Бугун “Севинч” жамоаси ўз майдонида Ўзбекистон Кубоги-2015 ярим финали жавоб учрашувини Навоийнинг “Гули” жамоасига қарши ўтказди.
23 октябрь куни Навоий шаҳрида бўлиб ўтган дастлабки учрашувда жамоамиз деярли Ўзбекистон Кубоги-2015 финали йўлланмаси тақдирини ҳал қилиб бўлганди, улар сафарда “Гули” жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этишган эдилар.
Бугунги жавоб учрашувида кичик ҳисобдаги ғалаба ёки дуранг ҳам жамоамизни финалга олиб чиқиши мумкин эди.
Жамоамиз кутилганидек ўйин бошиданоқ устунликни ўз томонига оғдириб олди. Ўйиндаги ҳисоб ҳам жамоамиз томонидан 4-дақиқадаёқ очилди. Кўпчилик бўлиб олдинга ўтишган қизларимиз ярим ҳимоячи Феруза Турдибоевани тўп билан таъминлашди. Ушбу ўйинчимиз кучли зарбага эга бўлиб, тўпни қабул қилган заҳоти жарима майдони яқинидан дарвозага кучли ва аниқ зарба йўллаб, жамоадошларини ҳисобда олдинга олиб чиқди – 1:0.
Тезкор голдан кейин майдонда тўп учун кураш кескин тус олди. Меҳмонлар 10-дақиқада жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Жарима тўпини жамоа сардори Ильвина Аблякимова бажарди, жарима майдончасидан унча узоқ бўлмаган масофадан жонли девор оша тепилган кучли зарбани жамоамиз дарвозабони Матлуба Абдирасулова чиройли тарзда қайтаришга эришди.
Кетма-кет ташкил этилган ҳужумларнинг бирида жамоамиз орадаги ҳисобни 2:0га етказишга эришди. Ўнг томондан ошириб берилган тўпни дарвоза яқинида турган Саида Хандамова дарвоза тўрига жойлаб қўйди – 2:0.
Бу ҳисобдан ҳам қониқмаган қизларимиз учрашувни яна ҳужумкор руҳда давом эттиришди. Биринчи бўлим охиригача учрашув ана шу тарзда давом этди, аммо дарвозаларга бошқа гол киритилмади.
Иккинчи бўлим тенг курашлар остида бошланди, тўп учун кураш асосан майдон марказида давом этди. Учрашувнинг 71-дақиқасида чамаси 28 метрлардан Фкруза Турдибоеванинг тепган кучли зарбасини меҳмонлар дарвозабони Камила Юмангулова қайтаришга ожизлик қилди, тўп дарвоза тўридан жой олди – 3:0.
Ушбу гол билан орадаги умумий ҳисоб 6:0 етган эди. Бу ҳисоб билан ўйин тақдири ҳам ҳал бўлганди. Шунинг учун жамоамиз қолган дақиқаларни кўпинча тўпни ўзида сақлаб, рақиб жамоани тўпсиз қолдиришга ҳаракат қилишди. Орада ташкил этилган ҳужумлар унча хавфли кўриниш олмади. Шундай қилиб, жамоамиз ҳар иккала учрашувда бир хил ҳисобда ғалаба қозониб, ўз тарихида навбатдаги Ўзбекистон Кубоги финалига чиқди.
Жамоамизнинг Ўзбекистон Кубоги-2015даги рақиби 5 ноябрь куни аниқ бўлади.
Чемпионликни муддатидан аввал қўлга киритган жамоамиз олдида яна икки тур учрашувлари бор. Навбатдаги учрашувлар сафарда “Нефтчи W” ва “Андижанка” жамоаларига қарши ўтказилади. Қолган учрашувларда ҳам жамоамиз ғалаба қозонса, бу йилги мавсумни мағлубиятсиз тугатади ва ўзгача рекорд ўрнатади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Кубоги-2015 финали Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” стадионида 15 ноябрь куни ўтказилади.
Ўзбекистон Кубоги-2015 ярим финали жавоб учрашуви
“Севинч” (Қарши) – “Гули” (Навоий) 3:0 (2:0)
Қарши ш., “Геолог” стадиони. 29.10.2015. 15:00да
Дастлабки учрашув: 3:0
Голлар: Феруза Турдибоева, 4-1:0, 71-3:0, Саида Хандамова, 22-2:0.
Бош ҳакам: Жалолиддин Ҳуснитдинов (Тошкент)
Қанот ҳакамлари: Нигора Муҳаммдаиева (Термиз), Кристина Середа (Бухоро)
Захира ҳаками: Зилола Раҳматова (Қарши)
Назоратчи: Аюб Исаев
ЎзАФА вакили: Алишер Файзиев
“СЕВИНЧ”: 16. Матлуба Абдирасулова, 3.Олия Ахмедова, 18. Камола Рисқиева, 11. Шахзода Жамолова, 15. Фаёза Самандарова, 4. Саида Хандамова, 7. Феруза Турдибоева, 17. Танзила Зарбиева, 19. Мария Моисеева, 25. Зумрат Назарова, 10. Зебо Жўраева (с).
ЗАХИРА: 1.Ольга Кахарова, 12.Лайло Тилавова, 5.Маҳлиё Юсупова, 77.Кунноса Нетрояж, 2.Ангелина Полюшкевич.
“ГУЛИ”: 1.Камила Юмангулова, 2.Селима Бугуева, 4.Анастасия Чернова, 5.Диёра Раҳматова, 7.Ситора Муқумова, 10.Ильвина Аблякимова(с), 11.Фазилат Бахрамова, 12.Сарвиноз Рахматова (20.Улдона Тўхтаева 55), 16.Муаззам Шарипова, 21.Шаҳло Қодирова, 22.Шоира Қултўраева.
ЗАХИРА: 6.Ойсанам Бозорова, 8.Марҳабо Эсанова, 19.Нилуфар Тошпўлатова.
Манба: pfcsevinch.uz