Испания чемпионатининг 9-турида Мадриднинг "Реал" клуби муҳим ғалабани қўлга киритди. Бенитес шогирдлари 2-ўринда бораётган "Сельта" майдонида зафар қучишди.
Мадридликлар ўйинни фаол бошлашди ва мезбон ҳимоячиларининг пала-партиш ўйинидан фойдаланган Роналду 8-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлди. "Сельта" аста-секин вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилаётганида ҳимояда яна бир марта хатога йўл қўйди. Хесенинг узатмасидан кейин Данило жарима майдончаси ичида дарвозабон билан ёлғиз қолди ва аниқ зарба билан ҳисобни 2:0га етказди.
Шундан кейин ташаббус виголиклар томонига ўтди. Биринчи бўлим охирига қадар улар бир нечта хавфли вазиятларни яратишди. "Реал" посбони Кейлор Навас камида 3 марта муқаррар голдан жамоасини қутқарди.
Иккинчи бўлимнинг 57-дақиқасида "Сельта" футболчиси Густаво Кабраль керакмас жойда ҳакамга кескин эътироз билдирди ва иккинчи сариқ карточкасини олиб, майдонни тарк этди. "Сельта" майдонда бир киши кам бўлиб қолганига қарамай ҳужум қилишда давом этди. "Мадрид" иккинчи бўлимда нисбатан тартибли ҳимояланди. Шунга қарамай, мезбонлар ҳужумларининг бири 85-дақиқада ўз самарасини берди. Нолитонинг жарима майдончаси ташқарисидан йўллаган кучли зарбасини Навас қайтара олмасди. Тўп "тўққизлик" орқали тўрга бориб тушди. Орадан 1 дақиқа ўтар-ўтмас мезбонлар ҳисобни тенглаштиришларига бир баҳя қолди. Нолитонинг узатмасидан кейин Гвидетта жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилди ва 12 метрдан зарба йўллади. Тўп футболчининг оёғига яхши ўтирмагани учун зарба аниқ чиқмади.
Иккинчи бўлимда мадридликлар қарши ҳужумлардан фойдалана олишмади. Жумладан, Васкес ва Роналду бирга бир вазиятда дарвозабонни алдай олишмади. Ўйинга қўшиб берилган 5 дақиқанинг сўнгги сонияларида Марсело яккама-якка вазиятни совуққонлик билан голга айлантира олмади.
Ушбу ғалабадан кейин "Реал" "Сельта"дан 3 очкога илгарилади ва камида бир кунга яққол пешқадамликни ўз қўлида сақлаб туради.
Испания чемпионати, 9-тур
Сельта – Реал Мадрид 1:3 (0:2, 1:1)
Голлар: 0:1 – 8 Роналду, 0:2 – 23 Данило, 1:2 – 85 Нолито, 1:3 – 90 Марсело.
Сельта – Альварес, Кабраль, Кастро, Мальо, Гомес, Эрнандес (Планас, 81), Фернандес, Орельяна (Гвидетти, 82), Васс (Радоя, 67), Нолито, Аспас.
Реал Мадрид – Навас, Варан, Марсело, Данило, Рамос, Кроос, Каземиро, Хесе (Черишев, 70), Модрич (Начо, 80), Васкес (Иско, 62), Роналду.
Огоҳлантиришлар: Кабраль (37), Васкес (52), Аспас (57), Эрнандес (57), Фернандес (57), Нолито (61).
Четлатиш: Кабраль (57).