2015 йил 8 апрель. Шу куни Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси ОЧЛнинг 4-тури доирасида Қатарнинг "Ас-Садд" клубини қабул қилди. Ўша куни "Локомотив" стадионига ўйиндан 1 соат бориб, ўйин қайдномасига кўз югуртирганимда, Абрамов асосий таркибда ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган Икром Алибоев исмли футболчини киритгани эътиборимни тортганди. "Вадим Карленович таваккалчилгигига борибди-да", деган фикр ўтди шу заҳоти. Аммо бу оддий таваккалчилик эмас, ўзбек футболи учун янги кашфиёт ўйинчининг ўзига хос тақдимоти эди. Ёш футболчи Чемпионлар лигасида илк марта иштирок этаётганига қарамай, майдонда “йўқолиб” қолмади ва жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасига (5:0) ҳисса қўшди.
Журналист сифатида Алибоевдан интервью олиш фикри пайдо бўлганди. Ҳаттоки "Локо" матбуот хизмати вакилидан футболчининг телефон рақамини олгандим. Аммо ҳафсаласизлик қилдим шекилли, бу режани амалга ошира олмадим. Боз устига, бошқа ҳамкасбларим футболчи билан суҳбат уюштириб, буни ОАВда эълон қилишди. Шу билан интервью режаси унутилаёзди. Бироқ тунов куни Икром ўзининг Твиттердаги саҳифасида мухлислар билан "сан-ман"га борганига кўзим тушиб қолди. Шундан сўнг уни топишга ҳаракат қилдим.
“НОҲАҚЛИККА ЧИДОЛМАЙМАН”
"Локомотив" стадиони ёнида жойлашган клуб базасига кириб, меҳмонхонанинг биринчи қаватидаги ўриндиқлардан бирига жойлашар эканмиз, "чигалёзди машқ" учун Твиттерни эслатдим.
"Твиттерга кирганимда айрим сайтларда "Локомотив"нинг "Навбаҳор" дарвозасига урган голларини 90+6 ва 90+7-дақиқаларда урилди, деб ёзишган. Мухлислар буни кўриб урган голларимизни шубҳа остига олишгани учун жаҳлим чиқиб, қизишиб кетдим ва мухлислар билан уришиб кетдим. Чунки биз ҳаққоний голларни 90+1 ва 90+3-дақиқаларда ургандик. Шунчаки бўҳтон ва ноҳақликка чидай олмайман. Қизишиб кетганимни билдим ва мухлислардан тезда узр сўрадим".
"МЕНГА АВВАЛГИ МЕССИ КЎПРОҚ ЁҚАРДИ"
Икром "Барселона" жамоасининг мухлиси эканини Твиттердаги саҳифасида билдирган, буни аввалги интервьюларида ҳам айтиб ўтган. Табиийки, навбатдаги "эл-класико" у ўтказиб юбормаган.
"Шахсан ўзим "Барселона" мухлиси сифатида шундай ўйин бўлишини, "Реал" бу ўйинда ҳеч нарса қила олмаслигини билардим. Шу боис, мен кутган ўйин бўлди деб айта оламан. Лекин ҳисоб бунчалик йирик бўлишини кутмагандим. "Мадрид" гол урса керак деб ўйлагандим. "Барса"нинг ғалабасига эса заррача шубҳа қилмагандим, ҳаттоки Мессисиз ҳам ўйнаса ҳам. "Реал" Моуриньо ва Анчелотти даврида каталонияликларга жиддий қаршилик кўрсатарди ва "класико"ларни сўнгги сониягача ҳаяжон билан кузатардик. Мен ўша пайтда тўқнашувлар кўпроқ ёққанди. Демак, мураббий ҳам гап катта экан. Рафа Бенитес деярли ҳеч нарса кўрсата олмади. Афсус.
