги ўйинда ҳисобда олдинда бора туриб, якунда ғалабани қўлдан чиқардинглар. Бунга хотиржамликка берилиш сабаб бўлдими?

- Биласизми, ҳисоб 2:0 кўринишига келганидан кейин ҳам мезбонлар дарвозасини ишғол қилишимиз керак эди. Бунинг учун имкониятлар  юзага келганди. Афсуски, вазиятлардан фойдалана олмаслик бизга панд берди. Ўйиннинг 70-дақиқасидан кейин йигитлар хотиржамликка берилишди ва бунинг оқибатида ўз дарвозамиздан иккита тўп олиб чиқдик. Шу куни мағлубиятга ҳам учрашимиз мумкин эди. Яхшиям, майдон эгалари юзага келтирган хавфли вазиятларни голга айлантира олишмади.

- Бу натижада сизнинг айбингиз кўпроқ бўлдими ёки 2:0 ҳисобидан ҳаволаниб кетиб, хотиржамликка берилган футболчиларингизними?

- Ҳар қандай ҳолатда ҳам натижага мураббий жавобгар бўлади. Бу- футбол қонуни. Лекин умумий олиб қарайдиган бўлсак, сафарда дуранг қайд этиш бу фожиали натижа эмас. Жаҳон футболига эътибор қаратинг. Лондоннинг «Челси» клуби мавсумни қандай бошлади ва қандай давом эттиряпти. Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бормоқда. «Милан» клуби қандай кунларни бошидан ўтказяпти. Франция чемпионатига назар ташланг, гранд жамоалар қайси ўринларда боришяпти. «ПСЖ» бундан мустасно. Футболда бундай ҳолатлар учраб туради. «Қўқон-1912» жамоаси ҳам «совға» эмас, яхши шаклланган. Стадион тўла мухлислар жамоани қўллаб-қувватлаб, футболчиларнинг фақат олдинга интилишини таъминлашяпти.

- Истеъфога чиқарилганингиз ҳақидаги маълумотни қаердан эшитдингиз?

- Клуб раҳбарияти истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзишимни сўради. Ўйиннинг эртаси куни мажлис бўлиб ўтди. Унда мазкур масала ҳал этилди. Жамоа раҳбарлари мураббийликдан кетишимни исташибдими, буни ортиқча муҳокама қилмадим. Мен билан бирга катта мураббий Марат Мифтахутдинов ҳам «Локомотив»ни тарк этди. Энди бошқа томондан олиб қарасак, чемпионлик учун бизда ҳали имконият бор эди. «Пахтакор»ни олдинда «Бун-ёдкор», «Насаф» жамоаларига қарши сафарда ўтказиладиган ўйинлар кутиб турганди. Чемпион жамоанинг бу баҳсларда очко йўқотиши мумкинлигини инобатга олсак, бизда ҳали ҳеч нарса йўқотилмаган эди. Кураш охиригача давом этарди. Ўзбекистон кубоги финалида мағлубиятга учраган «Бунёдкор» чемпионатда кучли учликдан жой олиши эвазига ОЧЛда қатнашиши мумкин. Уларда ҳали бу имконият бор эди ва табииийки, «Пахтакор»га қарши кечадиган ўйин (суҳбат 20 октябрь куни уюштирилган, - муаллиф) «Бунёдкор» учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга учрашув бўларди. Қолаверса, «Насаф»нинг ҳам чемпионлик учун курашиш имконияти бор. Гарчи улар Ўзбекистон кубогида зафар қучиш орқали ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишган бўлсада, бу уларнинг тўхтаб қолишини англатмайди.

- «Локомотив» жамоасидаги ички муҳит яхшими?

- Албатта. Бу борада муаммо йўқ. Биз 25 ўйиннинг 2тасида мағлубиятга учрадик. Ўйлашимча, бу нормал ҳолат. Футбол ривожланяпти. Бош-қа жамоалар ҳам бир жойда қотиб қолишгани йўқ. Ҳа, биз ўйин жиҳатидан олий лигадаги энг кучли жамоамиз. Лекин бу ҳамма ўйинда ғалаба қозонишимизни кафолотламайди. Очко йўқотмайдиган жамоанинг ўзи йўқ. Сўнгги турларда турнир жадвалининг қуйи поғоналарини эгаллаб турган клублар жуда кучли ўйин намойиш этишади. Бу анъанага айланган. Шундай экан, ҳали кутилмаган натижалар қолган тур ўйинларида етарлича кузатилади.

- Эшитишимизча, клуб раҳбариятининг футболчилар олдида қарзи бўлиб, бир нечта ўйиннинг мукофот пуллари ҳалигача берилмаган экан. Балки, ана шу ҳолат ҳам футболчиларнинг ўйинига салбий таъсир ўтказгандир?

