"Челси" жамоасининг сербиялик ҳимоячиси Бранислав Иванович 16 тур доирасида "Лестер"га қарши кечадиган баҳс олдидан рақибнинг асосий футболчиларидан бири Жейми Вардини қуролсизлантириш учун бор имкониятларини ишга солишини айтиб ўтди.
У АПЛнинг биринчи ўрнида жойлашиб турган бу жамоага қарши ўйин оғир кечишини қайд этиб ўтган.
"Лестер"га қарши қийин ўйин кутиб турибди бизни. Кетма-кет ғалабалардан кейин рақибнинг ўзига ишончи ортган. Айни вақтда АПЛдаги ҳимоячилар Вардини эркин қўйишмоқда ва у ҳужум қилиш учун кенг имкониятларга эга бўлмоқда.
Мен уни ўзига келтириб қўйишим мумкин. Албатта, унинг оёғига тепиш керак бўлса, бу фойда берса, қаттиқ тепаман. Кўпчилик ҳужумчилар ўзларига майдонда кескин муносабатда бўлишларини ёқтиришмайди, агар уларни яхшилаб тепилса, ўзларига бўлган ишончлари сўна боради", деган Иванович goal.com нашрига.
Маълумот учун, "Лестер" ва "Челси" баҳси 14 декабрь кунига белгиланган.