Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ҳаммаси жойида...

Баҳо:
+ | -

Сешанба оқшомида миллий терма жамоамиз ушбу йил ҳисобидан сўнгги ўйинини ўтказди. Жаҳон чемпионати саралаши доирасида Қатар пойтахти Доҳада Яман меҳмони бўлган термамиз ишончли ғалабага эришди. Мазкур ғалаба бизда ҳозирча ҳаммаси жойида эканлигидан дарак беради.

Аслида ҳаммамиз Доҳадаги учрашувда термамизнинг ғалабасини ишонгандик. Якунда шундай ҳам бўлди. Шунчаки, барчамиз ҳисоб қандай бўлиши ўйлаётгандик. Сабаби, Тошкентдаги беллашувда “автобус”дан фойдаланган Яман тартибли ҳимояланиши билан ажралиб турганди. Кўпчиликни яманликлар устози жавоб ўйинида ҳам “автобус”дан фойдаланиш-фойдаланмасиги қизиқтираётганди. Боиси, Яман бир тур аввал меҳмонда Филиппинни кичик ҳисобда мағлубиятга учратиб, саралаш ўйинидаги илк голи ва илк ғалабасини қўлга киритганди. Табиийки, улар бу ғалабадан кейин термамизга қарши ўйинда бошқача кайфиятда майдонга тушиши аниқ эди. Агар мезбонлар “очиқ футбол” таклиф қилишса, рақибнинг тартибли ҳимоясидаги тартиб неча дақиқага чўзилиши, қолаверса, бундай рақибга қарши ўйинда термамизнинг ҳужумкорлиги синовдан ўтказиларди. Учрашув давомида ҳар иккала синовга ҳам гувоҳ бўлдик. 

Тошкентдаги ўйиндан фарқли равишда ҳимояга “ётиб” олмаган рақиб 9-дақиқадаёқ ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Яъни, тартибли ҳимоядаги тартибни бузиш учун футболчиларимизга 9-дақиқа етарли бўлди. Агар Яман “Пахтакор” стадионида ҳам шундай очилиброқ ўйнаганида ҳисоб бошқачароқ кўриниш оларди. Ҳа, Яман яхши жамоа, аммо биз улардан кучлироқмиз. Бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Тўғри, рақиб дарвозаси уч марта ишғол этилди, кимгадир бу кам кўриниши мумкин. Боз устига, учрашув охирида мезбонлар ҳам бир бор футболчиларимизни майдон марказига чорлади. Лекин бундан хафа бўлмаслик керак. Сабаби, инсон психологияси шундай. Футболчиларимиз кетма-кет 4та учрашувда ғалаба қозонди. Ўзларига бўлган ишонч ортди. Қолаверса, Доҳадаги беллашувда ҳам фаворит эдик. Ҳисоб биринчи ўн дақиқаликдаёқ очилди. Иккинчи бўлим аввалида учинчи гол ҳам урилди. Истайсизми-йўқми, инсон бундай вазиятда ўзини эркин қўяди. Агар мазкур ўйин саралашдаги олтинчи беллашув эмас, аксинча, биринчи уч ўйиннинг биттаси бўлганида ҳисоб йирик кўриниш оларди. Аниқроғи, футболчиларимиз учинчи голдан кейин тўхтаб қолишмасди. Самвел Бабаян шогирдларининг ғалаба ва голларга бўлган чанқоғи қонди. Қайсидир маънода бунга тақвим ҳам “айбдор”. Ўйинлар оралиғидаги муддатнинг қисқа эканлиги ҳам бунга сабаб бўлди, дейиш мумкин. Чунки футболчиларимиз кетма-кет ўйинларда йирик ҳисобла рдаги ғалабаларни қўлга киритиб, чанқоқларини қондириб бўлишди. Айниқса, пешқадам КХДР иродали ўйин билан мағлубиятга учратилганлиги ҳам Ямандан гол ўтказиб юборишимизга олиб келди. Юқорида таъкидлаганимиздек, ўша голга хафа бўлишнинг ҳожати йўқ. Фақат йигитлар келаси учрашувларда бундай хотиржамликка берилиш яхши оқибатларга олиб келмаслигини унутмасалар бўлди. Зеро, бир ҳафта муқаддам “Пахтакор” стадионини “тинчлантириб” қўйган гол ҳам ҳаддан ташқари хотиржамлик сабабли дарвозадан жой олганди. 

