Яқинлашаётган 2016 йил 12 январдан 30 январгача Қатар пойтахти Доҳада олимпия терма жамоалари (U-23) ўртасида Осиё чемпионати ўтказилишидан хабарингиз бор.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ушбу турнирда “C” гуруҳида Жанубий Корея, Яман ва Ироқ терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Бу турнирда ўртага 2016 йилги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси қўйилганлиги сабабли баҳслар муросасиз кечиши табиий ҳол.
Гуруҳ босқичидаги рақибимиз – Жанубий Корея терма жамоаси мусобақага жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Корейслар 7 декабрдан буён Жежудо оролидаги Соквипо спорт мажмуасида машғулотлар олиб боришмоқда. Бош мураббий Шин Тэ Йонг бу йиғинга Корея ички чемпионати ва Япония Жей-лигасида тўп сураётган 32 нафар футболчини жалб этган. Машғулотларда асосан жисмоний тайёргарликка эътибор берилмоқда. Мавсумни якунлаб, ҳолдан тойган футболчиларни яна спорт формасига қайтариш бош мақсад қилинган.
Корейслар дастлабки ўқув йиғин машғулотларини 15 декабргача Жежудо оролида ўтказишгач, бир кун дам олиб, 17 декабрда Улсанга равона бўлишади. Улсандаги 2-ўқув машғулотларига 25 нафар футболчидан иборат қисқартирилган таркиб билан борилади. Бу йиғин давомида таркибга Хванг Хи Чан (19 ёш, “Зальцбург”,Австрия), Рю Сунг Ву (22 ёш, “Гамбург”, Германия) каби Европада тўп сураётган легионерлар ва жароҳати сабаб Жежудо йиғинига бора олмаган Квон Чанг Хун (19 ёш, “Сувон”) ва Ли Чан Донг (22 ёш, “Гвангжу”) каби маҳаллий етакчи футболчилар қўшилишади.
28 декабрда эса Жанубий Корея олимпия терма жамоаси БААга учиб кетади ва Дубайда 2 та ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирилган. Рақиблар сифатида Саудия Арабистони ва БАА U-23 терма жамоалари танланган бўлиб, иккала терма жамоа ҳам Доҳадаги мусобақада иштирок этади.
Бош мураббий Шин Тэ Йонг маҳаллий матбуотга берган интервьюсида: “Араб термалари билан иккита ўртоқлик ўйини орқали Яман ва Ироққа қарши ўйин тактикасини белгилаб оламиз. Ўзбекистон билан бўладиган илк ўйин жуда муҳим. Ҳозир маҳаллий футболчилар билан ўзимнинг футбол ғояларимни амалда синаб кўряпмиз. Умидларим катта” - , дея фикр билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 14 январь куни корейслар гуруҳдаги илк ўйинини терма жамоамизга қарши ўтказишса, 16 январда Яман, 20 январда эса Ироқ олимпия терма жамоаларига қарши майдонга тушишади.
Отабeк ЙЎЛДОШEВ