Хабарингиз бор, якунига етган миллий чемпионатимизни Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси иккинчи ўринда тугатди.
“Темирйўлчилар” сафида ишончли ўйин кўрсатиб, ўз голлари билан жамоанинг муваффақиятига хисса қўша олган тажрибали ҳужумчи Марат Бикмаевнинг ортда қолган мавсум борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Олий Лига-2015 ажойиб тарзда ўтди, дея оламан. Бу йил чемпионат рости анча қизиқ кўриниш олди. Айниқса, чемпионлик пойгасининг сўнгги турга қадар давом этгани кўпчиликка манзур бўлди. Афсуски, биз якунда ўзимиз ўйлагандек биринчи ўриндан эмас, балки иккинчи поғонадан жой олдик. Бундан эса бироз кўнглимиз тўлмай қолди.
Ўзим намойиш этган ўйиндан эса қониқиш хосил қилдим. Зеро мавсум давомида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлдим ва 11 та тўп киритдим. Айниқса, иккинчи давра мен учун анча омадли ўтди. Ўз голларим билан жамоамнинг муҳим очколарни қўлга киритишида ёрдам бера олганимдан хурсандман.
Осиё Чемпионлар Лигаси? Ушбу нуфузли мусобақада омадимиз келмай қолди. Биз бу турнирда ҳам имкон қадар узоқроққа бормоқчи эдик. Лекин халқаро тажриба ва омад етишмагани сабаб бу вазифани бир йилга ортга суришга мажбур бўлдик. Насиб этса, келаси йили халқаро майдонда ҳам албатта ишончли ўйин кўрсатамиз.
Ҳозирда “Локо” билан тузган шартномам якунланиб бормоқда. Аммо бундан ҳавотирда эмасман. Жамоамиз декабрда келаси мавсумга ҳозирлик кўришни бошлайди. Ўшанда раҳбарият билан ҳамкорликни давом эттириш борасида батафсил гаплашиб оламиз. Мени “Локомотив”даги шарт-шароитлар тўлалигича қониқтирмоқда. Агар янги шартнома таклиф қилинса, уни албатта қабул қиламан, - дейди маҳоратли ҳужумчи SPORTS.uz интернет-портали мухбирига.
Таъкидлаб ўтамиз, Марат Бикмаев 2015 йилда Олий Лига доирасида 27 та учрашувда иштирок этди ва 11 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди.