ЕЧЛда «Зенит»нинг муваффақиятли иштирокига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ҳужумчи Россияда «йил жентльмени» унвонига лойиқ топилди. Тақдирлаш маросимини олиб борган Отар Кушанашвили билан Sovsport.ru сайти шарҳловчиси Евгений Ловчев Дзюбага ажойиб смокингни топширишгач, ғолиб қаршисида чўккалаган ҳолда юксак унвон билан муборакбод этишди. Юксак эҳтиром ёш футболчини тўлқинлантириб юборди.
- Ловчев ва Кушанашвили қаршингизда тиз чўкиб, таъзим бажо айлаганларида қандай ҳиссиётларни бошдан кечирдингиз? Хижолатми ёки фахр?
- Ҳангу-манг бўлиб қолдим. Мен ҳам чўккаламоқчи эдим.
- Евгений Серафимович бундай қилмаганингиздан ҳайрон бўлганини табассум билан таъкидлади.
- Аслида, шундай қилмоқчи эдим. Лекин уларни ўринларидан турғазиб қўйишни афзал билдим. Обрўли шахсларни шундай ҳолатда қолдириш одобдан эмас.
- Сизнинг нуфузингиз ҳам чакки эмас.
- Улардек машҳурлик даражасига кўтарилишим учун анча меҳнат қилишим керак.
- Одатда, «капалаклар» кўпроқ дарвозабонларга ярашади. Уларга қандай муносабатдасиз?
- Уларни «тақиш» дарвозабонлардан кўра, мен учун ёқимлироқ. Аввал ҳам бир неча марта «капалак» тақишимга тўғри келган. Очиғи, бу каби олифтагарчиликка тобим йўқроқ - ташқи кўринишга ўзгача кўрк бағишласада, дидимга мос либос эмас.
- Смокингда аввал ҳам юрганмисиз?
- Ҳа. Яқинда касбдошларим - Игорь Смольников ва Олег Шатовнинг турмуш ўртоқлари хайрия оқшомини ташкил этиб, мени ҳам таклиф қилишди. Мураббийлар штаби, барча футболчилар башанг костюмларда эдилар. Ҳатто шахсан Леонид Слуцкий ҳам ташриф буюрди. Улардан ажралиб қолмаслик учун смокинг билан «капалак» харид қилишга тўғри келди. Хуллас, олифталикни ўрнига қўйдим. Энди башанг костюмим биттага кўпайди.
- «Капалак» - смокингнинг кўрки, чандиқ - эркакнинг кўрки! Кўзингиз остидаги чандиқ қаердан келди? «Гент»га қарши ўйиндан эсдаликми?
- Йўқ, ўйин арафасидаги машғулот пайтида Нико Ломбертс билан тўқнашиб кетдим. Афтидан, бу йигит «Гент»да тарбия олган кўринади. Балки мени барвақтроқ сафдан чиқармоқчи бўлгандир? Ҳазил, албатта. Футболда бундай ҳодисалар учраб туради.
- Қолаверса, жентльменлар ўч олмайдилар!
- Хуллас, мен уни кечирдим (кулади).
- Дзюбанинг жентльменлигини «Зенит»дагилар қандай қабул қилишди?
- Табриклашди. Баҳонада анча кулишиб олдик. «Жентльмен», «митти жентльменча» деганлар ҳам бўлди. Қисқаси, ҳаммаси жойида.
- Болалигингизда ота-онангиз билан истиқомат қилган Москвадаги коммунал хонадонни ёдга олдингиз. Шундай қашшоқ гўшадан Россия футболининг жентльмени чиқади деб ким ҳам ўйлабди, дейсиз?
- Ҳа, футбол билан ҳар ерда, ҳар қандай шароитда шуғулланганман. Айримлар ойимга «Ўғлингизни бахтли болаликдан маҳрум этяпсиз», қабилидаги таъналарни айтишган. Бироқ вақт ота-онамнинг тўғри йўл тутганларини исботлади. Отам полицияда ишлашига қарамай, кўпроқ мен билан шуғулланарди. Бунинг учун турли жазоларга дучор бўлган. Лекин менинг ўйинларимда доимо ёнимда турди.
- Ҳозир ўзларини қандай ҳис қилишяпти?
- Албатта, ҳозирда улардан бахтли инсонларни топиш мушкул. Отам ҳам, онам ҳам бугунги тантанада қувончимга шерик бўлишни жуда-жуда орзу қилишганди. Аммо бу ерга кела олишмади...
С.РАҲМОНОВ тайёрлади