Айтишларича, Криштиану Роналду Рафаэль Бенитес билан умуман гаплашмас экан. Қизиқ, унда ёрқин юлдуз билан таниқли мураббийнинг гранд жамоадаги ўзаро мулоқоти қандай кечади? Наҳотки, улар сурдо тили ёрдамида гаплашсалар? Маълум бўлишича, испаниялик мутахассис нафақат ўз шогирдлари, балки «ўнг қўли» бўлмиш ассистентлари билан ҳам чиқиша олмас экан.
Пако АЙСТЕРАН
Ҳатто чинакам эркакларга хос бўлган узоқ йиллик дўстлик ришталари ҳам вақти келиб чирт узилиши, томонлар ўзаро ғанимларга айланиб қолишлари ҳеч гапмас. Айнан шундай воқеа 2007 йилда юз берди: Истанбул мўъжизаси муаллифи - Рафаэль Бенитес «Ливерпул»да ўзининг энг яқин ёрдамчиси Пако Айстеран билан келиша олмай қолди. Шу тариқа, ажралмас жуфтлик ҳамкорлигига дарз кетди.
Улар илк марта «Осасуна»да танишган эдилар. Дуэтнинг самарали ҳамкорлиги эвазига «Эстремадура» ва «Тенерифе» жамоалари примерага чиқишди. Кейинчалик ушбу жуфтлик «Валенсия»ни 2 марта Испания чемпионлигига олиб чиқишди, УЕФА кубоги қўлга киритилди.
Самарали фаолият Англияда ҳам давом этди - қалин дўстлик билан юксак профессионализм дуэтга ЕЧЛни туҳфа этди. «12 йилга чўзилган сермаҳсул ҳамкорлик бизни ажралмас дўстларга айлантирди, бир-биримизни бир қарашдаёқ тушуниб олардик» - деганида Айстеран айни ҳақиқатни айтганди. Аммо тез орада Бенитеснинг айрим ҳаракатлари Айстеранни қониқтирмай қўйди. Ўз навбатида, Рафа ёрдамчисини хоинликда айблай бошлади. Гўёки, Айстеран пинҳона равишда «Атлетик» ва «Барселона» билан музокараларга киришган эмиш. Кейинчалик Бенитес мазкур қилмишни ҳали-ҳануз қони тўхтамаган ярага қиёслаганди. Табиийки, Айстеран бу айбловларни рад этиб, «Ливерпул»га бўлган юксак ҳурмати туфайли Авраам Грантнинг «Челси»га ўтиш таклифини қабул қилмаганини маълум қилди. Аммо жуфтликка аввалги аҳилликни тиклаш насиб қилмади.
Альберт РИЕРА
Бу футболчи ҳеч қачон «Ливерпул»нинг асосий таркиб ўйинчиси даражасига кўтарила олмаган. Лекин у можароларга ўч табиати билан донг таратган. Жумладан, 2010 йилда ярим ҳимоячи матбуот орқали ўз устозини танқид қилганди. Риеранинг фикрига кўра, «қизиллар»нинг омадсизликларига Бенитеснинг ўз шогирдлари кўнглига йўл топа билмаслиги сабабчи экан. Футболчи «Ливерпул»ни чўкаётган қайиққа қиёслаганди. Бенитес эса уни машғулотлардан четлатиб, 70 минг фунт жарима билан жазолади. Тез орада мураббий «Энфильд»ни тарк этди. Альберт бу ўзгаришни мамнуният билан кутиб олди - футболчининг ЖЧдан четда қолишига айнан Бенитес сабабчи экан.
Жон ТЕРРИ
Гарчи Бенитес «Челси» билан ЕЛ кубогини қўлга киритган бўлсада, Лондондаги фаолиятини кўнгилли ўтди, дейиш қийин. Аввало, уни мухлислар хушламай қарши олишди, кейин у «кўклар» рамзига айланган Жон Терри билан тил топиша олмади. Сабаби - мураббий уни асосий таркибга киритмай қўйганди. Жамоа «Манчестер Сити»дан 0:2 ҳисобида мағлуб бўлгач, 90 дақиқа захира ўриндиғида қолиб кетган сардор Рафа билан орани очиқ қилишга қарор қилди.