Мен "Барселона" мухлисиман, буни яширмайман. Мессига нисбатан меҳрим бўлакча. Менга Гвардиола пайтидаги Лео кўпроқ ёқарди. Ҳозирги Месси юлдузлик касалига чалинган демайману, аммо унинг ўйинида пасайиш бор. У ҳозир тўп учун курашда охиригача курашмайди. Мессига ўзининг аввалги ўйинларини қўйиб бериб, яна шунақа ўйнашни талаб қилиш керак (кулади).
"Барселона"нинг барча голлари чиройли бўлди. Мммм (ўйлаб туриб)... Назаримда, Суареснинг биринчи голи чиройлироқ ва муҳимроқ чиқди. Уругвайлик ҳужумчи бирга бир вазиятда мукаммал зарба ижро этиб, Навасга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Айнан тезкор урилган мана шу голдан кейин "Реал" "синди". "Кўк-анорранглилар"да ўзларига бўлган ишонч ортиб кетди. Қолган голлар эса "Барселона"га хос голлар бўлди. Бундай голларни улар ҳар доим уришади".
"АЛБАТТА ХОРИЖГА ЙЎЛ ОЛАМАН"
Сўнгги йилларда ўзбек футболида бир формула шаклланиб қолди: "Ўсишни истайсанми, хориж клубига йўл ол, бўлмаса Олий лигада "чириб" кетасан!". Ўзини ҳурмат қилган, юқори даражага чиқишни истаган ҳар қандай футболчи буни орзу қилади. Хўш, Алибоев 3-4 йилдан кейин ўзини қаерда ва қандай ҳолатда тасаввур қилади?
"Болалигимдан хорижда клубида ўйнашни орзу қилганман. Имкон бўлиши билан шу йўлдан боришга ҳаракат қиламан. Аввало барча каби мен ҳам Европа клублари сафида фаолият юритишни истайман. Бунинг учун ўзимда барча имкониятлар бор деб ўйлайман. Ўзимга ишонаман. Чет эл клубида ўйнашни орзу қилишдан асосий мақсад — кўпроқ пул ишлаб топиш эмас, футболчи сифатида юқори савияга кўтарилиб, Ўзбекистон терма жамоасининг муҳим ўйинчисига айланиш.
Менда шахсий агент йўқ. Халқаро ўйинларда иштирок этиш орқали хориж клубларининг эътиборига тушиш мумкинлигини яхши биламан. "Локомотив" келаси мавсумда Осиё чемпионлар лигасида иштирок этади. Бу йили мазкур мусобақада дебют қилган бўлсам, келаси мавсумда клубим билан яхшироқ иштирок этишга ҳаракат қиламиз".
"ОЛИМПИАДАДА ИШТИРОК ЭТИШИМ ШАРТ!"
Икром Алибоев Ўзбекистоннинг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари сафида иштирок этмаган. Аммо мавсум кашфиётига айланган фуболчи мамлакатимиз олимпия терма жамоаси мураббийлар штабининг эътиборига тушди ва у бир нечта йиғинларда иштирок этди. Демак, унда терма жамомиз шарафини ҳимоя қилиш ва хорижлик скаутларнинг эътиборига тушиш имконияти мавжуд. Аммо...
"Олимпия терма жамоамиз томонидан менга ҳозирча "чизиқ тортилди". Терма жамоанинг Осиё чемпионати учун бошланадиган тайёргарлик йиғинига мени жалб қилишмади. Очиғи, сабабини билмайман. Шу пайтгача Жалилов ва Нуралиев бошчилигида Словакия ва Тошкентда ўтказилган йиғинларда қатнашиб, барча ўйинларда асосий таркибда ўйнагандим. Назаримда, мураббийларда ёмон таассурот қолдирмагандим. Аммо навбатдаги йиғинга таклиф олмадим. Олимпия терма жамоамизда мен ўйнайдиган чизиқда етарлича рақобат бор. Мен эса рақобатдан чўчимайман. Агар йиғинга таклиф этишса, Осиё чемпионатига боришга муносиб эканимни исботлашга ва Қатарда Ватаним термаси шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан. Олимпия терма жамоамизнинг ҳозирги таркиби жуда кучли. Йигитлар мусобақада муносиб иштирок этиб, Рио-2016 йўлланмасини қўлга кирита олишади, деб ўйлайман.
Ўз олдимга қўйган яна бир юксак орзулардан бири — олимпия ўйинларида иштирок этиш. Ҳозирги терма жамоамиз билан бу мақсадга эриша олмасам ҳам, менда яна бир имконият бўлади. Қанақасига дея ҳайрон бўляпсизми? Олимпия терма жамоаси сафида 23 ёшдан катта бўлган 3 нафар футболчи олиб кетилади, тўғрими? Кейинги авлод футболчилари олимпиада йўлланмасини қўлга киритишса, ёши катта 3 футболчидан бири сифатида ёзги олимпия ўйинларда қатнашишни истайман. Бунинг учун эса ўша пайтда Ўзбекистоннинг энг яхши 3 футболчиси сафида бўлишим керак, албатта".
"ЕЙИШГА ОВҚАТИМ БЎЛМАСДИ..."
Икром ўз олдига юксак мақсадлар қўяётгани қувонарли. Яратган уни соғ-саломат сақласа, ҳали ўсишда давом этмоқчи. Энг асосийси, у ёшлар футболидан катталар футболига ўтиш даврини муваффақиятли босиб ўта олди. 21 ёшда бўлса ҳам кўплаб мухлисларнинг эътиборига тушди. Айнан ўтиш давридан ўта олмай, футболни йиғиштириб қўйган иқтидорлар оз эмас. Ушбу нозик ва мураккаб даврни сабр ва матонат билан босиб ўтиш барчанинг ҳам қўлидан келмайди. Суҳбатдошимга шу ҳақида савол берар эканман, унинг ҳолати беихтиёр ўзгара бошлаганини ҳис қилдим. Кўзларида ёш қалқида дея олмайман, аммо қалб ярасини тирнаб қўйганимни тушундим. Унинг овозида титроқ сезилди.
"Мен Тошкентдаги олимпия захиралари футбол мактабида тарбияланганман. Футбол мактабининг 9-синфини тугатганимиздан кейин, мени даргоҳда тахсилни давом эттиришга нолойиқ деб ҳисоблашган ва мен биргаликда бир неча нафар ёш футболчиларни оддий педагогик коллежга ўтказишган. Бу дегани, биз футболдан узоқлаштирилдик ва футболчи бўлмаслигимиз керак эди. Аммо олимпия захиралари мактабидаги биринчи мураббийим Рустам Орипов бизни ташлаб қўймади. Алоҳида "Тошкент" номли клуб туздик ва Тошкент шаҳар чемпионатида иштирок эта бошладик. Шаҳар биринчилигида 5-ўринни эгаллаган бўлсак, Кубок баҳсларида финалгача чиқдик. 2011 йилнинг кузида "Локомотив"нинг иккинчи лигадаги жамоаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушдик. Ўша ўйиндан кейин мураббий Равшан Бозоров "Тошкент"дан 8 нафар футболчини "Локомотив" ўринбосарлар жамоасига таклиф этди. Улар орасида мендан ташқари, олимпия захиралари коллежидан "ҳайдалган" Хуршид Мухторов, Қувондиқ Рўзиев, Дониёр Усмонов бор эди. Айнан мана шу таклиф ҳаётимдаги муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. "Локомотив" ўсмирларига ўтганимдан кейин менда профессионал футболчига айланиш учун умид пайдо бўлди. Боиси, бунгача қийин вазиятда қолгандим. Тошкент педагогика коллежининг ётоқхонаси йўқ эди, бутунлай клубсиз қолиб кетгандим. Тўйиб овқатланиш учун етарли маблағим ҳам бўлмаган. Буни яширмайман. Мана шундай қийин вазиятда мени қўллаб-қувватлаб турган оиламга, акамга миннатдорчилик билдираман. Акам "сендан албатта футболчи чиқади", дея, ўзида йўқ бўлса ҳам, маблағ билан таъминлаб туришга ҳаракат қилди. Биз билан шуғулланишда давом этган Рустам акадан эса чексиз миннатдорман. Ҳозиргача ҳар қандай масалада устозим билан бамаслаҳат иш қиламан.