- Мен бундай деб ўйламайман. Футболчи ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз вазифаси ва мажбуриятига профессионал тарзда ёндошиши шарт. Масалан, бир пайтлари «Трактор» клубида ишлаб юрган кезларим 5 йил маош олмаганман. Футболчилар ҳам тўкис эмасдилар. Лекин бунга чидардик. Менимча, бу ҳолат натижага салбий  таъсир ўтказмаса керак.

- «Локомотив» таркибида ўз вақтида катта маблағ эвазига ўйнаган футболчилар етарли. Эҳтимол улар маошлардаги узилишларга чидай олишмагандир. Бу борада фикрингиз қандай?

- Футболчилар ҳақида фикр билдира олмайман. Буни уларнинг ўзларидан сўраш керак. Юқорида айтганимдек, маош ва мукофот пуллари асосий ролни ўйнамайди. Шунчаки, «Қўқон-1912» жамоаси иккинчи бўлимни юқори нотада ўтказди. Юзага келтирилган вазиятлардан унумли фойдаланди. Биз эса ўйин суръатини пасайтириб юбордик ва рақибга ташаббусни топшириб қўйдик.

- Сўнгги пайтларда келишилган ўйинлар ҳақида кўп гапириляпти. Ҳатто бу борада жазо ҳам қўлланилди. Футболимиздаги бундай иллатлар ҳақида шахсий фикрингиз қандай?

- ЎФФ қошида келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси бор. Бу бўлим келишилган ўйинларни аниқлаш, айбдорларни топиш ва айбини бўйнига қўйиш билан шуғулланади. Агар «Қўқон-1912» жамоасини мағлубиятга учратганимизда, ишонинг, «Локомотив» рақиб жамоани сотиб олибди, деган гап-сўзлар урчиб кетарди. Рустам Абдуллаев жамоаси тоза ўйнагани учун, бугун «Локомотив»дан очко тортиб олди, деганларни ҳам эшитдим. Бу билан биз айнан шундай гап-сўзларнинг олдини олиш учун дуранг ўйнадик, демоқчи эмасман. Шунчаки, тилнинг суяги йўқ, айримлар оғзига келганини гапираверади. Бошқалар ҳам шунга ишонади.   

- Умуман, миллий чемпионатимизнинг бу йилги мавсуми сиздан қандай таассурот қолдиряпти?

- Агар сўнгги турдаги натижаларни инобатга олсак, ёмон эмас. Кутилмаган натижаларнинг қайд этилиши чемпионатимизда ўсиш кўзга ташланаётганидан дарак беради. Олий лиганинг мавсум бошидаги ўйинлари ҳам худди сўнгги тур учрашувлари каби ўтганида яна ҳам яхшироқ бўларди.

- «Локомотив»даги фаолиятингизга назар ташлаб, қандай хулосага келдингиз?

- Инсон ҳеч қачон ўзига-ўзи баҳо бермаслиги керак. Лекин шундай инсонлар ҳам бор (кулади). Ҳар бир мураббийнинг қисматида истеъфо бор. Бунга биз мураббийлар ҳар доим тайёр турамиз. Агар сизнинг ўрнингизга келган мураббий керакли натижани қайд эта олса, унда биз ич-ичимиздан хурсанд бўламиз. Умуман олганда, «Локомотив» билан у даражада ёмон натижаларга эришмадик. ОЧЛнинг гуруҳ босқичида иштирок этдик. Гарчи гуруҳдан чиқа олмаган бўлсакда, Қатарнинг «Ал-Садд» клуби йирик ҳисобда мағлуб этилди. Бу йил жамоамиз таркибида янги истеъдодлар кашф қилинди. Хусусан, бугунги кунда жамоа тўпурари бўлиб турган Санжар Шоаҳмедов яхшигина ўсишга эришди, миллий терма жамоага ҳам таклиф этилди. Унинг ҳисобида ҳозирча олий лигада 13та гол бор. Ярим ҳимоячи учун бу ажойиб натижа. Шунингдек, Икром Алибоев ҳақида ҳам ижобий фикрдаман. Уни ҳам мавсум кашфиётлари сафига қўшиш мумкин. Марат Бикмаев яна тўпурарлик маҳоратини намойиш эта бошлади. Ютуқлар бўлди ва буни ҳеч ким инкор эта олмайди.

- Келгуси режалар қандай?

- Ҳозир бироз дам олишим керак. Мавсум охирлаб қолди. Янги йилдан умидларим катта. Мураббийлик фаолиятим давом этади. Албатта, янги таклифларни кутиб қоламан. 

Манба: InterFutbol газетаси

Киритилди: 11:16, 23.10.2015.
Ўқилди: 7100 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.