Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабонлар ҳақида биласизми? Биз эътиборингизга энг қиммат нархда сотилган дарвозабонлар хит парадини тақдим этамиз.
10. Петр Чех - 13 млн.эвро (2004-йил)
Йўналиш: "Челси" – “Арсенал”
“Арсенал” жамоаси ўз тарихидаги энг кучли дарвозабонлардан бирини қўлга киритиш учун 14 млн.эвро сарфлаганди. Чехиялик посбон “Аристоратлкар”нинг Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, Англия чемпионати каби мусобақаларда зафар қучишига катта хисса қўшди.
9. Себастян Фрей - 14 млн.эвро (1998-йил)
Йўналиш: "Канн" - "Интер
1998-йилда “Интер” ҳаммани ажаблантирган ҳолда Франция қуйи лигаси вакили “Канн” посбони Фрейни 14 млн.эвро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Бироқ у рақобатда имкониятни бой беради ва иккинчи мавсумни ижара асосида “Верона” клубида ўтказади. Шундан сўнг Фрей яна бир мавсум “Интер” шарафини ҳимоя қилган.
8. Ян Облак - 16 млн.эвро (2014-йил)
Йўналиш: "Бенфика" - "Атлетико" Мадрид
Тибо Куртуани “Челси”га қайтариб бергач, “Атлетико” унинг ўрнига янги посбонни Португалия чемпионатидан излайди ва 16 млн.га “Бенфика”нинг Словениялик дарвозабони Облакни қўлга киритади. Ян ҳозирча ўзига билдирилган ишончни оқламоқда.
7. Ангело Перуцци - 17.9 млн.эвро (2000-йил)
Йўналиш: "Интер" - "Лацио"
ХХ аср охирларида “Интер” дарвоза чизиғида кучли рақобат юзага келди. Натижада клуб Перуццини сотиб юборишга қарор қилди. Ангелони “Лацио” ўз сафига қўшиб олди. Дарвозабон Римда ўз ўйини топиб кетди ва клуб сафида 7 йил ҳаракат қилди.
6. Ангело Перуцци - 19 млн.эвро (1999-йил)
Йўналиш: "Ювентус" - "Интер"
Ангелони “Интер” Туриннинг “Ювентус” клубидан 19 млн.га сотиб олган эди. Ушбу трансфер ўшанда дарвозабонлар учун мутлоқ рекорд эди. Афсуски Перуцци Милан клуби сафида ўзини кўрсата олгани йўқ.
5. Давид Де Хеа - 20 млн.эвро (2011-йил)
Йўналиш: "Атлетико" Мадрид - "Манчестер Юнайтед"
Ван дер Саар фаолиятига якун ясаганидан сўнг “Манчестер Юнайтед” унга ўринбосар сифатида “Атлетико”дан Де Хеани олиб келди. Испаниялик дарвозабон дастлабки мавсумларда жуда қўпол хатоларга йўл қўйган эди. Бироқ кейинги мавсумларда мухлислар ҳақиқий Давидни кўришди. Де Хеа туфайли “Юнайтед” бир нечта ўйинларда мухим очколарни қўлга киритди.
4. Себастян Фрей - 21 млн.эвро (2003-йил)
Йўналиш: "Интер" – “Парма”
“Интер”да ўз ўрнини топа олмаган Фрей 2003-йилда “Парма”га йўл олди. Бунинг учун Пармаликлар 21 млн.эвронинг баҳридан кечишди. У 4 йил мобайнида “Парма” дарвозасини ишончли тарзда қўриқлайди ва шундан сўнг “Фиорентина”га ижарага бериб юборилди.
3. Франческо Толдо - 26.5 млн.эвро (2001-йил)
Йўналиш: "Фиорентина" - "Интер"
“Интер” дарвозабонларни сотиб олиш учун пулни аяб ўтирадиганлардан эмас. “Нерадзуррилар” 2001-йилда “Фиорентина”дан Толдони сотиб олишди. Франческо 4 мавсум жамоанинг асосий кипери бўлди. Бироқ кейинги 5 мавсумда у иккинчи посбонга айланиб қолди. Толдо “А” серияда ўз номини бир марта таблога ёздириб қўйишга ҳам муваффақ бўлган.
2. Мануел Нойер - 30 млн.эвро (2011-йил)
Йўналиш: "Шалке 04" - "Бавария"
2011-йили “Бавария” “Шалке 04”нинг тиниб-тинчимас дарвозабони Нойерни қўлга киритиш учун 30 млн.эвро сарфлади. Мюнхенликлар ушбу трансфердан афсусланишмаса керак. Нойер жамоага деярли барча турнирларда ғолиб чиқиш учун катта ҳиссасини қўшди. 2014-йил эса дарвозабон учун жуда омадли келди ва “Олтин тўп” номзодлари учлигидан жой олди.
1. Жанлуиджи Буффон - 52.88 млн.эвро (2001-йил)
Йўналиш: "Парма" - "Ювентус"
Футбол тарихидаги энг қиммат дарвозабон Буффон бўлиб турибди. “Ювентус” уни 2001-йили “Парма”дан сотиб олган эди. Мана орадан 14 йил вақт ўтти ҳамки, ҳеч бир жамоа битта дарвозабон учун ҳатто 40 млн.эвро ҳам тўламаяпти. Жан Луиджи Туринликлар сафида Италиядаги барча совринларни қўлга киритди. У ҳаттоки “Юве” “B” серияга тушириб юборилганда ҳам ўз садоқатини намойиш қилиб, жамоа билан қуйи лигада тўп сурди. Буффон ХХI асрнинг энг кучли 3 та дарвозабонининг биридир.
Фурқат Юсупов