Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Қанотга қаранг

Баҳо:
+ | -

Газетамизнинг ўтган сонларида келажаги порлоқ ёш дарвозабонлар эътироф этилганди. Бу галги рейтинг эса қанот ҳимоясида астойдил тер тўкаётган, зарур пайтда ҳужумчиларга ҳам кўмаклашишни уддалайдиган футболчилардан ташкил топган. Қуйида номи қайд этилган ўйинчилар изланишдан тўхташмаса, яқин келажакда Ўзбекистон терма жамоасининг муваффақиятларига муносиб улуш қўшишлари муқаррар.

5. Тоҳир ШАМСИДДИНОВ

P/S: 33 рақам

Туғилган санаси: 1993 йил 9 февраль

Клуби: «Навбаҳор»

Ушбу футболчи 2013 йили Туркияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида термамиз таркибида порлаганди. Кейинчалик олимпиячиларимиз сафида мунтазам равишда кўриниш берган Шамсиддинов кореялик тенгдошларига қарши баҳсда асабларини жиловлай олмаганди. Унинг профессионалликка зид хатти-ҳаракатлари якунда муносиб тарзда жазоланди. Бир йил муддатга футболдан четлатилиши Тоҳир учун дарс бўлди. Чин дилдан пушаймонлигини билдиргач, ЎФФ уни кечирди. Ярим йиллик танаффусдан сўнг яна «Навбаҳор»да ўз маҳоратини намойиш этишни бошлаган футболчининг термамизга қайтиши фойдадан холи бўлмасди. Албатта, майдонда бокс услубларини қўлламаслик шарти билан. Акс ҳолда, навбатдаги хато Шамсиддиновнинг фаолиятига рахна солиши аниқ.

4. Максимилиан ФОМИН

Туғилган санаси: 1993 йил 21 сентябрь

Клуби: «Бухоро»

«Ҳам ҳимоя, ҳам ҳужум» ақидасига амал қилувчи Фоминнинг яна бир устунлиги - стандарт вазиятларда рақиб жарима майдончасида ҳозиру нозир. Унинг айниқса, бош билан тўп киритишига кўп гувоҳ бўлганмиз. 90 дақиқа тиним билмайдиган футболчи ҳозирда «Бухоро» билан элитада қолиш масаласини ҳал қилмоқда. Мабодо кўҳна шаҳарликлар қуйи лигага тушиб кетишса, Макс жамоасини алмаштириши ҳақиқатга яқин. Шуниси аниқки, у қайси клубда тўп суришидан қатъий назар, терма жамоа мураббийларининг мунтазам кузатувида бўлаверади. Айниқса, Рио Олимпиадаси йўлланмаси учун курашда унинг хизматлари асқотади.

 

3. Рустам АШУРМАТОВ

Туғилган санаси: 1996 йил 7 июль

Клуби: «Бунёдкор»

Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ўнг қанотда ўйнаган Ашурматов ҳозирда «Бунёдкор»нинг марказий ҳимоясида жавлон уряпти. Эътироф этиш жоизки, у бу чизиқда ҳам ёмон кўринмаяпти. Демак, Рустам универсаллик бобида ҳам ўсишга эришмоқда. Тўғри-да, унинг маслаҳатгўйлари бисёр: хоҳласа, қариндоши Бахтиёр Ашурматовдан бу амплуа сир-асрорларини ўрганади, жамоадоши Хайрулла Каримов ҳам ундан тавсияларини аямаслиги аниқ. Умуман, мазкур масалада ёш футболчининг омади чопган. Ҳозир бу устунликдан фойдаланиб қолишнинг айни вақти. Шундагина унинг фаолиятида фақат ўсиш кузатилади.

 

2. Даврон ҲОШИМОВ

Туғилган санаси: 1992 йил 24 ноябрь

Клуби: «Пахтакор»

Бабаян термамиз бош мураббийлигига тайинлангач, Ҳошимов бош жамоадан тез-тез чақирув оладиган бўлди. Тўғри, ҳозирча унинг хизматларига унчалик эҳтиёж туғилмаяпти. Чунки Самвел Вячеславович танлаётган тактикада Давронга жой йўқ. Лекин шуниси аниқки, ёш «пахтакорчи» исталган вақтда ҳимояни кучайтира олади. Қолаверса, олдинги чизиқда ҳужумчиларни тўп билан таъминлаш, рақиб дарвозасини кучли зарбаси орқали ўққа тутиш унга чўт эмас. Айрим паллаларда кутилмаган хатога йўл қўйишини инобатга олмасак, Ҳошимовнинг келажаги порлоқ эканига шубҳа йўқ.

1. Акром КОМИЛОВ

Туғилган санаси: 1996 йил 14 март

Клуби: «Бунёдкор»

Виталий Денисовга муносиб издош етишиб чиқаётгани терма жамоамизнинг ҳар бир мухлисини қувонтириши табиий. Тажовузкор ҳимоячиларга хос қизиққонлик Комиловга ҳам бегона эмас. Унинг Жиззахда бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финалидаги қўполлиги Равшан Эрматов томонидан кечирилмади. Демак, интизом масаласидаги тавсиялар Акромга ҳам тегишли. Fair-play борасида нафақат Осиё, балки бутун жаҳонда ўзига хос нуфузга эга термамиз таркиби фақат тартиб-қоидаларга амал қилувчи футболчилар эвазига тузилади. Комиловнинг ёшлар термасидаги ўйинлари таҳсинга сазовор, «Бунёдкор»нинг ғалабаларига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Шундай экан, феъл-атворидаги айрим нуқсонларни бартараф эта билса, унинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси муваффақиятларига муносиб ҳисса қўша олишига шубҳа йўқ.

Ўткир УМАРОВ

 
Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:39, 08.11.2015.
Ўқилди: 3646 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.