Кириш Регистрация
05/05 00:00 Брест 0-0 Нант
05/05 00:00 Мальорка 0-1 Атлетико
05/05 15:30 Кальяри 1-1 Лечче
05/05 17:00 Осасуна 0-2 Бетис
05/05 18:00 Навбаҳор 4-0 Локомотив
05/05 18:00 Брайтон 1-0 Астон Вилла
05/05 18:00 Челси 5-0 Вест Хэм
05/05 18:00 Эмполи 0-0 Фрозиноне
05/05 18:00 Верона 2-1 Фиорентина
05/05 18:30 Бунёдкор 0-2 Сурхон
05/05 19:15 Сельта 3-2 Вильярреал
05/05 20:30 Ливерпуль 4-2 Тоттенхэм
05/05 21:00 Милан 3-3 Женоа
05/05 21:30 Валенсия 0-1 Алавес
05/05 23:45 Рома 1-1 Ювентус
06/05 00:00 Райо Вальекано 0-1 Альмерия
06/05 00:00 Севилья 3-0 Гранада
06/05 21:00 Салернитана - Аталанта
06/05 23:45 Удинезе - Наполи
07/05 00:00 Кристал Пэлас - Ман. Юнайтед
07/05 00:00 Лилль - Лион
08/05 00:00 ПСЖ - Боруссия Д

Йил сарҳисоби: Ўзбек футболидаги 2015 йилнинг энг муҳим 15 воқеаси

Баҳо:
+ | -

Мана секин-аста Осиё қитъасида, хусусан, Ўзбекистонда 2015 йилги футбол мавсуми ҳам ўз поёнига етиб бормоқда.

Йил давомида сизу биз бир қатор ўта муҳим ва ёдда қоларли, баъзан эса жуда аламли ҳолатларга гувоҳ бўлдик. Терма жамоаларимиз-у ёш футболчиларимизнинг кўрсатган ўйинлари, қайд этган натижаларидан қувонган бўлсак, клубларимизнинг қитъа майдонларида намойиш этган ўйинидан кўнглимиз тўлмади.

Келинг, 2015 йил давомида ўзбек футболи жамоатчилиги диққат-эътибори марказида бўлган энг муҳим 15 та воқеани ёдга олиб ўтсак.

Осиё Кубоги-2015
2015 йилги футбол мавсуми биз учун Австралия яшил майдонларида ўтган қитъа биринчилиги билан бошланди. Осиё Кубоги 2015 йил аввалиданоқ ўзбек футболига бефарқ бўлмаган барчанинг диққат-эътибори марказида бўлди. Кўплаб мухлис-у мутахассислар бу сафар бош жамоамиздан Қатардаги муваффақиятни янада яхшилашни кутишганди. Аммо…

Миржалол Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги баҳсларини ғалаба билан бошлади. Илк ўйинда КХДР кичик ҳисобда мағлуб этилди. Сўнгра эса Хитойга мағлуб бўлган терма жамоамиз барчани ажаблантирди. Кўпчилик ҳадик-у хавотир билан кутган ўйинда эса Саудия Арабистони устидан ғалаба қозонилди ва чорак финал йўлланмаси қўлга киритилди.

Шундан сўнг яна ҳамма Ўзбекистон терма жамоасидан қандайдир юқори натижа кута бошлади. Афсуски чорак финалда йўлимизга қитъа чемпионатининг фаворитларидан бири саналган Жанубий Корея термаси тўғаноқ бўлди ва биз мусобақадаги иштирокимизни якунлашга мажбур бўлдик. Ўшанда Жанубий Корея Ўзбекистон терма жамоаси устидан 2:0 ҳисобида устун келди. Корейслар ярим финалга йўл олишди, бизникилар эса уйга қайтишди. Шундай бўлса ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё Кубоги-2015даги иштирокини қониқарли баҳолаш мумкин.

Таъкидлаш жоиз, Австралияда ўтган Осиё чемпионати 16та жамоа иштирок этган сўнгги турнир бўлди. Осиё Футбол Конфедерацияси ОК-2019 финал босқичида 24та жамоа иштирок этишини маълум қилган.

U-20 Жаҳон Чемпионати
2015 йил доирасидан ўрин олган яна бир муҳим турнир – бу Янги Зеландия мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлди. Унда мамлакатимиз шарафини Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ҳимоя қилди.

Анчагина иқтидорли йигитлардан иборат бўлган мазкур терма жамоа ҳам кичик мундиалда ёмон иштирок этмади. Айниқса, таркибдаги бир қатор истеъдодли йигитлар жаҳон чемпиоинатида ўзларини кўрсата олишгани сиз-у бизни қувонтирмай қўймайди, албатта.

Жаҳон Чемпионатидаги илк ўйинда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Гондураслик футболчиларга 3:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Барчамизни ажаблантирган жиҳат эса, ёшларимиз иккинчи турда Германияга мағлуб бўлишди - 3:0. Аммо сўнгги турда Фижи устидан қозонилган 3:0 ҳисобидаги ғалаба Равшан Ҳайдаров жамоасига турнирни давом эттириши имкониятини тақдим этди.

Кўпчилик мухлисларнинг ёдида Жаҳон чемпионати чорак финал ўйинлари доирасидаги Сенегал терма жамоасига қарши кечган баҳс сақланиб қолди. Зеро Ўзбекистон U-20 футболчилари ушбу ўйинда рақиб билан тенгма-тенг кураш олиб боришди ва баъзи вазиятларда устун ҳам келишди. Аммо яратилган қулай имкониятлардан унумли фойдалана олинмагани бизга панд берди ва ёшларимиз кичик ҳисобда мағлуб бўлиб, мусобақадаги иштирокини ушбу босқичда тўхтатишди.

Шу ўринда алоҳида урғу бериш лозимки, айнан мана шу кичик мундиал бизга футболимизда яна бир ажойиб авлод етишиб чиқаётганини кўрсатиб берди. Зеро Элдор Шомуродов, Забиҳилло Ўринбоев, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков, Достонбек Ҳамдамов ва бошқа бир қатор иқтидор соҳиблари ушбу Жаҳон чемпионатида кўрсатган ажойиб ўйинлари билан футболимиз жамоатчилигига танила бошлашди.

Самвел Бабаян – Миллий терма жамоа бош мураббийи
Йил давомида рўй берган воқеалар ичида бутун ўзбек футболи жамоатчилигининг диққатини тортгани – бу шубхасиз, Самвел Бабаяннинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинлангани бўлди.

Бош жамоамизнинг меҳмонда КХДРга мағлуб бўлиши уч йил давомида терма жамоани бошқариб келган Миржалол Қосимовнинг ишдан кетишига сабаб бўлди. Унинг ўрнини Тошкентнинг “Пахтакор” клуби бош мураббийи Самвел Бабаян эгаллади. Бабаяннинг “Пахтакор”даги узоқ йиллик меҳнати ва “шерлар” клуби асосида ажойиб жамоа туза олгани инобатга олиниб, Ўзбекистон терма жамоаси бошқаруви унга ишониб топширилди.

Достонбек Ҳамдамов – Осиёда 2015 йилнинг энг яхши ёш футболчиси
Нью Дели шаҳрида 2015 йил якунларига кўра Осиёнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби ярим ҳимоячиси Достонбек Ҳамдамов “Йилнинг энг яхши ёш ўйинчиси” номинациясида ғолиб деб топилди.

Шу ўринда эътиборингизни бир жиҳатга тортсак. Мазкур номинацияда ғолиб чиқиш учун шунингдек, Ҳамдамовнинг жамоадошлари Элдор Шомуродов ва Забиҳилло Ўринбоевлар ҳам даъвогарлик қилишди. Барча даъвогарларнинг Ўзбекистонлик экани бутун қитъамиз футбол жамоатчилиги эътиборини тортди ва бу бизнинг табиийки, фахр ҳисини туюшимизга олиб келди.

Миллий терма жамоамиз Самвел Бабаян бошчилигида кетма-кет 5 та ўйинда ғалабага эришди

Июнь ойи охирида Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувида Миржалол Қосимовни алмаштирди. Дастлаб ишни Олий Лига клублари бош мураббийлари-ю журналистлар билан яккама-якка суҳбатлашишдан бошлаган Бабаян барча билан алоқани ишонч асосида йўлга қўйиб олди.

Бош жамоамизга ўз фалсафасини секин-аста киритиб бораётган мутахассис шогирдларининг қайд этаётган натижалари эса барчамизга маъқул тушмоқда. Зеро Самвел Бабаян қўл остида Ўзбекистон термаси 5 та учрашув ўтказди ва уларнинг барчаси футболчиларимизнинг ғалабаси билан тугади.

Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Яман (2 марта), Филиппин, Баҳрайн ва КХДРни мағлуб этишни уддалади.

Ўзбекистон – Яман 1:0
Филиппин – Ўзбекистон 1:5
Баҳрайн – Ўзбекистон 0:4
Ўзбекистон – КХДР 3:1
Яман - Ўзбекистон 1:3

Осиё Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсиз иштирок
Бу йил илк бор қитъамизда клублар миқёсидаги энг нуфузли турнир саналадиган Осиё Чемпионлар Лигасида Ўзбекистоннинг 4 та клуби иштирок этди. “Бунёдкор” плей-офф босқичи доирасида “Ал Жазира”ни 2:1 ҳисобида енгиб, гуруҳ босқичига йўл олган бўлса, “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Насаф” иштирокни тўғридан-тўғри гуруҳ босқичидан бошлашди. Аммо йил аввалида бизни 4 та жамоа иштирок этиши қандай қувонтирган бўлса, май ойида гуруҳ босқичи якунларига келиб, ўша қувончдан асар ҳам қолмади. Зеро 4 та клубимиз ҳам гуруҳдан нарига ўта олишмади. Бу эса йил давомида юз берган энг ҳафа қиладиган ҳолатлардан бири бўлди, десак адашмасак керак…

Ўзбекистон клубларининг ҳеч бири гуруҳдан чиқа олмагани кейинги йиллардаги квоталар сонига таъсир қилиши тайин. Умид қиламизки, келаси мавсумда жамоаларимиз мана шу “айб”ни ювишади ва ўзбек футболи ишқибозларини халқаро майдондаги ажойиб иштирок билан хушнуд этишади.

"Пахтакор" - 11 карра Ўзбекистон чемпиони!
Бу йил Олий Лига ўйинлари анчагина қизиқарли кўриниш олди. Деярли ҳар бир турда бир нечта муросасиз руҳда ўтган учрашувларга гувоҳ бўлдик. Етакчи клублар бир неча бор кучсиз саналган жамоалар билан бўлган ўйинларда ҳам очко йўқотишди.

Диққатга сазовор жиҳати, мамлакат чемпиони номи сўнгги турга келибгина аниқ бўлди. Охирги – 30-турда "Андижон"ни йирик 6:0 ҳисобида енгган “шерлар” 11-бор чемпионликни тантана қилишди. “Пахтакор” сўнгги паллаларда ўзини бутун мавсум давомида изма-из таъқиб қилиб келган “Локомотив”ни доғда қолдиришга муваффақ бўлди.

“Насаф” илк бор Ўзбекистон кубогига эга чиқди
2015-йил айниқса, Қаршининг “Насаф” клуби мухлислари учун ёддан чиқмайдиган бўлди. Боиси қаршиликлар бу йил ўз тарихларида илк марта Ўзбекистон кубогини қўлга киритишди.

Ўзбекистон кубоги-2015 финал учрашувида Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасини кичик ҳисобда енга олган "Насаф" Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Бу Қарши клуби тарихидаги илк кубокдир. “Насаф” бешинчи уринишда кубок соҳибига айланди.

Александр Гейнрих терма жамоага қайтди
Миржалол Қосимов сўнгги пайтларда тажрибали ҳужумчи Александр Гейнрихни терма жамоага чақирмай қўйганди. Бунга балки Гейнрихнинг жисмоний ёки руҳий жиҳатдан бош жамоа сафида майдонга чиқишга тайёр бўлмагани сабаб бўлгандир. Ёки Қосимов Гейнрихнинг “даври ўтди” деб ҳисоблаган бўлиши ҳам мумкин. Бунда тажрибали мураббийни айблаш ноўрин.

Лекин Самвел Бабаян терма жамоа бошқарувини қўлга олгач, амалга оширган энг биринчи ишларидан бири – бу Александр Гейнрихнинг миллий терма жамоага қайтарилгани бўлди. Саша бу ишончни оқлади ва айнан унинг голи эвазига Ўзбекистон терма жамоаси Яман билан бўлган илк ўйинда ғалаба қозонди.

Равшан Эрматов Чемпионлар Лигаси финалини бошқарди
Ўзбек футболи довруғини бутун жаҳонга ёяётган ҳакам Равшан Эрматов учун 2015-йилги мавсум ҳам яхши ўтди, деб айта оламиз. Зеро тажрибали ФИФА рефериси бригадаси йил аввалида Австралия яшил майдонларида ўтган Осиё Кубогида ишлади. Равшан Эрматов Австралия ва Кувайт ўртасидаги ОК-2015 очилиш учрашувини бошқариб борди. Бу эса Эрматовнинг ҳамон қитъамизда етакчи рефери эканини яна бир бор тасдиқлади.

Осиё Кубогида самарали ишлаган Эрматов бригадаси сўнгра йил давомида ички биринчиликда ва халқаро майдонда бир нечта жуда муҳим ўйинларда фаолият олиб борди. Айниқса, 21 ноябрь куни бўлиб ўтган ОЧЛ финал учрашувини ҳам ҳамюртимиз бошқариб борди. Хитойнинг “Гуанчжоу Эвергранд” клуби Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал Аҳли” жамоасини енгган тўқнашувда ишлаган Эрматов йилни ажойиб даражада ўтказа олди.

“Динамо” Олий Лигани тарк этди
Барчамиз гувоҳ бўлганимиздек, бу йил Олий Лига баҳслари анчагина қизиқарли ва шиддатли кўриниш олди. Буни чемпионлик масаласи сўнгги турга келибгина ҳал бўлгани ҳам тасдиқлаб турибди.

Шуниси диққатга сазоворки, биз нафақат, чемпион номини, балки элитани тарк этадиган клубни ҳам айнан 30-турда билиб олдик. Сўнгги тургача кўпчилик “Бухоро” ёки “Сўғдиёна”нинг Биринчи Лигага йўл олишини тахмин қилиб турганди. Лекин якунда “Олмалиқ” жамоасини қабул қилган “Динамо” ўз майдонида жуда қимматли очколарни бой бериб, турнир жадвалининг сўнгги ўринига тушиб қолди. Бу эса самарқандликларнинг келаси мавсумни Биринчи Лигада ўтказишини англатади.

Сардор Рашидов – “Ал Жаиш” сафига кўчиб ўтди
Ўзбекистон миллий терма жамоасида сўнгги пайтларда етакчилардан бирига айланган ҳужумкор ярим ҳимоячи Сардор Рашидов Қатарнинг “Ал Жаиш” жамоаси билан уч мавсумга мўлжалланган шартнома тузди. Ушбу хабар ёз ойларида бутун ўзбек футболи жамоатчилиги эътиборини ўзига қаратди.

Рашидовнинг “Ал Жаиш” сафига бориб қўшилиши жорий йилда қитъамиз миқёсида амалга оширилган энг муҳим трансферлардан бири бўлди, десак асло хато бўлмайди. Қатар клуби таркибидан жой олган Сардор янги жамоасига тез қўшилиб кета олди. У эндиликда “Жаиш”нинг етакчиларидан бири. Қатар Юлдузлар Лигасида ўзини яхши томондан намойиш этаётган ҳамюртимиз айни дамга келиб 10 та учрашувда 7 бор рақиблар дарвозасини ишғол этди. Агар Сардор шу руҳда ўйин кўрсатишда давом этса, ажаб эмас, биз уни яқин йиллар ичида Европанинг кучлироқ чемпионатларида ҳам кўриб қолсак… Нима дедингиз?! Ахир, яхши ният – ярим мол, дейдиларку..!

Игорь Сергеев – мавсум тўпурари
2015 йилда порлай олган футболчиларимиздан бири – бу “Пахтакор” ҳужумчиси Игорь Сергеевдир. У 23 гол билан Олий Лига-2015 тўпурарига айланди. Игорь бутун мавсумни кўтаринки руҳда ўтказа олди. Сергеев 23 гол уришдан ташқари 3та голли пас берсишга ҳам эришди. Шунингдек, ёш маҳорат соҳиби Чемпионлар Лигасида 3 гол ва 2 голли узатма амалга оширди.

Миллий терма жамоада ҳам Сергеев эндиликда асосий ҳужумчи вазифасини ўтамоқда. Гол сезиш қоблияти ажойиб бўлган ушбу футболчи бош жамоамиз сафида йил давомида 10 та ўйинда 6 бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Унинг йил давомида киритган голлари сони эса 50 та учрашувда 32 тани ташкил қилмоқда. Бу ҳар қандай ҳужумчи ҳавас қилса арзийдиган кўрсатгичдир… Шундай эмасми?!

Ўзбекистон U-16 аёллар терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида иштирок этди
Ўзбекистон U-16 аёллар терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида иштирок этди. Бахром Норсафаров бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси дастлабки ўйинда Японияга мағлуб бўлди. КХДРга қарши ўйин ҳам ҳудди шундай ҳисобда тугади. Сўнг Хитой Тайпейи билан бўлган баҳсда эса 3:0 ҳисобида ғалаба қозонилди. Бахром Норсафаров жамоаси 3 очко билан ўз гуруҳида 3-ўринни эгаллади ва мусобақадаги иштирокини шундай якунлади.

Шунингдек, Вячеслав Солохо бошчилигидаги 19 ёшгача бўлган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам Нанкин шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида қатнашди. Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси биринчи турда мусобақа мезбонлари — Хитой терма жамоасига 0:9 ҳисобида имкониятни бой беришди. Иккинчи турда Япония терма жамоасига 0:6 ҳисобида ютқазиб қўйилди. Мусобақанинг гуруҳ босқичи сўнгги турида эса Австралияга қарши майдонга тушган футболчи қизларимиз икки тўп фарқи билан мағлуб бўлишди. Шу тариқа Ўзбекистон U-19 ёшлари мусобақадаги иштирокини гуруҳ босқичда якунлади.

Умуман олганда, ҳар икки аёллар терма жамоасининг қитъа чемпионати финал босқичида қатнашганини ижобий баҳолаш мумкин.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритди
Темур Олимхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионати-2016 саралаш босқичида иштирок этди. Ўсмирларимиз Осиё чемпионати саралашидаги барча ўйинларда йирик ҳисобда ғалаба қозонишди. Илк учрашувда Мальдив ороллари терма жамоаси 8та тўп фарқи билан доғда қолдирилган бўлса, иккинчи ўйинда Фаластин 6 та тўп фарқи билан мағлуб этилди.

Сўнгги ўйинда эса Яман ўсмирлар терма жамоаси дарвозаси беш марта ишғол қилинди. Шу тариқа, Ўзбекистон U-16 терма жамоаси қитъа чемпионати финал босқичига йўл олди. Энди терма жамоамиз келаси йилнинг 15 сентябридан 2 октябригача Ҳиндистонда ўтказиладиган Осиё чемпионати финал босқичида иштирок этади.

Шунингдек, Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси ҳам ОЧ финал босқичига йўлланма олди. Ёшлар терма жамоамиз Осиё Чемпионати саралашини жуда муваффақиятли тарзда ўтказа олди. “А” гуруҳидаги барча учрашувларда ғалабага эришган Жасур Абдураимов жамоаси келаси йили Баҳрайнда бўлиб ўтадиган U-19 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати финал босқичига йўлланма олди.

Зоҳирбек Акрамхонов тайёрлади.

Манба: sports.uz
Киритилди: 11:22, 01.12.2015.
Ўқилди: 6021 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.