«Ривер Плейт» президенти Родольфо Д'Онофрио Токио аэропортида аргентиналик мухлислар томонидан Лионель Месси ва унинг жамоадошларига нисбатан амалга оширилган ножўя хатти-ҳаракат борасида ўз фикрини билдириб ўтди.
У мухлисларнинг ҳаракатини кескин танқид остига олган.
«Аҳмоқлар ҳамиша ва ҳамма жойда топилади. Месси эса ҳақиқий жентьлмен. У гол ургач, дарҳол қўлини узр сўраш маъносида юқори кўтарди. У билан гаплашганимда, у болалигида бизнинг жамоамизда ўйнамоқчи бўлгани ҳақида айтиб берганди», дейди Родольфо Д'Онофрио.
«Барселона» 20 декабрь куни клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида Аргентинанинг «Ривер Плейт» жамоаси билан учрашди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қилди.
Ўйиндаги голлардан бири аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси ҳисобига ёзилди.
Каталонияликлар Япониядан қайтишда, Токио аэропортида «Ривер Плейт» мухлислари ҳужумига учрашди. Аргентиналик мухлислар «Барселона» футболчиларини ҳақорат қилишган ва Лионель Мессига қарата тупуришган.
Тортишув «Барселона» бош мураббийи Луис Энрике ва «Ривер Плейт» жамоасининг собиқ футболчиси Хавьер Маскерано аралашуви эвазига тўхтатилган.