«Sports.ru» сайти энг қизиқарли мақолани тақдим этди. Бу Лионель Мессининг шахсий ҳаёти ва футболдаги фаолияти ҳақидаги фикрлари эди. Ушбу мақоланинг энг қизиқарли дея таърифланишига унинг жуда кўп мухлислар томонидан ўқилгани сабаб бўлди. Биз ҳам шу мақоладан сизни баҳраманд этишга қарор қилдик.
КУНЛИК ҲАЁТИ
«Кунлик режимим бошқа спортчиларники билан бир хил. Мен ҳам бошқалар каби машғулотларни якунлаганимдан кейин шахсий ишларим билан шуғулланаман. Кейин оддий одамлар каби оилам ва дўстларим даврасида ҳордиқ чиқараман.
ФУТБОЛ ВА ОТАЛИК БУРЧИ ҲАҚИДА
«Футболнинг моҳияти ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Тўғри, баъзан футболдаги ўзаро муносабатлар нимагадир мажбур қилиши, мени чалғитиши мумкин, аммо ҳар қандай ота каби фарзанд тарбияси деган масъулиятга тўқнаш келганман ва буни уддалай олганман, деб ўйлайман. Ахир оталик бурчидан қочиб бўлмайди-ку».
МАҒЛУБИЯТ
«Мен мағлубиятни жуда ёмон кўраман. Аммо ҳамма ҳам ютқазади. Шундай вазиятларда уйга келиб, ўғлимни кўрганимда тушунаманки, доим мени кўтаринки кайфиятда юришга ва олға интилишга мажбур қиладиган инсон бор».
СЎНГГИ ЖАРОҲАТИ ҲАҚИДА
«Тўғри, мен бироз тушкунликка тушдим, чунки бу бошқа ҳолатлардан фарқ қиларди. Мен бу тақдирнинг оддий бир зарбаси эканлигини билардим ва тузалишга ҳаракат қилдим. Умуман, инсон бошига ташвиш тушганида шундай ўйлаши керак: «Бу жиддий эмас. Осонгина битадиган жароҳат, холос».
НАВБАТДАГИ ОЛТИН ТЎП
«Олтин тўп» кимга насиб этади? Бу сиз ёки менга боғлиқ эмас. Ўзаро ҳисоб-китоб қиладиган ва якунда бир қарорга келадиганлар бор. Уларнинг қарори якуний хулоса бўлади. Мазкур совринга ким нолойиқ? Ўйлашимча, мен».
АЗАЛИЙ РАҚОБАТ ҲАҚИДА
«Роналду билан душманмизми? Йўқ. Тиаго Криштианунинг ўйинларини севиб томоша қилади. Чунки у келажакда тажрибали футболчи бўлмоқчи. Айтмоқчиманки, ўғлим отасининг нималарга қодир эканлигини билишга қийналмайди. Чунки у менинг ўғлим. Роналдунинг имкониятларини билиши учун эса унинг ўйинларини кўриши керак. Мен бунга қарши эмасман. Мен Роналду ёки Роналду мен ҳақимда ёмон гапирмаганмиз. Ҳаммаси журналистларнинг уйдирмаси».
«ОДДИЙ ҲУЖУМЧИМАН»
«Жамоам билан фахрланаман. Бизда аҳиллик бор. Ишонмасангиз, сўраб кўринг, ҳеч ким биров ҳақида ёмон гапирмайди. Бизда алоҳида ажралиб турадиган футболчи йўқ, ҳамманинг ўз ўрни бор. Мен танҳо эмасман. Агар ҳамма айтганидек жамоамнинг энг муҳим ўйинчиси бўлганимда Пике ёки Бравонинг ўрнида ҳам ҳаракат қила олган бўлардим. Аммо бундай қилолмайман, чунки мен шунчаки ҳужумчиман, холос».
СЎНГГИ СОВРИНИ
«Ла лигада йилнинг энг яхши ҳужумчиси сифатида тан олиндим. Албатта, хурсандман. Бунинг учун, аввало, жамоадошларимга раҳмат айтаман. Чунки уларсиз мен бирорта ҳам гол уролмайман».
ЭНГ ҚУВОНЧЛИ ЛАҲЗАСИ
«Шифокорим менга қўнғироқ қилиб, майдонга тушишим мумкинлигини айтганида қувониб кетдим. Ўзимга қолса, аллақачон майдонга тушган бўлардим, лекин шифокорим буни тақиқлаб келарди. Шунданми, хушхабарни эшитганимда мендан бахтлироқ одам йўқдек эди».
Интернет материаллари асосида НИЗОМ тайёрлади.