Ўзбекистон XXIV миллий чемпионати олий лига жамоалари мавсумни якунлашди. Навоийнинг «Қизилқум» футболчилари якунда ўн олти жамоа орасида ўнинчи поғонани эгаллади.
Мавсум якунлари, келгуси режалар хусусида «Қизилқум» ПФК бош менежери Ҳамиджон АКТАМОВ клуб матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Ҳар бир мухлис ўз жамоасидан фақат юқори натижа кутишга ҳақли, — дея сўз бошлади Ҳамиджон Ғуломович. — Ана шу нуқтаи назардан олиб қарасак, ўтган мавсумда жамоамиз аъзолари ишқибозларни қувонтирди, дея олмаймиз. Аммо «Қизилқум» жамоасининг миллий чемпионатимиздаги охирги уч-тўрт йилдаги натижалари билан солиштирсак, футболчиларимиз иштирокини ижобий баҳоласа арзийди.
— Кўпчилик назарида «Қизилқум» жамоаси икки даврада ишқибозларда икки хил таассурот қолдирди. Буни қандай изоҳлайсиз?
— Ҳа, фикрингизга қўшиламан. Клуб раҳбариятининг жамоанинг биринчи даврада эришган натижаларидан кўнгли тўлди. Аммо оралиқ танаффусдан кейин айрим ўйинларда жамоамиз захира ўриндиғининг торлиги натижаларга салбий таъсир қилмай қолмади. Бундан ташқари, муҳим учрашувларда чемпионат тўпурари Баҳриддин Ваҳобов, тажрибали дарвозабон Эркин Жабборовларнинг жароҳат олиши ҳам панд бериб қўйди. Натижада биринчи даврада 21 очко жамғарган жамоамиз қолган учрашувларда атиги 13 очкони қўлга киритди, холос. Ўз майдонимизда деярли тенг кучли рақиблар — «Машъал», «Металлург», сафарда эса «Сўғдиёна», «Андижон», «Қўқон-1912» жамоаларига муҳим очколарни бой берганимиз аламли бўлди, албатта.
— Жамоа раҳбари сифатида бу йилги мавсумда «Қизилқум» футболчилари ўйинидан кўнглингиз тўлдими?
— Йўқ, албатта. Ҳар бир жамоа мавсум бошида ўз олдига жиддий мақсадларни қўйишга интилади. Бу эса аввало футбол клубларининг моддий-техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Биз ҳам «Қизилқум» таркибида кучли ва юқори савиядаги легионерлар ўйнашини жуда истаймиз. Аммо бунга ҳозирча клубнинг иқтисодий аҳволи имкон бермайди. 2013 йилги мавсумда «Қизилқум»ни оғир аҳволда қабул қилиб олгандик. Дастлабки икки йилда жамоани кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолиш билан биргаликда Навоийда барқарор жамоани шакллантиришга эришдик. Бунда, албатта, Навоий вилоят ҳокимлиги ва вилоят футбол федерациясининг жамоага билдирган ишончи, хомийларимиз — Навоий кон-металлургия комбинати, «Qizilqumsement» ҳиссадорлик жамияти томонидан яратиб берилган шароитлар жуда асқотди. Агар жамоа ўзагини асосан навоийлик футболчилар ташкил этишини ҳисобга олсак, «Қизилқум»нинг бу йилги қайд этган натижасини қониқарли баҳолаш мумкин.
— Бугун кўпсонли мухлислар ўз жамоасининг нафақат ички чемпионат баҳсларида медаллар учун курашишини, балки қитъа миқёсида ўтадиган Осиё чемпионлар лигасида юртимиз шарафини ҳимоя қилишини орзу қилади.
