Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси «Пахтакор» марказий стадионида ЖЧ-2018 иккинчи саралаш босқичи доирасидаги учрашувда ҳозирча гуруҳ пешқадами бўлиб турган КХДРни қабул қилади. Ушбу ўйиннинг аҳамияти биз учун юқори. Ғалаба қозонган тақдиримизда якунда гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга чиқиш имкониятига эга бўламиз. Терма жамоамиз футболчилари ўйинга ҳар томонлама шай. Қолаверса, асосий легионер футболчиларимиз ушбу учрашувга юқори кайфиятда етиб келишди. Виталий Денисов жамоаси «Зенит»ни мағлуб этган бўлса (2:0), Одил Аҳмедовнинг «Краснодар»и пешқадам ЦСКАнинг чемпионатдаги илк мағлубияти (2:1)ни таъминлади. Сўнгги пайтда ўйинлари очилган Сардор Рашидовнинг «Ал-Жаиш»и ҳам уч очколи бўлди. Энг муҳими, ярим ҳимоячимизнинг ўзи сўнгги ўйинда «дубл»га эришди. Бу - Сардорнинг Қатар юлдузлар лигасидаги олтинчи голи. Футболчимиз терма жамоа таркибида бугунгача 27та учрашувда майдонга тушиб, 10та гол муаллифига айланган. Умид қиламизки, бугунги баҳсдан сўнг 24 ёшли ярим ҳимоячимизнинг голлари сони яна ошади. Биз ўйин олдидан Рашидовдан эксклюзив интервью олдик.
- Футболчиларнинг кайфияти аъло даражада, - дея сўз бошлади терма жамоамизнинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси. - Биласиз, КХДР билан алоҳида ҳисоб-китобимиз бор. Насиб қилса, Пхеньяндаги мағлубият учун муносиб тарзда реванш оламиз. Ўйин куни мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари биз учун жуда ҳам муҳим. Ўйлайманки, чиройли ғалабамиз билан уларни хушнуд этамиз. Машғулотларда астойдил ишлаяпмиз. Шунинг баробарида рақиб иштирокидаги ўйинларни кўриб, ўрганяпмиз. Ҳимоя чизиғида ўзига яраша муаммолари бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз майдонимизда ўйнаймиз ва ягона мақсадимиз - ғалаба қозониш.
- Қатар чемпионатига мослашиш жараёни қийин кечмадими?
- Бизникига нисбатан иссиқ бўлган иқлим шароитини инобатга олмасак, ҳаммаси жойида. Об-ҳавога мослашиш бироз қийин кечди. Жуда илиқ кутиб олишди. Шароитларга гап йўқ. Фақат футбол ўйнаш керак.
- Жамоа ўйинига қўшилиб кетиш қандай бўляпти?
- Ўйинга тезда киришиб кетдим. Менимча, бу энг катта ютуғим бўлди. Ҳамма бир-бирини яхши тушунади. Фақат тил масаласида муаммо бор. Лекин футболнинг тили бир. Майдонда бу кўзга ташланмайди.
- Икки тур аввал мураббий сизни алмаштирган пайтда захира ўриндиғига эмас, жаҳл билан тўғри кийиниш хонасига йўл олдингиз. Бу мураббийнинг қарорига нисбатан билдирилган муносабатмиди?
- Футболда бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Кейинчалик ўзимни босиб олдим ва ҳаммаси жойига тушиб кетди.
- Легионер сифатида ўйнаш ўйлаганингиздан мураккаброқ эканми?
- Очиғи, мен тасаввур қилган ва ўйлаганимдан қийинроқ бўлиб чиқди. Ўйин борасида, клуб тактикаси ва услуби жиҳатидан ҳеч қандай муаммо йўқ. Юқорида айтганимдек, фақат иқлим масаласида бироз қийналдим. Чемпионат бошлангунига қадар Европада ўтказилган йиғинимиз ва унинг доирасидаги ўртоқлик учрашувлари ҳам жамоага тезда мослашиб кетишимга ёрдам берди.
- Ҳозир қаерда яшаяпсиз? Алоҳида уй беришганми ёки клуб базасида турибсизми?
- Алоҳида уй беришган. Ўша ерда яшаяпман. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳаммаси аъло даражада ва профессионал тарзда ташкил этилган. Фақат футбол ҳақида ўйлайсиз.
- Клуб раҳбарияти томонидан «Ал-Жаиш» олдига қандай вазифа қўйилган?
- Биринчи ўринда чемпионлик. Ке-йин ОЧЛда ҳам бош мукофот учун кураш олиб борамиз. Бунинг учун бизда барча имкониятлар бор. Ўз ўйинимизни топиб олдик. Кўз тегмасин, сўнгги тур ўйинларини юқори савияда ўтказяпмиз.
- Қатар ва Ўзбекистон чемпионатлари ўртасидаги фарқ ер билан осмончаликмикан?
- Тўғрисини айтсам, Қатар юлдузлар лигасида ишга профессионал тарзда ёндашишар экан. Асосан шу томонлама Қатардан анча ортда қолиб кетганмиз. Қолаверса, кучли легионерларни таклиф қилиш борасида ҳам ортдамиз. Қатар клублари молиявий жиҳатдан бой ва барқарор.
- Қатар чемпионати сиз учун сўнгги манзил бўлиб қолмаслиги керак...
- Албатта. ўзимни кучлироқ чемпионатда синаб кўриш режаси бор. Секин-аста олдимга қўйган мақсадларимга эришиб боряпман. Ўзбекистоннинг кучли клубларидан бирида ўйнашни орзу қилгандим. Бу ниятим амалга ошди. Легионер сифатида тўп суриш ҳам орзум бўлганди. Мана, бу мақсадимга ҳам етдим. Насиб қилса, дунёнинг кучли чемпионатларида ҳам ўйнаш ниятим йўқ эмас.
- «Ал-Жаиш»да қайси футболчи билан кўпроқ чиқишиб кетдингиз?
- Ҳамма билан бир хил муносабатдамиз. Биз бир жамоамиз, дейишади-ку! Алоҳида бир футболчи билан гаплашиб юрмайман.
- Кўз тегмасин, тўпурарлик маҳоратини намойиш этяпсиз. Шу кунгача чемпионат ўйинларида 6та гол урдингиз. Кетма-кет иккита ўйинда «дубл»га эришдингиз. Ҳужумга кўпроқ қўшилишингиз - мураббийнинг кўрсатмасими?
- Мураббий рақибга қараб тактика танлайди. Ҳозир майдонда кўпроқ эркин футболчи сифатида ҳаракат қиляпман. Иккала қанотда ҳам бирдек ўйнайман. Қолган ўйинларда ҳам ҳужумкор футбол намойиш этиб, голларим сонини ошириб боришни мақсад қилганман.
Камоллидин Алимов суҳбатлашди