Мураббийдан Манчестердаги омадсизлик сабабларини изоҳлаб беришни талаб қилди. Бенитес эса Жонни тилини тийишга чақирди. Оқибатда, жиддийгина можаро юз берди. Албатта, испаниялик мутахассис бу фактни инкор этди. «Газеталардаги хабарлар мени ҳайрон қолдирди, Жон билан ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ». Қизиғи, футболчи ҳам устозини қўллаб-қувватлади: «Тезроқ майдонга қайтиш иштиёқида эканимни мураббий яхши билади. Жароҳат туфайли узоқ вақт четда қолдим, ўрнимга тушган марказий ҳимоячилар муносиб тўп суришди. Асосий таркибдан жой олиш учун рақобат барча жамоаларда мавжуд».
Сэр Алекс ФЕРГЮСОН
Икки машҳур мутахассис ўртасидан қора мушук ўтишига ҳимоячи Габриэль Хайнце сабабчи бўлди. 2007 йил ёзги трансфер мавсумида Бенитеснинг бош мақсади аргентиналик футболчи эди. Бироқ «МЮ» мураббийи Хайнценинг ҳеч қачон «Ливерпул»га ўтмаслигини маълум қилди. Шу тариқа, улар ўртасига совуқчилик тушди. У «Ливерпул»ни фаолияти давомида дуч келган энг зерикарли жамоа, Рафани эса ўз хатти-ҳаракатларини бошқара олмайдиган телба сифатида қайд этди.
Жозе МОУРИНЬО
Португалиялик мураббий ҳам Бенитесга нафрат билан қарайдиганлар тоифасидан. Тақдир тақозоси билан «беназир» устозлик қилган жамоалар кейинчалик испаниялик мутахассис раҳбарлиги остида фаолият юритишди. Масалан, у Моудан кейин «Челси»ни бошқариб, ЕЛда ғолиб чиқди. Португалиялик мураббий испаниялик касбдошининг муваффақиятини пастга уришга уринди: «ЕЛ кубогини нуфузли соврин деб ҳисобламайман». Бенитес ҳам жавобни пайсалга солиб ўтирмади: «У сафсата сотишни ёқтиради, мен эса иш билан жавоб беришни хуш кўраман. «Ливерпуль» билан унинг «Челси»сини ЕЧЛдан чиқариб юбордим. Ваҳоланки, жамоамнинг бюджети уникидан 2 бараварга озроқ эди». Бенитесга «Интер»ни қабул қилганида ҳам «беназир»нинг писандаларидан қутула олмади: «Бенитесга «Интер»да мен каби тер тўкиш шарт эмас. 1 ой давомида бемалол 3та турнирда ғолиб чиқиши мумкин. Чунки у барчаси тахт қилиб қўйилган тайёр жамоага келди». Киноя Бенитеснинг рафиқаси Монтсеррат Сеарунинг ҳамиятига тегиб, унинг турмуш ўртоғи учинчи марта португалиялик мураббий амалга оширган тартибсизликларни бартараф этаётганини таъкидлаш билан аламини олди. Бунга жавобан Моуриньо испаниялик хонимга эркаклар ишига аралашишдан кўра ўз турмуш ўртоғининг вазнини назорат қилиши фойдалироқ эканини писанда қилди.
Стивен ЖЕРРАРД
Бенитеснинг оғир табиати хусусида Риера билдирган фикрлар бежиз эмас. Ўзини оқлаш учун мураббий ҳар қанча уринмасин, бир қатор футболчилар ундан норозилар. «Очиғи, мураббий мени қанчалик қадрлаб, ҳурмат қилганидан хабарим йўқ» - Стивен Жеррарднинг Бенитесга берган таърифи мураббий билан шогирд ўртасидаги муносабатлар мақтарли даражада бўлмаганини кўрсатиб турибди. «Қизиллар» афсонаси яқинда чоп этилган автобиографик асарида бу мавзуга аниқлик киритди: «Инсон сифатида Бенитесга ёқардим, деб айтолмайман. Негалигини билмадиму, менга шундай туюларди. Балки бу ҳиссиёт у онам билан илк бор учрашганидан кейин пайдо бўлгандир. Бенитес саломлашганидан кейиноқ ўта қўрс савол билан мурожаат қилганди: «Стивен пулни яхши кўрадими?!» Одатда, саломдан кейин тил учида бўлсада ҳол-аҳвол сўраш тўғри бўларди. Ўша пайтдаёқ таъбим хафа бўлганди: «Қандай бемаъни саволларни беряпти?» Стиви шунингдек, Бенитесдан ташқари барча мураббийлар билан қўнғироқлашиб туришини маълум қилган.
