Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Марказга масъул матонат ёки энг яхши марказий ҳимоячиларимиз тўғрисида

Баҳо:
+1 | -

InterFutbolнинг ўтган галги сонларида ўзбек футболининг келажаги порлоқ дарвозабонлари ва қанот ҳимоячилари эътироф этилганди. Навбатдаги рейтингни эса марказий ҳимояда барқарор ўйин намойиш этаётган ёш иқтидорлар номи билан бойитишни мақсад қилдик. Майдонда борини бериб ўйнашга шай шундай футболчиларга эга эканмизми, демак миллий термамизнинг эртанги кунидан кўнгил тўқ.

5. Иброҳим АБДУЛЛАЕВ

Туғилган санаси:  1996 йил 5 декабрь

Жамоаси: «Пахтакор»

Ушбу футболчи майдонда ўзини тутиши, вазифасини сидқидил бажариши, ҳар бир тўп учун жонини бериб ўйнаши орқали Ислом Тўхтахўжаевни эслатиб юборади. Абдуллаев бош билан яхши ўйнайди, ҳимоя чизиғи марказини назорат қилиш салоҳиятига эга, аксарият тезкор рақибларидан тўпни чаққонлик билан олиб қўйганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Жорий йилнинг декабрь ойида 19 ёшни қаршилайдиган Иброҳим ўсмирлар ва ёшлар термасида ўзининг кучли томонларини намойиш эта олди. Аста-секин ўсишда давом этаётган ёш ҳимоячининг келажакда бош жамоада ҳам очилмаган қирраларини кўрсатишига тилакдошмиз.

 

4. Жавлон МИРАБДУЛЛАЕВ

Туғилган санаси: 1994 йил 19 март

Жамоаси: «Металлург»

Ўзбек футболи ихлосмандлари бу футболчини Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати орқали яхши эслаб қолишган. Ўшанда Европанинг машҳур клублари скаутларида қизиқиш уйғотганини ҳам унутмаслик даркор. Аммо кейинчалик Жавлон ўсишда тўхтаб қолгандек тасаввур уйғотди. Маълум муддат йўқолиб қолган футболчи олий лиганинг турли жамоаларида тажриба тўплади. Сўнгги мавсумни Бекободнинг «Металлург» клубида якунлаётган ҳимоячи изланишдан тўхтамаса, келгусида улкан марраларни қўлга киритиши муқаррар. Зеро, бунинг учун унда иқтидор ҳам, имконият ҳам етарли.

 

3. Сардор РАҲМОНОВ

Туғилган санаси: 1994 йил 9 июль

Жамоаси: «Нефтчи»

Алексей Евстафеев бошчилигида Мексикада порлаган футболчилардан яна бири. Ўсмирлар ўртасидаги мундиалнинг илк ўйинида у ва Махсталиевнинг йўқлиги термамизга қандай таъсир ўтказгани ёдингиздадир? Сардор айнан Аббос билан биргаликда «Нефтчи»нинг жорий йилги муваффақиятларига муносиб улуш қўшди. Маҳоратли ёшларнинг олий лигадаги кучли клублар асосий таркибида кўриниш беришаётгани қувонарли, албатта. Раҳмонов катта эҳтимол билан Қатарда ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш «миссияси»да қатнашиш Сардорга ўзига хос тажриба вазифасини ўташи тайин. Ушбу меҳнаткаш ҳимоячининг мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилиш йўлида борини бериб ўйнашига шубҳа йўқ. Буни у ҳам терма жамоа, ҳам клуб сафидаги ҳаракатлари орқали исботлашга улгурди.

2. Бобур ЙЎЛДОШЕВ

Туғилган санаси: 1993 йил 8 апрель

Жамоаси: «Локомотив»

Рейтингнинг юқори икки ўрнини миллий термамизнинг сўнгги йиғинига жалб этилган, аниқроғи, КХДР ва Яманга қарши ўйинлар олдидан эълон қилинган кенгайтирилган таркибга кирган футболчиларга ажратдик. Даст-аввал жорий мавсум Тошкент «темирйўлчилари» билан чемпионлик учун астойдил курашган Бобур Йўлдошевга тўхталсак. У ҳам марказда, ҳам қанотда бирдек барқарор ўйин кўрсата олади. Тўп учун охиригача курашади, чаққон, тезкор. Миллий ва олимпия терма жамоаларига номзод ушбу футболчи яқин икки йил ичида сезиларли ўсишга эришди. Ким билади дейсиз, балки бу сафар «Локомотив» сафида мамлакат чемпионлигини ҳам нишонлар. Ҳар ҳолда, унинг клубида ҳали имконият бор. 22 ёшда миллий термага номзодлик, мамлакатнинг энг кучли клубида ўйнаш, олдинда эса узоқ ривожланиш йўли... Албатта, мақтовга лойиқ натижа. Бундай футболчи ҳар қандай рейтингда биринчи ўринни эгаллаши мумкин, фақат...

 

1. Егор КРИМЕЦ

Туғилган санаси: 1992 йил 27 январь

Жамоаси: «Пахтакор»

...Фақат ўша рейтингда Кримецдек рақибга дуч келмаса. Ҳа, Йўлдошевга берилган таърифларнинг барчаси «Пахтакор»нинг умидли ҳимоячисида ҳам мужассам. Фарқи - у Бобурдан бир ёш катта. Егорнинг баланд бўйи (193 см.) ҳамда бош билан ўйнаш маҳорати стандарт вазиятлар чоғида кўп асқотади. Қолаверса, рақиблар ҳужумини қайтаришда совуққонлик билан ҳаракатланиши марказий ҳимоядаги шеригига ҳам қўл келади. Бир мавсум ижара асосида Хитойда ўйнаб қайтган Кримец ҳозирда миллий термамизни бошқараётган Самвел Вячеславовичнинг ишончли шогирдларидан бири ҳисобланади. Бир жиҳатдан, у бош жамоа устозининг ишончини оқламоқда. Хуллас, футболчилик фаолиятини янада гуркиратиши учун Егорда ҳамма нарса етарли: кучли жамоа (Одил Аҳмедов айнан «Пахтакор»даги ўйинлари орқали танилди), малакали мураббий (Бабаян ўз билимини шогирди билан ҳамиша баҳам кўришига шубҳа йўқ) ва энг муҳими, юксак қобилият (акс ҳолда, терма жамоанинг асосий марказий ҳимоячиларидан бирига айланмасди). Хоҳиш-ирода ва астойдил қилинган меҳнат ёш футболчининг ҳар доим энг яхшилардан бўлиб қолишига замин яратади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:26, 22.11.2015.
Ўқилди: 2836 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.