Европа лигасининг 1/16 финал босқичига қуръа ташлангач, Москванинг "Локомотив" клуби Туркиянинг "Фенербаҳче"га жамоасига қарши баҳс олиб борадиган бўлди.
"Локомотив" жамоаси футболчиларидан бири Роман Шишкин қуръада "Фенербаҳче" тушиши кутилган энг яхши вариант бўлмагани ҳақида айтиб ўтди. У бу жамоани енгиш мумкинлигини қўшимча қилган.
"Бошқа жамоа рақиб бўлгани яхши эди. Лекин "Фенербаҳче" ҳам ёмон вариант эмас. Биз туркларнинг қандай футбол ўйнашини биламиз. Улардан ўта оламиз. Биз бунга тайёрмиз", дейди футболчи "Матч ТВ" телеканали эфири орқали.
"Туркия футболи ҳужумкор ўйинга асосланган. Биз бундан фойдаланишимиз ва қарши ҳужумларда рақибни ушлашимиз керак бўлади", дея қўшимча қилган у.
Бундан олдинроқ, Россия Футбол иттифоқининг фахрий президенти Вячеслав Колосков бу вазият юзасидан фикрларини билдириб, УЕФА Туркия ва Россия ўртасидаги мавжуд сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда бу икки жамоани бир-бирига учраштирмасликнинг чорасини қилиши керак бўлгани ҳақида айтганди.