Россия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи, италиялик мутахассис Фабио Капелло «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги ўйинни (0:4) қисқача таҳлил қилиб берди.
"Мессининг жароҳати «Барселона»га фойда берди. Аввал ўйин Лионелнинг атрофига қурилганди, ҳозир эса футболчилар унинг соясидан чиқишди. Неймар ва Суарес ўсишга эришди.
«Барселона» 4:0да ҳам тўхташни хоҳламади ва олдинга ўтишда давом этди. «Реал» «Барса»га қарши ҳужумкор ўйин қилишга ҳаракат қилди, аммо "кўк-анорранглилар"нинг марказий ўқи кучли. Мен Суарес, Иньеста, Пике ва биринчи навбатда Бускетсни назарда тутяпман. Каталонияликларга бўш зоналар қолдириш керак эмас. "Барселона" футболчилари, жумладан Суарес ва Неймар ҳам, тўпни йўқотган заҳоти дарҳол прессингга киришган бўлсалар, «Реал» ҳужум чизиғидан фақат Бэйл прессингда қатнашди. Неймарнинг ҳаракатлари мени ҳайрон қолдирмоқда. У Бразилия терма жамоасида 15 метр югурса, «Барселона»да 50 метр югурмоқда. Бу муҳим жиҳат. «Барселона»да ҳам хатолар бўлди, аммо «Реал» улардан фойдалана олмади.
«Реал»нинг бошланғич таркиби ҳайрон қолдирдими? Бу мен учун янгилик бўлмади, аммо айрим нарсалар ҳайрон қолдирди. «Реал» «Барселона» услубида ўйнашга ҳаракат қилди. Аммо жамоа бундай прессингга кўникмаган. Каземиронинг майдонга тушмагани мени ҳайрон қолдирди. Шу пайтгача у яхши ўйнаб келаётганди. Шунингдек, дастлабки дақиқалардан Карвахални кутгандим, айниқса, бу қанотда Неймар ўйнашини инобатга олганда.
«Реал» бундай мағлубиятга учраши мен учун ёқимли эмас. Умид қиламан, жамоа ушбу муваффақиятсизликдан тезда чиқиб кетади. Бенитесга тўхталадиган бўлсам, ҳар қандай мутахассисга мослашиш учун вақт керак. Аввал у яхши натижаларга эришган ва ўйлайманки, унинг "Реал"даги фаолиятига вақт ўтганидан кейин баҳо берилса тўғри бўлади», — дейди Капелло.