Европа лигасининг 1/16 финал босқичига қуръа ташлангач, Москванинг "Локомотив" клуби Туркиянинг "Фенербахче"га жамоасига қарши баҳс олиб борадиган бўлди.
Бу ҳолат бир қатор россиялик мутахассисларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Хусусан, Россия Футбол иттифоқининг фахрий президенти Вячеслав Колосков бу вазият юзасидан фикрларини билдирган. У Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар совуқлашганини ҳисобга олган ҳолда, икки давлат жамоалари бу босқичда бир-бирига қарши келмаслигини таъминлаш керак эди, деб ҳисобламоқда.
"Менга қолса, албатта "Локомотив" ва "Фенербаҳче" ўзаро учрашмаслиги чораларини кўриш керак эди. Ахир УЕФА бундай чораларни аввал ҳам қўллаб келган (Россия ва Украина жамоалари ўзаро дуч келмаслиги ўтган йилги турнирда ҳам, бу йилгисида ҳам таъминланди - кун.уз изоҳи). Тўғри, биз Туркия билан ҳозирда уруш ҳолатида эмасмиз, ваколатхоналар ишлаб турибди, муносабатлар узилгани йўқ. Лекин эҳтимолий тушунмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида шундай чора кўриш керак эди. УЕФАнинг сиёсати тушунарсиз. Улар вазиятни янада қалтислаштиришмоқчидек, гўё", деган у.
У муаммолардан сақланиш учун, икки жамоа раҳбарияти келишган ҳолда ўзаро ўйинларни бетараф майдонда (Россияда ҳам эмас, Туркияда ҳам эмас) ўтказишлари мумкинлигини айтиб ўтган.
"Ёки туркиялик мухлислар Черкизовога келмаслиги ва россиялик мухлислар Истанбулга бормаслиги керак", деган Вячеслав Колосков.
Эслатиб ўтамиз, "Локомотив" жамоаси турнирнинг гуруҳ босқичида Туркиянинг бошқа бир жамоаси "Бешиктош" билан бир гуруҳдан жой олганди.
"Локомотив"нинг сафар ўйини вақтида москвалик футбол ишқибозлари маҳаллий мухлислар ва полиция вакилларининг зуғумларига дучор бўлишган.
Хусусан, "Локомотив" жамоаси мухлисига Истанбулда ўткир тиғли қуролдан жароҳат етказишди.
Шундан сўнг, УЕФА «Бешиктош» ва «Локомотив» жамоаларига қарши иш очди.
24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.
Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.
Шундан бери, икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашди.
Су-24 уриб туширилиши туфайли "Рубин"нинг туркиялик футболчиси Россияда муаммога дуч келгани ҳақида хабар берилганди.
Бу воқеалар фонида "Локомотив" жамоаси Туркиядаги қишки йиғинларни бекор қилганди.