Осиё бокс конфедерацияси 2015 йил якунлари бўйича қитъанинг энг яхшиларини эълон қилди. “Best Asians 2015 winners” номинациясидаги тақдирлаш маросими 2012 йилдан бери ўтказиб келинади. Бу галги тақдирлашда 15та номинацияда ғолиблар аниқланиб, улар орасида бир йўла икки ҳамюртимиз ўз йўналишларида Осиёнинг энг яхшиси деб топилишди.
Ўзбекистон терма жамоасининг энг ёш аъзоси Бектемир Мелиқўзиев ҳамда терма жамоа бош мураббийи Рустам Саидов мос равишда 2015 йилнинг Осиёдаги энг яхши боксчиси ва мураббийи сифатида эътироф этилишди.
Осиёнинг 2015 йилги энг яхши боксчиси Бектемир Мелиқўзиев ёш бўлишига қарамай, 2014 йили Осиё чемпиони, ўсмирлар ўртасидаги Нанкин Олимпиадаси ғолиби, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Бу йил Қатарда ўтказилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш, Осиё чемпионатида эса олтин медалга сазовор бўлди. Бу билан Бектемир Рио-2016 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди.
Рустам Саидов эса шу йил Ўзбекистон катталар бокс терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланган эди. Сидней-2000 Олимпиадаси совриндори бўлган Саидов қисқа фурсатда терма жамоанинг муваффақиятига катта хисса қўша олди.