«Барселона» бош мураббийи Луис Энрике Испания чемпионатининг 10-тури доирасида «Хетафе»га қарши ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Бу жамоанинг ҳимояси яхши йўлга қўйилган ва у сифатли ҳужумчиларга эга. «Хетафе»га қарши ўйин биз учун жиддий синов бўлади, боиси, бу жамоа ўз майдонида бизга ҳамиша ноқулайлик туғдиради.
Иньеста ва Сержи Роберто сафга қайтишди. Иккаласи юз фоизга тайёр деб айта олмайман. Улар энди жароҳатдан фориғ бўлишди. Лекин ҳар иккаласи ҳам асосий таркибда ёки захирадан майдонга тушиши мумкин.
"Реал"га қарши ўйиндан кўра мени чемпионатнинг ўзи қизиқтирмоқда. Якунда Испания чемпионатининг 1-поғонасида бўлиш – бу ҳақиқатан ҳам муҳим нарса.
Сандро ва Мунир гол уришмаяпти, аммо бу мени хавотирга солмаяпти. Улар жамоавий ҳаракатларда иштирок этишмоқда. Улар ўз вазифаларини яхши бажаришмоқда, аммо улар ҳали ўсиши керак.
Мессининг қачон тикланиши мен учун катта аҳамиятга эга эмас, мавсум ҳали узоқ давом этади. Муҳими, у тўлиқ соғайса бўлгани», – дейди Энрике матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, «Хетафе» – «Барселона» ўйини эртага, 31 октябрь куни тунда Тошкент вақти билан 00:30да бошланади.