Бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Боку шаҳрида Озарбайжонда хизмат кўрсатган мураббий Аббас Агаларов хотирасига бағишланган халқаро турнирда иштирок этиб қайтишди.
Мазкур мусобақада Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Грузия, Россия, Туркманистон, Исроил ва Ирландиядан ташриф буюрган 1997-1998 йилларда туғилган 74 спортчи 10 вазн тоифасида ғолиблик учун рингга кўтарилдилар.
Вакилларимиздан Отабек Холматов (-49 кг.) финалда қозоғистонлик Василий Самчукни 3:0, Улуғбек Собиров (-69 кг.) мезбон Парвиз Гулиевни (3:0), Шохруҳ Раҳимов (-91 кг.) Оталап Рахмановни (3:0) мағлуб этиб, турнирнинг олтин медаллари билан тақдирланди.
Шунингдек, Шунқор Абдурасулов (-56 кг.) кумуш ва Раҳматулла Қўзиев (-52 кг.) ва Жамшиджон Абдуллаев (-81 кг.) бронза медалларини қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида Қозоғистон боксчилари биринчи, терма жамоамиз иккинчи ва Озарбайжон термаси учинчи ўринни қўлга киритди.