Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ҳозирча ишсиз бўлган "юлдуз" мураббийлар

Баҳо:
+ | -

Soccer.ru сайти ижодкорлари айни дамда ишсиз юрган таниқли мураббийлар ҳақида сўз юритишаркан, уларнинг ҳозирда нима билан банд эканликларига тўхталишди. Ўз навбатида, ушбу мутахассисларнинг келгусида қайси жамоа бошқарувини қўлга олишлари мумкинлиги борасидаги тахминлари билан ўртоқлашдилар.

Карло АНЧЕЛОТТИ(Италия)

Италиялик мураббий мазкур рўйхат иштирокчилари орасида энг харидорбопидир. Анчелотти «Қироллик клуби» бошқарувидан кетди, лекин Мадридни тарк этганича йўқ. Ҳаттоки, «Сантьяго Бернабеу»даги ўйинларни стадионнинг ўзидан туриб кузатиш мақсадида абонемент ҳам сотиб олди ва собиқ жамоасини ҳар бир ўйинда қўллаб-қувватламоқда. У дунёнинг исталган клубини кучайтира олади, ўйинчилар миясига ўз ғоясини сингдиришда устаси фаранг, жамоани энг яхши дастурлар асосида тайёрлайди. Карлонинг кейинги иш жойи «Бавария» ёки «Челси» бўлиши мумкин, аммо ҳозирча томонлар миш-мишларга изоҳ бермоқчи эмаслар.

Марсело БЬЕЛСА(Аргентина)

Мавсумни Франция чемпионатида бошлаган аргентиналик «телба», биринчи турдан сўнг «Марсел»ни тарк этди. Ушбу мураббий замонавий технологиялар, оломоннинг шовқинидан қочиб, осуда масканларда дам олмоқда. Шуниси аниқки, Марсело эртами-кеч барибир, футболни соғинади. Айни дамда у билан ҳамкорлик ўрнатиш истагини билдирганлар бис­ёр.

Фабио КАПЕЛЛО(Италия)

Капелло Россияда ёмон ишламади ва вақтини яхши ўтказди, унга ҳар тарафлама қулайликлар яратиб берилди. Ҳозирча дон Фабионинг мураббийлик фао­лиятидаги танаффус давом этмоқда. Тахминларга кўра, италиялик мутахассис ё Лондонга йўл олиб, «Челси»ни бошқаради ёки АҚШда «Нью-Йорк Сити» юлдузларига устозлик қилади.

Гус ХИДДИНК(Голландия)

Россия терма жамоасининг яна бир собиқ бош мураббийи. Албатта, унинг охирги иш жойи кўп йиллар давомида тикланган обрўсига озми-кўпми салбий таъсир кўрсатди. Шов-шувли тарзда Европа чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолган Голландия терма жамоаси саралаш босқичини айнан шу мутахассис билан бошлаганди. Яқинда 69 ёшни қаршилаган Хиддинкнинг футболдан кетиш нияти йўқ. Мабодо топ клублардан таклиф тушса, Гус уни астойдил ўрганиб чиқмоқчи. Масалан, Абрамович «Челси»га чорласа, россиялик олигархнинг чорловига «лаббай», деб жавоб қайтарса ажабмас.

Люсьен ФАВР(Швейцария)

Бу мутахассис ўтган мавсум Менхенгладбахда ажойиб жамоа шакллантирди, бироқ сўнгги ўйинлардаги омадсизликлардан сўнг унга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Бу эса «айғирлар»нинг фойдасига ишлади. Фаврнинг маҳорати ва тажрибаси муҳокамадан холи. У билан иш юзасидан ҳамкорлик қилишни истаганлар эса бир мавсумлик ижобий натижа эмас, балки клубда яхши тизим шакллантиришни хоҳлашмоқда.

Мурат ЯКИН (Швейцария)

Якин Россиядаги муваффақиятсизликлардан сўнг вақтини оиласи даврасида ўтказмоқда. Асосийси, у ҳар доим фаолиятини тиклашга шай. Ҳозирча фақат таклифларни ўрганиб чиқмоқда. Муратнинг кейинги иш жойи бундеслига бўлиши мумкин. Албатта, «Спартак»нинг собиқ бош мураббийи­ни Германия клуби бошқарувида кўриш кўпчиликка қизиқ туюлиши тайин.

 

Алехандро САБЕЛЬЯ (Аргентина)

Охирги мундиалнинг вице-чемпиони ҳозирда ишсиз. Аргентиналик мутахассис Европада иш бошлаши ҳам мумкин эди: ёзда унга «Манчестер Сити»дан таклиф тушганди. Томонлар келиша олишмади чоғи, «шаҳарликлар» Мануэль Пеллегрини билан ҳамкорликни давом эттиришни маъқул кўришди. Шунингдек, Алехандрога Саудия Арабистони футбол федерациясидан ҳам таклиф келган, аммо мураббий бу сафар ҳам рад жавобини берганди. Беш йиллик фаолияти давомида Либертадорес кубогини қўлга киритди, жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди. Сабелья ва Анчелоттининг йўллари туташса борми, улар яратган ҳарорат ва ғоялари самараси футбол майдонларига жозиба бағишлаши турган гап.

Брендан РОЖЕРС(Шимолий Ирландия)

«Ливерпул»дан кетдингми - хафа бўлма! Рожерс «Энфилд»ни тарк этиб улгурмасидан «Реал Сосьедад» ҳамда «Ньюкасл» у билан шартнома имзолашга тайёр эканликларини билдиришди. Басклар Дэвид Мойесни истеъфога чиқаришгач, бошқа брита­ниялик­ мутахассисни клубга олиб келишга бел боғладилар. Аммо Бренданга Англияда қолиб, АПЛ клубларининг бирида иш бошлаш варианти маъқул кўринмоқда.

Феликс МАГАТ(Германия)

Сўнгги пайтларда ушбу мураббий билан ишлашни хоҳловчилар сони ортиб бормоқда. Айниқса, РФПЛда. Темир Феликснинг кун тартиби умрининг охиригача ўзгармаса керак. У ўз машғулотлари билан исталган жамоани руҳлантириши мумкин, футболчилар қалбига ғалабага бўлган иштиёқни сингдиришга қодир. Умуман олганда, бу мутахассиснинг кейинги йил ёзида «Спартак»да иш бошлаши кутилмоқда.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:42, 22.11.2015.
Ўқилди: 4278 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.