«Барселона»нинг собиқ сардори Серхио Бускетс клуб тизимига қайтди. У «Барса Атлетик» бош мураббийи Жулиано Беллеттининг ёрдамчиси сифатида фаолият олиб боради.
37 ёшли мутахассис захира жамоасининг кундалик иш жараёнида қатнашади ва ёш футболчилар билан ишлайди. Шу билан бирга, Бускетс мураббийлик лицензиясини олиш учун махсус курсларда ўқишни давом эттиради.
Бу тайинлов Бускетс учун мураббийлик фаолиятидаги илк амалий тажриба бўлади. У клуб академиясини яхши билиши ва юқори даражадаги катта тажрибаси орқали «Ла Масия» тарбияланувчиларининг асосий жамоага тайёрланишига ёрдам бериши кутилмоқда.
Бускетс «Барселона» асосий жамоасида 2008–2023 йиллар давомида тўп сурган. У клуб либосида 722 та учрашув ўтказиб, 32 та совринни қўлга киритган. Улар орасида 9 та Испания чемпионлиги ва 3 та Чемпионлар лигаси бош соврини бор.
Испания миллий жамоаси билан 2010 йилги жаҳон чемпионати ва 2012 йилги Европа чемпионатида ғолиб чиққан собиқ ярим ҳимоячи энди ўз тажрибасини «Барселона»нинг ёш авлодига етказишга киришади. Унинг Беллетти штабига қўшилиши клубдаги собиқ футболчиларни мураббийлик тизимига жалб қилиш сиёсатининг навбатдаги босқичи бўлди.













