"Барселона" Испания чемпионатининг 9-тури доирасида навбатдаги ғалабани қўлга киритди. Бу сафар "Эйбар" Каталонияда мезбонлар босимига дош бера олмади.
Лионель Месси ўйнамаётгани учун "Барса"нинг ҳар бир ўйинда турли футболчи қаҳрамонга айланмоқда. Ла лиганинг аввалги турида Неймар "покер"ни расмийлаштирган бўлса, ЕЧЛ доирасида БАТЭга қарши ўйинда Ракитич "дубл"га эришди. Энди эса навбат Суаресга етиб келди.
Ўйиннинг 10-дақиқасида, кутилмаганда, "Эйбар" ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Меҳмонлар ҳужумчиси бирга бир вазиятга чиқиб, икки ҳимоячи орасида бир амаллаб зарба берди. Тўпни Браво қайтарди. Қайтган тўпни Борха Бастон бўш қолган дарвозага жойлади.
"Камп Ноу" эгалари ҳисобни тенглаштиришлари учун 11 дақиқа керак бўлди. Комбинация чиройли чиқди. Сандро Рамирес ўнг қанотдан жарима майдончасига кирди ва Бускетс етказган тўпни ерга туширмай дарвоза олдига етказди. Суарес бош билан дарвозани ишғол қилди - 1:1. Ушбу бўлим охиригача ўзгармади.
Танаффусдан кейин "кўк-анорранглилар" тезда ҳисобда олдинга ўтиб олишди. Неймар ҳимоячилардан тўпни олиб қўйди ва жарима майдончасига кириб, Суаресни тўп билан таъминлади. Луис кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди. Уругвайлик ҳужумчининг учинчи ушбу голга ўхшаб кетди. Фарқи - Неймар узатмани қанотдан эмас, марказ бўйлаб юқоридан етказди. Луис тўпни кўкраги билан қабул қилиб, яна яқин бурчакни нишонга олди.
Мазкур "хет-трик"дан кейин Луис Суарес ўз голларини 7тага етказиб олди. Шунингдек, Нолито ва Роналду ҳисобида ҳам шунча гол бор. Неймар эса 8та гол билан Ла лига тўпурарлари рўйхатини бошқармоқда.
Ла лига, 9-тур
Барселона – Эйбар 3:1 (1:1, 2:0)
Голлар: 0:1 – 10 Бастон, 1:1 – 21 Суарес, 2:1 – 48 Суарес, 3:1 – 85 Суарес.
Барселона – Браво, Бартра (Матье, 56), Альба, Дани Алвес, Пике, Ракитич, Маскерано, Бускетс, Неймар, Сандро Рамирес (Мунир, 56), Суарес.
Эйбар – Риесго, Пантич, дос Сантос, Жунка, Капа, Инуи (Берхон, 79), Дани Гарсия (Паскуаль, 46), Кеко, Эскаланте, Верди (Энрик, 54), Бастон.
Огоҳлантиришлар: Ракитич (50), Эскаланте (60), Жунка (67), Пантич (83), Пике (90), Неймар (90), Капа (90), Паскуаль (90).
Четлатиш: Маскерано (83).