“Чемпион плюс” радиоканалини яна тиклаб олдик. Телефон рақамимизни яхши биласиз, унга қўнғироқ қилиб, футболга оид қўшиқларни буюртма қилишингиз мумкин. Ия, мана биринчи қўнғироқ ҳам бўлди. Демак, “Талабларига биноан” деб номлангич эшиттиришимизнинг янги сонини тингланг, азизлар!
Дастлаб терма жамоамизга оид қўшиқларни тартиблаб оламиз.
Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги ўртоқлик ўйинини кўришга ошиққан ишқибозларнинг талабларига биноан:
“Балким қуёш кулар эртага,
Очилади гуллар эртага,
Нима бўлса бўлар эртага,
Сени бугун кўрмасам бўлмас!”
Бабаян бош мураббий бўлгач, “Пахтакор” жамоаси мухлислари томонидан энг кўп сўралаётган қўшиқ:
“Замон, замон, бизнинг замон, даврон бизники!”
Самвелнинг ўзи эса, Охужон Мадалиевдан битта бўлсин, дебди:
“Қабринг узра тўксалар ҳам ёш,
Хато қилишингни кутарлар!”
Самвел Бабаяннинг терма жамоадаги натижаларидан ҳайратланган бир мухлисимиз ҳам Шерали Жўраевдан қўшиқ сўраган экан, қўйиб берамиз, марҳамат (бу қўшиқ терма жамоа котибларига ҳам бағишланади):
“Котибу давру рақам,
Аввалгиларга ўхшамас…”
Терма жамоа таркибида ўйнамаётган бўлса-да, ўрни билинаётган Максим Шацкихнинг талабига биноан:
“Унутмоқ осонмас бизларни!”
Терма жамоа дарвозасини қўриқлаётган ва баъзи эътироз билдираётган мухлисларга жавобан Лобанов ҳам бир қўшиқ сўраган экан, қўйиб берамиз:
“Мардлар қўриқлайди ватанни!”
Терма жамоада ўз ҳолатини кўрган Сервер Жепаровнинг талабига биноан:
“Болалигим, сени соғиндим!”
Миллий чемпионатимизга ҳам навбат берайлиг-а?! Марҳамат. Чемпионликни соғиниб қолган “Бунёдкор” жамоаси футболчиларининг талабига биноан:
“Нечун йироқлаб кетдинг,
Яна соғиндим, яна!
Кеча бағримда эдинг,
Яна соғиндим яна!”
“Нефтчи” жамоаси мухлислари талабига биноан:
“Умр ўтар, вақт ўтар,
хонлар ўтар, тахт ўтар,
лекин ҳеч чиқмас ёдимдан, ёдимдан…
сенинг кулишларинг… чемпион бўлишларинг…!”
Вадим Абрамовнинг талабига биноан:
“Кетишимни кутганларам бо-о-ор,
Синишимни соғинди кимлар…”
“Навбаҳор” жамоаси мухлислари талабига биноан:
“Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,
Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг?!”
Бу хитобга жавобан “Навбаҳор” жамоаси мутасаддилари ҳам биздан қўшиқ сўраган эдилар, қўйиб берамиз, марҳамат:
“Мени кутгил ва мен қайтарман…”
Чемпионлик сари хотиржам одимлаётган “Насаф” мухлислари клуб автобусига мурожаат этилган қўшиқни сўрашибди:
“Эй сорбон, охиста юр, ороми жоним борадур!”
Бир “Пахтакор”да, бир “Локомотив” жамоасида тўп сурган кўпгина футболчиларнинг талабига биноан:
“Қўйнимда бир ёру, кўнглимда бир ёр!”
Бу йили умуман бошқа натижаларни кутган “Динамо-Самарқанд” мухлислари ҳам ўзларига тегишли қўшиқ сўрашибди:
“Берган ваъдаларинг ёлғонму, жоним?!”
Телевизорда интервью бериб қўйиб, кейин биринчи лигадан “тасодифан” чиқа олмаган “Оқ тепа” жамоаси раҳбари Ғанишер аканинг талабига биноан:
“Адашдим!”
“Пахтакор” ҳамда “Металлург” баҳсининг сўнгги дақиқаларида қўнғироқлашган мутасаддиларнинг (исмлари сир сақланишини сўрашган, узр:) талабига биноан
“Кел, бугун кўришамиз,
Шошил фурсат ўтмасдан,
Кун охирга етмасдан…”
Фарҳод Тожиевнинг талабига биноан:
“Барча гўзаллардан ўзинг, Шириним!”
Дастуримиз орқали жаҳон майдонларига ҳам назар ташлаймиз.
Охирги пайтда қийин аҳволда қолган Рафа Бенитес ўз дардларини изҳор қилувчи қўшиқ сўраган эди, биз унга Озод Назарбеков репертуаридан бир қўшиқни топдик. Бенитес футболчиларга қарата айтаётган қўшиқ деб қабул айлагайсиз:
“Мени севиб қолсайдинг!”
Эл класикодаги шармандали мағлубиятдан сўнг, қироллик клуби Испания кубогидан ҳам чиқиб кетишди. Довдирларча амалга оширилган ишдан сўнг, Черишев ҳам дастуримизга қўнғироқ қилди. Унинг сўраган қўшиғи эса –
“Майли, телба денглар, майли, девона…”
“Олтин тўп”ни топшириш маросимидан олдин Криштиану Роналдуга ҳам қўшиқ керак бўлади. КриРонинг талабига биноан:
“Йиғлаган мен бўлдим, кулган ўзгалар!”
Роналдунинг Ирина Шейкка аталган талабини ҳам қондирамиз. Марҳамат:
“Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида
Сунбул сочларини тараб ўрган қиз…”
Португалиялик юлдузнинг ҳар куни эшитиб юрадиган қўшиғи бор экан. Уни ҳам мухлисларга тортиқ эшитимизни сўраб, мурожаат қилган эди. Тоҳир Маҳкамовнинг суперқўшиғи:
“Мен ўзимни севаман,
Менга ўзим ёқади.
Энди менга барибир
Ким қанақа боқади…”
Златан Иброҳимовичнинг талабига биноан:
“Ахир, мен биттаман, ягона, ёлғиз!”
Дастуримиз ҳам поёнига етиб қолди. Охирида Моуриньонинг талабини ҳам қондириб кетсак, а, нима дедингиз? Маур биздан баланд овозда бир қўшиқни қўйиб беришимизни сўраган. Сиз ҳам ўша қўшиқни эшитинг-да, амал қилинг!
“Жим туринг! ШовқиНланманг!”
“Чемпион” газетаси.