— Албатта, фикрингизга қўшиламан. Ҳозирда мамлакатимизнинг етакчи клублари — «Пахтакор», «Насаф», «Локомотив», «Бунёдкор» футболчилари бир неча йилдан бери ана шундай нуфузли мусобақаларда иштирок этиб келмоқда. Аммо улар бундай шарафга кеча ёки бугун эришганлари йўқ. Бунинг учун аввало ҳар бир клуб ўзининг мустаҳкам инфраструктурасига эга бўлмоғи лозим. Жамоа учун нафақат кучли футболчилар, балки тажрибали мураббий ва мутахассислар зарур. Чиройли ўйин намойиш этиш учун эса замонавий спорт иншооти, сифатли футбол майдонлари даркор. Шу мақсадда биз клубдаги мутахассислар билан ўзимизнинг яқин беш йилда амалга ошириладиган ишларимиз дастурини тайёрлаганмиз. Бу эса босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Охирги икки йилда Навоийга келган рақибларимиз футбол майдонимиз сифатидан нолишарди. Ҳатто, бу ўзимизни ҳам ноқулай аҳволга солиб қўйганди. Амалдаги мавсумнинг биринчи давра баҳсларидан сўнг, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси ва амалий кўмагида «Ёшлар» спорт мажмуаси яшил майдони тўлиқ қайта реконструкция қилиниб, табиий чими алмаштирилди. Жанубий кореялик мутахассислар буюртмани аъло даражада бажариб, яшил майдонни йилнинг исталган вақтида юқори савияда футбол ўйнаш учун шай ҳолатга келтириб беришди. Катта маблағ эвазига барпо этилган спорт иншооти ва футбол майдонини асраб-авайлаш мақсадида Германия, Голландия давлатларидан асбоб-ускуналар, техникалар олиб келинди. Ҳатто, стадионга ўрнатилган дарвозалар ҳам Германиядан келтирилди. Янги мавсум арафасида стадиондаги табло ҳам замонавийсига алмаштирилиши режалаштирилган. Анча пайтдан бери эътиборсиз қолдирилган «Қизилқум» ПФК қошидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаби фаолиятини жонлантиришга аҳамият бера бошладик. Чунки ўзининг мустаҳкам пойдеворига эга бўлмаган жамоаларнинг келажагига ҳам ишонч бўлмайди. Келажакда шунинг ўзи билан кифояланиб қолиш ниятимиз йўқ.
— Айни пайтда бошқалар каби «Қизилқум» жамоаси аъзолари ҳам таътилга чиққан. Келгуси мавсум олдидан қандай режалар бор?
— Футболчиларимиз билан 15 декабрдан бошлаб янги мавсум тараддудини бошлаймиз. Дастлабки босқич ўқув-машғулот йиғини Навоий шаҳрида уюштирилади. Икки ҳафталик йиғиндан сўнг, Янги йил байрами муносабати билан жамоамиз кичик таътилга чиқади. Сўнгра, келаси йилнинг январь ойи бошида жамоамиз аъзолари пойтахтимизда Футбол-МЕД соғломлаштириш марказида тиббий кўрикдан ўтиши кўзда тутилган. Январь ойида машғулотларни Тошкентда давом эттириш билан биргаликда олий лига вакиллари билан бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушамиз. Февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида хорижда йиғин ташкил этишни режалаштиряпмиз.
— Таркибни қайси ўйинчилар тарк этди? Янги мавсум олдидан жамоанинг қайси чизиқларини кучайтириш ниятидасизлар?
— Жамоамизни кимлар тарк этиши 15 декабрда маълум бўлади. Якунланган мавсум таркибда муаммолар етарли эканлигини кўрсатиб берди. Шу боис, деярли барча чизиқларга бир қатор тажрибали маҳаллий футболчиларни жалб этиш ниятидамиз. Айни чоғда клубда селекция ишларига жиддий эътибор қаратяпмиз. Шунингдек, январь ойидан пойтахтимизда бошланадиган йиғинга хорижлик легионерларни жалб этамиз. Муҳими, вилоят футбол федерацияси, хомийларимиз «Қизилқум» жамоаси келажагига катта умид ва ишонч билан қарашмоқда. Шундай экан, янги мавсумда аввало мухлисларимиз ишончини оқлаш, чиройли ғалабаларимиз билан уларни қувонтириш йўлида бор куч-имкониятимизни ишга соламиз.