Март ойидаги икки учрашувда бошқачароқ ўйинни кўришимиз ҳақиқатга яқин. Чунки у вақтда Ўзбекистонда мавсум эндигина бошланган бўлади. Гарчи термамизнинг асосини легионерлар ташкил қилса-да, мавсум старти бизда барчага бирдек таъсир қилади. Аммо ўйинлар Тошкентда бўлиб ўтиши ҳам бизга катта устунлик тақдим қилади. Яна бир гап: КХДР билан ўйинга қадар термамизнинг ўйинида ижобий тарафга ўзгариш кузатилди. Ўша ўзгариш сабаб футболчиларимиз янада мазмунлироқ ўйин намойиш қилмоқда. Албатта бунда мураббийлар штабининг ҳиссаси катта. Филиппин ва Баҳрайн билан Тошкентда бўладиган баҳсларда ҳам ўзгаришларни кўришдан умидвормиз. Сабаби, шу терма жамоа мухлисларни стадионга қайтарди. Энди ўша ишқибозларни стадионда олиб қолиш ҳам уларнинг вазифасига киради. Бунинг учун чиройли футбол ва ғалаба керак. 

Ёшартириш вақти келмадими?
Биламиз, нафақат Самвел Бабаян, балки бош мураббийлар ҳам ҳар қандай рақибни қаттиқ ҳурмат қилади. Лекин Яманнинг кучидан келиб чиққан ҳолда бошланғич таркибга ҳеч бўлмаса бир нафар ёш ўйинчи киритилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди? Биз бош мураббий нотўғри таркиб танлади, демоқчи эмасмиз. Бунга ҳаққимиз йўқ, боиси, мураббий ким қанчалик тайёрлигини биздан яхши билади. Шунчаки, таркибни ўйинга-ўйинга ёшартириб бориш вақти келмадимикан, демоқчимиз. Агар бу вақт етиб келган бўлса, шундай учрашувларда ҳеч бўлмаса биттагина позицияга бир нафар ёш ўйинчи майдонга туширилса, у “пишишни” бошларди. Мабодо ўйин сценарийси бизнинг фойдамизга бўлмаса, биргина ўзгаришни қўрқмасдан амалга ошириш мумкин. Биттагина ўзгариш билан кўп нарса йўқотилмайди. Аксинча, ҳаммаси жойида бўлса, майдонда ёш ўйинчиларнинг сони кўпайтирилса ҳам бўлаверади. Биз буни келажагимиз учун айтяпмиз. Зеро, бугун ёшларни таркибга киритиб, “пишириб” бормасак, ҳал қилувчи босқичда бундай имкониятга эга бўлмаймиз. Боиси, Япония, Австралия, Жанубий Корея каби терма жамоаларга қарши ўйинларда синов ўтказиш яхшиликка олиб бормаслиги ҳеч кимга сир эмас! Шунинг учун ҳеч бўлмаса март ойидаги ўйинларда таркибда бир қатор ёшларни кўрамиз, деган умиддамиз. Бундай дейишимизнинг яна бир сабаб: хоҳласак-хоҳламасак, Сервер Жепаров, Александр Гейнрихнинг ёши ўтир боряпти. Уларнинг ортидаги йигитлар ҳам энди ёш бола эмас. Демак, фахрийларимизнинг ўрнини тўлдириш вақти келди. Бунинг учун бугундан ҳаракатни бошлаган маъқул. 

Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: arena.uz
Киритилди: 11:07, 21.11.2015.
Ўқилди: 5498 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.