“Спорт” телеканали орқали эфирга узатилиб келинаётган “Соккер клуб” кўрсатувининг навбатдаги сони ўзбек футболидаги келишилган ўйинларга бағишланади. Бу ҳақда kun.uz сайтига лойиҳа муаллифи Диёр Имомхўжаев маълум қилди.
Муаллифга кўра кўрсатувнинг аввалги сонларида мавзу ўзбек футболидаги муаммолардан келиб чиқиб, ихтиёрий танлаб олинганди. Октябрь ойига бағишланган “Соккер клуб” мавзуси эса сентябрь ойи якунига етмаёқ маълум бўлиб улгурган.
25 сентябрь куни ўтказилган “Пахтакор” ҳамда “Металлург” жамоалари ўртасидаги олий лига 22-тур беллашуви кўпгина баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани футбол мухлисларига яхши маълум.
Кейинчалик Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов олий лига клублари раҳбарлари ва мураббийлари билан 2 октябрь куни учрашди.
Орада “Металлург” клуби бош мураббийи Рустам Мирсодиқовнинг мураббийлик лицензияси йил якунига қадар бекор қилинди.
Шу ва бошқа воқеалар сабаб бўлиб, “Соккер клуб” ижодкорлари лойиҳанинг навбатдаги сонини келишилган ўйинларга бағишлашга қарор қилишди. Ҳар ойнинг сўнгги кунида эфир юзини кўрадиган “Соккер клуб”нинг бу галги меҳмонлари сифатида келишилган ўйинларга қарши курашувчи экспертлар кенгаши раиси Аҳрол Иноятов, “Оқ-тепа” футбол клуби раҳбари Ғанишер Шоғуломов, “Футбол экспресс” газетаси мухбири Фурқат Нишонов ҳамда ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев танлаб олинган.
Суҳбат давомида тотализаторлар, букмекерлик компаниялари билан боғлиқ ишларда иштирок этувчилар ва уларни қандай жазолар кутиши мумкинлиги ҳақида ҳам сўз боради.
Шу билан биргаликда, келишилган ўйинлар ҳақида яхши тасаввурга эга бўлмаган мухлислар ўзлари учун бир қатор маълумотларга эга бўлишади. Лойиҳа ижодкорлари кўрсатувни айниқса футболчи ва мураббийлар томоша қилишларидан умидвор эканликларини маълум қилишди. “Соккер” клуб шу йилнинг февралидан буён ойда бир бор эфирга узатилади. Унинг келишилган ўйинларга бағишланган қисми 31 октябрь куни соат 22:10да намойиш этилади.