Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчи саналадиган Ҳусниддин Ғофуров айни дамда Сербия Супер Лигаси иштирокчиси “Явор Матис” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётганидан хабарингиз бор.
Жорий йилги мавсумни анчагина кўтаринки руҳда ўтказаётган “Явор” сафида ҳамюртимиз ишончли ўйин кўрсатмоқда ва мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Аммо 2013 йилда Серб клуби сафига бориб қўшилган Ҳусниддин Ғофуровнинг мазкур жамоа билан тузган амалдаги шартномаси келаси йил ёзда ўз якунига етади. 21 ёшли ярим ҳимоячининг SPORTS.uz мухбирига айтишича, Ҳусниддин ҳали келгуси фаолиятини қаерда давом эттириши ҳақида ўйламаяпти.
- “Явор” билан тузган амалдаги шартномам тугаб бормоқда. Аммо бундан ҳеч ҳавотирга тушаётганим йўқ. Ҳали мавсум якунига етгани йўқ ва мен “Явор”га чемпионат ва кубок баҳсларида қўлдан келганча ёрдам беришим лозим. Қолганини эса вақт кўрсатади. Ҳозирча бошқа бирор жамоага ўтиш тўғрисида ўйламаяпман. “Напредак” клуби мен билан қизиқаётгани ҳақида хабарларни ўқидим. Аммо бу клубдан ҳеч ким ўзим билан расман алоқага чиқмади. Шу сабабдан ҳам бу ҳақда бирор тайинли гап айта олмайман, - дейди Ҳусниддин Ғофуров.
Таъкидлаб ўтамиз, Ҳусниддин Ғофуров жорий йилги мавсумда “Явор” сафида 14 та учрашувда майдонга тушди ва 2 бор тўп киритишга муваффақ бўлди.