“Манчестер Юнайтед” жамоаси сўнгги пайтларда ишончсиз ўйини билан ўз мухлисларини ранжитишда давом этмоқда. Куни кеча "МЮ" сафарда Премьер-лига дебютанти "Борнмут" билан ўзаро баҳс олиб борди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Мазкур муваффақиятсизлик жамоа бош мураббийи Луи ван Галнинг ўз лавозимида қолишига шубҳалар туғдира бошлади.
Луи ван Гал бошчилигидаги “МЮ” бир неча кун аввал Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидан чиқа олмай, Европа лигасига равона бўлди. Англия чемпионатида эса “қизил иблислар” 21 ноябрдан буён ғалаба нима эканини билмай келишмоқда. Ўшанда ҳам “МЮ” қийинчилик билан, сўнгги дақиқаларда автогол эвазига “Уотфорд”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди.
Биз билган “МЮ”нинг шиддатли ва ҳужумкор ўйинларидан "асар ҳам" қолмади. Гол уриш у ёқда турсин, жамоа аъзолари дарвоза томон аниқ зарба йўллашни ҳам унутиб қўйишди. Гранд ҳисобланган "МЮ", ҳозирда ўртамиёна жамоага айланиб қолди. Барчасига эса Луи ван Галнинг танлаган тактикаси ва олиб бораётган фалсафаси сабабчи. Агар голландиялик мутахассис шу йўсинда ишлашни давом эттирса, унинг “МЮ”да қолиши сўроқ остида қолади.
Бугунги саҳифамизда Луи ван Гал жамоани тарк этган тақдирда, унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган мутахассислар борасида сўз юритамиз.
Пеп Гвардиола
Ёши: 44
Амалдаги жамоаси: “Бавария”
Гвардиола мураббийлик фаолияти давомида атиги икки клубни бошқарган ва ана шу икки клуб дунёнинг энг кучли клубларидир: “Барселона” ва “Бавария”. Испанияда тўрт йил ишлаган Гвардиола уч маротаба “каталонияликлар”ни мамлакат чемпиони ва икки маротаба Чемпионлар лигаси ғолибига айлантирди. “Бавария”да ўтказилган икки мавсумда эса испаниялик мутахассис икки бор “мюнхенликлар”ни маҳаллий шохсупага олиб чиқди.
Гвардиола “Бавария” билан амалдаги шартномасини узайтириш борасида ҳамон бир келишувга эришмади. Бу орада эса “Ман Сити” ҳам 44 ёшли мутахассисга кўз тикиб ўтирибди. Агарда Гвардиола Германияда қолишни истамаса, “Манчестер Юнайтед” унинг номзодини кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўларди.
Диего Симеоне
Ёши: 45
Амалдаги жамоаси: “Атлетико Мадрид”
Аргентиналик мутахассис 2011 йилда “Атлетико”га келиб қўшилганди. Унинг қўли остида “матрасчилар” 2013/14 йилги мавсумда Испания чемпиони бўлишди ва ҳудди шу йилнинг ўзида Чемпионлар лигаси финалида тўп суришди. Диего Симеоне Ла Лигага келгач, “Атлетико Мадрид” клуби “Барселона” ва “Реал Мадрид” сингари гранд жамоаларга ташвиш туғдира бошлади. Кучли тактика ва барқарор ўйин намойиш қила оладиган аргентиналик мутахассис “МЮ”га жуда мос тушар эди. Бироқ, жорий йилнинг май ойида Симеоне “матрасчилар” билан амалдаги шартномасини 2020 йилгача узайтирганди. “МЮ” унинг келишуви товон пулини тўлаши амримаҳол.
Райан Гиггз
Ёши: 42
Амалдаги жамоаси: “МЮ” бош мураббийи ассистенти
2014 йилда Дэвид Мойес “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи лавозимидан хайдалганидан сўнг, уэльслик футболчи (Гиггз ҳали футболчилик фаолиятини якунламаган эди) ўзи тўп сурган клубига мураббий этиб тайинланди. Гиггз тўрт учрашувда “МЮ”ни бошқарди ва иккитасида ғалабага эришди. Райан Гиггз футболчилик фаолиятини “Халл Сити”га қарши ўйинда якунлади. Ўшанда у ҳам футболчи ҳам мураббий сифатида майдонга тушганди.
Ҳозирда анча тажриба тўплаб олган Райан Гиггзни “Суонси” клуби бош мураббийлигига асосий давогар сифатида эътироф этишмоқда. Агарда ван Гал “МЮ”дан кетгудек бўлса, раҳбарият уни ўзида олиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Гари Невилл
Ёши: 40
Амалдаги жамоаси: “Валенсия” клубининг вақтинчи бош мураббийи, Англия терма жамоаси бош мураббийи ассистенти
“Манчестер Юнайтед” жамоасини яна бир собиқ аъзоси Гари Невилл футболчилик фаолиятини якунлагач, Англия терма жамоаси бош мураббийи ассистенти бўлиб олди. Футбол сирларидан хабардор бўлган Невиллни кутилмаганда, вақтинча бўлсада, “Валенсия” клубига бош мураббий этиб тайинлашди.
Англиялик мутахассис қўли остида “Валенсия” жамоаси аввалига “Барселона” билан, кейин эса “Эйбар” билан бир хил 1:1 ҳисобида дуранг натижага эришди. Гари Невилл ҳам “қизил иблислар”ни бошқариши мумкин бўлган мураббийлар сирасига киради.
Зоҳид Акрамов тайёрлади