Шу кунларда Голландиянинг “Фейеноорд” клуби вакиллари меҳмон бўлиб туришибди. Роттердамликларнинг ташрифдан мақсадлари нималиги ҳозирча маълум қилинмаяпти. Лекин кўпчилик турли хил тахминларга бораётгани бор гап.
“Фейеноорд” юртимизга фақатгина Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинини кўрганими ёки бирор бир футболчининг ўйинини кузатиш учун келганми? Биз эса уларнинг ташрифидан яна 2 сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолдик. Бири Ўзбекистонда ўз футбол академисини очиш. Иккинчиси эса жуда ҳам кичик эхтимол билан “қалдирғочлар”нинг 10 йиллик тўйларига келадиган жамоа олдин “Бунёдкор” клубини кўздан кечиришни мақсад қилган бўлиши мумкин. (Олдинроқ, тошкентликларнинг юбилей кечасига хориждан бирор бир клубни таклиф қилишлари мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди). Чунки бугун “Бунёдкор”га ташриф буюрган меҳмонлар олдин “қалдирғочлар” билан Дубайда ўртоқлик учрашуви ташкил этишгани, келажакда яна шундай ўйин ўтказишни, бу ердаги шароитлар Европанинг кўзга кўринган жойларида ҳам йўқлигини таъкидлаб ўтишди. Демак, “учар голландлар”га “Бунёдкор” жамоаси маъқул келган!
Шунингдек, биз юқорида бирор бир футболчининг ўйинини кузатиш учун келишганлигини ҳам айтиб ўтдик. Лекин ҳозир ўзимиз билмаган ҳолда қайсидир футболчининг исми-шарифини ёзиб, ЖЧ-2018 саралашининг муҳим ўйини олдидан уларни ҳаволантириб юбормасликни мақсад қилдик. Чунки бизга ҳозирги 2 кунда “Фейеноорд”дан кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйини кун тартибида турибди! Биз голландияликларнинг ташрифидан 4 мақсадни айтдик. Лекин улардан қайси бири “Фейеноорд”нинг режаларига кирганини яқин кунларда билиб олишимиз мумкин. Яна ким билади?! Расмлар "Бунёдкор" расмий твиттеридан олинди.