Марко МАТЕРАЦЦИ
Моуриньо билан жуда апоқ-чапоқ бўлган италиялик футболчи Бенитесга нисбатан устози билан бир хил фикрда эди. Моу «Интер»дан кетгач, ҳимоячи бошқа мураббий билан ишлай олмаслигини маълум қилганига қарамай, жамоада қолганди. Ёдингизда бўлса, испаниялик мутахассис раҳбарлигида жамоа клублар ўртасидаги ЖЧда ғолиб чиқди. Бироқ бу ишни Матераццининг ёрдамисиз амалга оширди - финал беллашувида захирада қолган ҳимоячи тақдирлаш маросимида ҳам майдонга тушмади. «Ҳамжиҳатлик эвазига жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлдик. ғалаба тантаналарида иштирок этмаганимдан афсусдаман. Бунинг учун Бенитесдан эмас, фақат жамоадошларимдан узр сўрайман» - деганди ўшанда Матерацци.
«Интер»ни тарк этганидан кейин футболчи яна баёнот берди: «Моуриньо - биринчи рақамли мураббий. Муваффақиятининг сири - футболчиларни ягона лойиҳага бирлаштира олишида. Бенитес билан бошиданоқ чиқиша олмаганман. У мени кийиниш хонасидаги шкафимдан фаолиятимнинг муҳим онлари тасвирланган суратларни олиб ташлашга мажбур этганди. Чунки суратлар Моуриньо ва Липпи даврларига тегишли эди. Бу қилмиши орқали Бенитес табиатини ошкор этди. У ўзини билағондек кўрсатсада, аслида, соясидан ҳам қўрқарди. Агар мен клуб президенти бўлганимда, уни ҳеч қачон ишга олмасдим». Бенитес жавоб қайтармади. Жамоа «Коринтианс»га имкониятни бой берганидан кейин Матераццининг «Твиттер»ида қуйидаги ёзув пайдо бўлди: «2010 йили Абу-Дабида қандай жасорат намойиш этганимизни энди тушундим. Биз мураббийсиз ғалаба қозонишни уддалагандик! Ахир мен сизга айтгандим-ку...» Испаниялик мутахассис бу гал жим ўтиролмади: «Матераццини Италиядагилар ҳам, «Интер»дагилар ҳам яхши биладилар. Доимо ёлғон гапиради. Унинг барча гаплари бўҳтондан ўзга нарса эмас». Марко ҳам зудлик билан жавоб қайтарди: «Мен ёлғончи бўлсам, Бенитес - дистрофик».
Можаро ҳамон ниҳоясига етган эмас. Бенитес «Реал»ни қабул қилгач, собиқ шогирдидан ҳазилнамо табрикни қабул қилиб олди: «Бенитес «Реал»га ўтибди. Унга омад тилайман. Лекин «Реал» мухлисларига янада кўпроқ омад тилайман. Чунки омад уларга кўпроқ керак бўлади».
Серхио РАМОС
«Қироллик клуби»да Бенитесга маъқул келмаган дастлабки футболчи Серхио Рамос бўлди. Можаро Мадрид дербисидан кейин юз берди. Мураббий жамоа сардорининг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаганини билдирди. Ўз навбатида, ҳимоячи мураббийни иккинчи бўлимда омадсиз ўзгаришларни амалга оширганликда айблади. Хайриятки, ўзаро келишмовчилик тезда бартараф этилди. Мураббий ўз шогирди билан машғулот пайтида учрашди ва қисқа суҳбатдан кейин қўл сиқишиб хайрлашди.
Криштиану РОНАЛДУ
Бу футболчининг ўта аразчи эканлиги кўпчиликка маълум. Хаби Алонсо «Олтин тўп» Мануэль Нойерга берилиши керак, деган фикрни билдиргани учун португалиялик юлдузнинг кўнглидан қолганди. Бенитес эса ўз фаолиятидаги энг яхши футболчи сифатида бошқа ўйинчини эътироф этганида, Роналдунинг чинакамига жаҳли чиқди. «Қовун туширгани»ни сезиб қолган мураббий кейинчалик хатосини тузатиб, Криштиануни энг кучли футболчи, деб атади. Аммо бу Роналдунинг кўнглидаги гина-кудуратни ювиб кета олмади. Португалиялик футболчи Бенитес билан гаплашмаяпти. Жамоанинг расмий фотосессиясида Роналду мураббий билан ёнма-ён туришдан бош тортди.