Лондоннинг "Арсенал" жамоаси мухлислари "Барселона"нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси учун тўлаш мақсадида пул тўплашга киришишди. Бу ҳақда Еurosport.ru нашри "канонирлар" мухлисларидан бирига асосланиб, хабар тарқатган.
Бироз олдинроқ, Месси "Арсенал"га жамоадан ҳафтасига 600 минг фунт маош олиш шарти эвазига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Мухлис Мэтт Кларк ўз твиттерида "Арсенал"нинг ўзидан бошқа яна 599 999 нафар мухлиси ҳафтасига 1 фунтдан йиғиши орқали Мессининг маоши тўланиши таклифи билан чиққан.
Қайд этиш керакки, Месси Испаниядаги солиқлар билан боғлиқ муаммоси туфайли АПЛга йўл олиши мумкин.
Айни вақтда Месси йилига 14 млн фунт ишлаб топмоқда. "Барселона" билан шартномага кўра, унинг бошқа жамоага ўтиши эвазига 175 млн фунт устама маблағи талаб қилинади. Унинг каталонлар билан шартномаси 2018 йилгача тузилган.
Шу йилнинг октябрида Испания прокурори Мессига 22 ойлик қамоқ жазоси тайинлашни таклиф қилганди. Футболчи 4 млн евро миқдоридаги солиқни яширишда айбланган.
Месси "Барселона" сафида 2003 йилда илк учрашувни ўтказган. У жамоа билан шу вақтгача 25та соврин ютган. Шундан 7таси Ла лига чемпионлиги, 4таси ЕЧЛ Кубоги ҳисобланади. У тўрт марта йилнинг энг яхши футболчиси сифатида "Олтин тўп" билан тақдирланган.
28 ёшли бу ҳужумчи Аргентина терма жамоаси сафида 105та ўйин ўтказган ва 49та гол урган. У терма жамоа билан 2014 йилги ЖЧда кумуш медални қўлга киритганди. Месси 2008 йилда терма жамоа билан Пекин олимпиадасида зафар қучган.