2012 йилда "Локо" ўринбосарлари сафида шуғулланишни бошлаган бўлсам, сабр билан ишлашда давом этдим. Тўртинчи йилга келиб асосий таркиб футболчисига айландим. Қийин даврлар ўтиб кетганига минг марта шукрлар қиламан".
ИКРОМНИ ТАНИТГАН ЎЙИН
Бошида айтим ўтганимдек, барча каби мен ҳам Икром Алибоев исмли футболчини "Локомотив"нинг "Ас-Садд"га қарши ўйинида танидим. 17 ёшли ўсмир "Локо" ўринбосарлари сафига қўшилганида, унда келажакка нисбатан умид пайдо бўлган бўлса, ОЧЛ баҳси эса профессионал фаолиятга катта йўл очиб берди, десак муболаға бўлмас.
"ОЧЛ доирасида "Ас-Садд"га қарши ўйиндан бир ҳафта олдин Олий лига доирасида "Сўғдиёна"га қарши сафардаги ўйинда асосий таркибда майдонга тушдим. Бу ўйин мен туғилиб ўсган Янгиер шаҳрида ўтказилди. Бу ўйинда ютдик. Чемпионлар лигаси баҳсида майдон тушмасам керак деб ўйладим. Ўйиндан бир кун аввал ёрдамчи мураббий Марат Мифтахутдиновдан "захирага киритиламанми?", деб сўрадим. "Кириб қолсанг керак, тайёргарлик кўравер", деб жавоб берди Марат ака. Эртасига ўйин бошланишига бир ярим соат вақт қолганида Вадим Абрамов асосий таркибда тушадиган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Фамилиямни эшитиб шошиб қолдим, қулоқларимга ишонмадим. Ўйиндан олдинга чигалёзди машғулотини ҳаяжон билан ўтказдим. Лекин ўйин бошланиши билан барча ҳаяжонлар ортда қолди. Рақиб сафида ҳам ўзимиз каби футболчилар ўйнаётганини тушуниб етдим, ишонч билан ўйнай бошладим".
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
Икром билан яна баъзи масалалардан суҳбатлашдик, жумладан, миллий терма жамоамиз ҳақида ҳам. Алибоев терма жамоа сафида дебют қилишга улгурди, аммо ҳозирда уни терма жамоа аъзоси деб айта олмаймиз. Бош жамоамиздан унинг муқим ўрин эгаллаши футболчининг ҳаётидаги кейинги қадам бўлади. Ҳозирча бу ҳақда шошмай турганимиз маъқул.
Ушбу интервью давомида Алибоевни футболчи сифатида эмас, кўпроқ шахс сифатида кашф қилишга уриндим. Бунга қанчалик эришдим, бунисига сиз баҳо берасиз, азиз ўқувчи. Мен эса бир фикрни таъкидлаб ўтмасам бўлмайди.
Орипов Рустам ака, агар сиз мени ўқиётган бўлсангиз, сизга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Алибоев бошчилигида коллеж ҳайдалган шогирдларингизнинг тақдирига бефарқ бўлмаганингиз учун, уларнинг иқтидори очилмасдан "ўлиб" кетишига йўл қўймаганингиз учун, уларга оталарча меҳрибонлик қилганингиз учун, умуман барча-барчаси учун. Ҳали улар сизнинг ишончингизни оқлаши керак. Шогирдингиз меҳнатларингизнинг бесамар кетишига йўл қўймайди. Шунисига ишонгимиз келади.
Олимхўжа БЎРОНОВ