"Реал" жамоаси "Челси"нинг испаниялик ярим ҳимоячиси Сеск Фабрегасга қизиқиш билдирмоқда. fichajes.com нашрида ёзилишича, 28 ёшли бу хавбекни "Реал" бош мураббийи Рафаэль Бенитес жамоага олиб келиш учун жиддий ҳаракат қилмоқда.
2010 йилги жаҳон чемпиони 2014 йилда "Реал"нинг ашаддий рақиби "Барселона" сафидан "Челси"га ўтганди. Фабрегас футбол оламида Лондоннинг бошқа бир жамоаси "Арсенал" сафидаги иштироки билан танилганди.
Норасмий манбаларга кўра, бу футболчининг трансфер қиймати 50 миллион еврони ташкил қилади. Унинг "Челси" билан амалдаги шартномаси 2019 йилнинг 30 июнига қадар тузилган.
Фабрегаснинг Англиядан кетиш қарорини қабул қилишида "Челси" мухлисларининг унга бўлган ёмон муносабати муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Мухлислар у ва бошқа бир испаниялик футболчи Диего Костани Жозе Моуриньонинг "Челси"дан бўшатилишидаги асосий сабабчилар сифатида кўришиб, уларга норозиликларини кескин тарзда (ҳуштакбозликлар) ифодалашмоқда.
Маълумот учун, Фабрегас "Челси"даги илк мавсумида 34 ўйин ўтказиб, 3та гол урган ва 19та голли узатма муаллифи бўлганди. Жорий мавсумда эса у кутилган натижаларни қайд этмади - 17та ўйинда 2та голли пас.